Йил фасллари ичида энг гўзали бу Баҳор фасли десак, кўпчилик фикримизга қўшилса керак. Ана шу гўзал фаслнинг илк кунларида юртимизда мунис ва меҳрибон оналаримиз, латофатли ва иболи хотин-қизларимизнинг байрамини кенг тантана қиламиз. 8 март айёмини ҳамма-ҳамма кексаю-ёш интиқиб кутади. Йилда бир маротаба нишонланадиган ана шу байрам куни кимдир онажонига, яна кимдир севимли ёрига, яна биров опасию-синглисига илиқ сўзлар айтиб, совғалар улашади.
Биз ҳам ана шундай қутлуғ кунда барча хотин-қизларни, улар қаторида осон бўлмаган бир пайтда “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати сафида туриб, жонкуярлик ва жонбозлик кўрсатаётган опа-сингилларимизни ушбу айём билан қизғин муборакбод этамиз. Уларга мустаҳкам соғлик, оилаларига тўкин-сочинлик тилаб қоламиз.
Биласизми, аслида бизни дунёга келтирган мушфиқ онажонларимизни, севимли фарзандларнинг ёруғ оламга келишига сабабчи бўлган рафиқаларимизни, меҳрибон опа-сингилларимизни ҳар куни қутлаш керак. Чунки улар бунга арзийдилар.
Аёл бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратади, дейдилар. Бу исбот талаб қилмас ҳақиқат. Не-не зотлар ҳам ўз оналари олдида мудом таъзимда бўлишган.
Биз ҳам олдингизда бош эгамиз ва доимо таъзимдамиз, азиз хотин-қизлар, опа-сингиллар!!!
Қутлуғ айём муборак! Бахтимизга ҳамиша соғ-омон бўлинг!!!
Бирдамлик Халқ демократик ҳаракати




