ЯШАШ УЧУН КУРАШ ТОЖИК ЙИГИТЛАРИНИ ЖИНОЯТГА УНДАМОҚДА

 

 

Бахтиёр Маҳмудов

Бугунги кузатишлар ва фактлар, охирги пайтларда тожик йигитларининг бирдан бир дарди фақат кун кўриш, оиласини боқиш бўлиб қолаётганлигини кўрсатмоқда. Яқин хориж мамлакатларига ишга бориб келган хоразмликларнинг ҳикоясига кўра, у ерларда йиллар давомида уйига келолмай,   ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари нигоҳидан яшриниб, зўрға нон топиб юрган тожиклар кўпчиликни ташкил қилар экан. Шунингдек, Россия Федерацияси ва Болтик бўйи давлатларида юрган тожик муҳожирлари ватанига қайтиш чоғида пул топиш илинжида турли ноқонуний юкларни ўзлари билан олиб ўтишга мажбур бўлишмокда. Қуйидаги фактлар ана шундан далолат беради.

 

Қорақалпоғистон Республикасининг 4-сонли «Довуд ота» божхона пости тезкор вакили Саъдулла Толибжоновнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг чегара ва божхона ҳудудларида ҳарбий назоратни кучайтириши оқибатида контрабанда юклари билан тушаётган фуқаролар сони ортиб бормоқда. Жумладан, 2012 йилнинг 18 феврал куни «Нукус» ТИФ божхона постида ўтказилган назорат вақтида Тожикистоннинг «Мичгоно» акциядорлик компаниясига тегишли «Волво» русумли автомашина текширилганида РФ дан Тожикистонга олиб ўтилаётган кўп микдордаги ҳужжатсиз ноқонуний юклар топилиб, уларнинг таркибида жами 400 миллион сўмлик турли номдаги дори-дармонлар, парфюмерия ва халқ истеъмоли моллари мавжудлиги аниқланган.

“Тожик муҳожирлари назоратчиларга россиялик иш буюрувчилар томонидан берилган қалбаки йўл варақасини тақдим қилишди. Ҳужжатлар қалбакилиги сабабли  юкларни вақтинча ушлаб туриш маълум қилинганида улар ушбу қоғозлар билан Қозоғистон ҳудудидан бемалол ўтиб келишганини айтиб, ўзбек чегарачиларига ҳам қозоқ назоратчиларига берилгани каби 100-150 минг сўм атрофида пул – пора таклиф қилишганида ҳақиқат  юзага чиқди”, дейди Саъдулла Толибжонов.

Тақдим қилинган ҳужжатда ушбу юклар Россия Федерациясининг Доғистон Республикаси Хасавюрт шахри Тотурбаев кўчаси 88-уйда жойлашган «Трансформа» корхонасига алоқадорлиги ва юклар Тожикистон Республикасининг Истаравшон шаҳри Х.Мухторов кўчаси 33-уйда жойлашган «Мичгоно» акциядорлик жамиятига олиб ўтилаётгани баён этилган. Суҳбатдошга кўра, юкларни кўздан кечириш жараёнида уларнинг таркибидаги тиббий ҳужжатларсиз қўлбола усулда тайёрланган дори-дармонлар ва парфюмерия маҳсулотлари орасида кўп миқдорда гиёҳвандлик моддаларига ишлов беришда фойдаланиладиган кимёвий эритмалар ва психотроп моддалар борлиги маълум бўлган.       

Яширин цехда тайёрланган, сертификат ва бошқа ҳужжатлари йўқ бўлган мазкур товарларнинг миқдори қуйидагича бўлган:  1,9 миллион сўмлик 3 мингга яқин «Фиточай» чойи, 2,2 миллион сўмлик 1,1 минг дона «Агафия» шампуни, 1,3 миллион сўмлик 1,3 мингга яқин «Бархатные ручки» креми, 365 миллион сўмлик 36 хил турдаги 125 минг дона дори дармон. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган ва юклар экспертизага юборилган.

 

Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares