ИШЧИЛАР ОЙЛИК МАОШЛАРИНИ ВАҚТИДА ОЛОЛМАЯПТИЛАР

ВАЛЕРИЙ НАЗАРОВ

Валерий НАЗАРОВ

 

“Жанубгазқурилиш” корхонасининг Урганч шаҳридаги бўлимида кўплаб ишчилар ойлик маошларини вақтида ололмаяптилар.  Шу ишчилардан бир гуруҳининг маълум қилишича, мазкур корхонада 3000 нафарга яқин турли вазифаларни бажарувчи ходимлар ишлар экан. Уларнинг кўпчилиги асосан узоқ масофалардаги объектларда доимий хизмат сафарида бўлиб, зиммаларидаги вазифани бажаришади. Уларга штат жадвалига қараб муайян миқдордаги ойлик маошлари белгиланган. Аммо маошлар вақтида берилмайди. Уч, беш ой, ҳатто ярим йилгача маош ололмай қолиш мумкин. Бу ҳол кўпдан бери давом этиб келмоқда.

 

Ишчиларнинг айтишича, бу сафарги чўзилиш 2011 йилнинг октябрь ойидан буён давом этиб келаяпти. Бугунги жаҳонда кризислар юз бераётган даврда ижтимоий ҳаётда катта қийинчиликлар юзага келаяпти. Оилаларни боқиш муаммога айланаяпти. Шундай бир оғир даврда фуқаролар ойлик маошларини вақтида ололмаслиги дард устига чипқондек бўлмоқда. Хизмат сафарида юрган жойидан корхона офисига қайта-қайта келиб кетиб,  маош сўрайвериш, ортиқча овворагарчиликдан бошқа нарса эмас.

 

Ишчилар ойлик маошини сўраганларида уларга, корхонанинг банкдаги ҳисоб рақамида пул йўқлиги, баҳона қилинади. “Турли объектларда “Жанубгазқурилиш”нинг қурилиш, таъмир ишлари кетаяпти. Шунга давлат томонидан, корхона ва ташкилотлардан, аҳолининг чўнтагидан маблағлар ажратилаяпти. Шу даромадлар қаёққа кетаяпти? Ахир “Жанубгазқурилиш” республиканинг бой корхоналардан бири саналади-ку! Наҳотки унинг ҳисоб рақамида ойлик маоши учун пул йўқлиги рост бўлса?” – демоқда ойликсиз қийналаётган ишчилар.

 

Уларнинг фикрича, корхонадаги офис ва бухгалтерия ходимлари маошларини вақтида олар эканлар. Айрим ишчилар бу тенгсизлик ҳақида юқори ташкилотларга шикоят қилмоқчи бўлиб кўрганлар. Лекин маълум бўлганки, кимки ойлик маоши юзасидан қайсидир идорага шикоят қилса, унинг ковуши тўғриланиб, ишдан ҳайдалади, ёки унга амалдорлар томонидан  бошқа бир тазйиқ ўтказилади.

 

Ойлик маоши вақтида берилмаслиги муаммоси Хоразм вилоятидаги бошқа катта корхоналарда ҳам мавжудлиги айтилмоқда. Касаба уюшмалари ташкилоти бунга бефарқ. Ваҳоланки, бу ташкилот халқ хўжалигининг барча тармоқлари билан келишувлар, шартномалар тузган ва аъзоларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиши қонунан белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 161-моддаси асосан меҳнатга ҳақ тўлашнинг ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлмаслиги керак ва иш ҳақини ўз вақтида тўланиши учун муассаса раҳбари шахсан жавобгардир.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares