Ўлкамизда яна байрамларга бой баҳор! Ҳаш-паш дегунча Кўкламойга қўшилиб мана, 8-март –Халқаро хотин қизлар айёми ҳам эшик қоқиб турибди.
Айём баҳона-ю сабаб “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати бошқаруви Ўзбекистон бўлимининг фидойи, фаол аёллларини яна бир бор байрам дастурхони атрофига жамлади.
Зеро ушбу ширин дийдордан муддао нафақат ўйнаб-кулишгина эмас, булғуси ишлар, кейинги режалар хусусида юзма-юз суҳбатлашиш, бир тану бир жон бўлиб, бамаслаҳат иш юритишга қаратилганлиги билан аҳамиятли, ниҳоятда муҳим.
Тадбирга ташриф буюрган маслакдошлар бир-бирларининг суҳбатига қонмасди. Кимдир ўз фаолияти хусусида қизғин сўз очса, яна кимдир тажриба алмашишга чақирди.
Байрам тадбири Ҳаракатнинг Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Владимир Хусаиновнинг таваллуд айёми тантанасига уланиб кетди.
Ҳаракатнинг Ўзбекистон бўлими раҳбари дастурхон атрофига йиғилган оловқалб аёлларни 8 март байрами билан самимий қутлар экан, гулгун чеҳра аёллар қаторида В. Хусаиновга ҳам “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати бошқарувининг туҳфаларини тортиқ қилди.
8-март баҳона жам бўлган дўстлар учрашуви узоқ давом этди. Давра қизиғандан қизиди. Энг муҳими “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати вилоят бўлими фаолларининг – аёлларимизнинг диллари баҳор қуёшидек кулиб, уйларига бетакрор таассуротлар билан қайтишди.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот маркази.




