ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ИСЛОМ КАРИМОВГА ТИЛ ТЕККИЗМАНГ: МОЛИНГИЗ ВА ЖОНИНГИЗДАН ТАВОН ТЎЛАЙСИЗ!!!!

Ҳасан Чориев

Маълумки, Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи  Ҳасан бобо Чориевнинг кўп сонли қорамолини, яъни чорвачилик фермасини светдан қарз деган баҳонада ҳукуматнинг ИИБ ҳодимлари кўмагида тунашганди.

Ўз-ўзидан маълумки, иш судга оширилганди. «Мол аччиғи – жон аччиғи» деганларидек, бор будидан жўдо бўлган Ҳасан бобо Чориевнинг тоби қочиб қолди. Аммо Ҳукумат бунга қаъноат қилишни истамади. Ҳ. Чориевнинг чорвачилик фермасигага тегишли чорвани давлат ҳисобига ўндириш мақсадида Ўзбекистон тарихида илк маротаба Ҳукумат   Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг сайёр мажлисини ўтқазишга азм қилдилар.

Даставвал Қамаши туман ИИБ  бўлими бошлиғининг ўндан ортиқ навкарлари Ҳасан бобо Чориевнинг Шахрисабз туманидаги  ҳонадонини ишғол қилди.  Яъниким, отахон ҳонадони қўршов ичида қолди. ИИБнинг ҳукуматга содиқ мулозимлари Чориевлар ҳонадонидан бирор кимсанинг чиқишига ҳам, ташқаридан бирор яқин қариндошнинг отахон ҳолидан хабар олиш учун киришига ҳам изин беришмади. Гапнинг индаллоси, Ҳасан бобонинг ўз уйида, газ ва светсизликнинг азобидан бир тўшак бўлиб ётганидан, тўшакка михланганидан хабар топган ИИБнинг содиқ навкарлари шу ондаёқ келишилган тадбирга кўра Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг судьясини мобил қўнғироқ орқали Шахрисабзга, Чориевлар ҳонадонига чорладилар. Ҳукуматнинг бир талай миршаблари ташрифидан қон босими кўтарилиб, юрак ҳўружи тутган Ҳасан бобога келинлари тез тиббий ёрдам чақиришга мажбур бўлишди. Буни қарангки, ҳудди келишилгандек, қози жаноблари билан тез ёрдам машинаси олдинма -кейин отахоннинг ҳонадонига ташриф буюришди. Тез тиббий ёрдам машинасининг ташрифидан шошиб колган ҚОЗИКАЛОН 5 эмас, бор йўғи 3 дақиқада суд  ҲУКМИНИ ўқиб, эълон қилиб қўя қолди. Кейин қалин «папка»сини қўлтиклаб олиб, хайир-маъзурни насия қилди. Бетоб ётган Ҳасан бобонинг қўлоғига чалингани шу «Биздан гина қилманг, бобой. Тепадан приказ бор. Ишингизни тезда бирёқлик қилмасак бўлмайди! Ўн кундан кейин суд ҳукмини ва ажримни олишингиз мумкин!».  Гап нима ҳакида кетди, отахон билмайди..Ҳасан бобо гўё алаҳсираётган одамдек, қозилару, Қамаши туман ИИБ раҳбарларининг жамолини гўё тўшида кўргандек бўлиб қолди.

Қиссадан ҳисса шуки, Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг сайёр суди деб аталмиш навбатдаги спектакилидан муддао, Ҳасан Чориев раҳбарлигидаги чорвачилик фермасига тегишли чорвани енг учида Ҳукумат фойдасига мусодара қилиш, очиқроқ  қилиб айтганда, талончиликдан иборат эди. Ўйлашимизча, Ҳукуматнинг «замонавий қароқчилар»и ўз муддаоларига етишди, муродлари хосил бўлиб, изларига қайтишди. У эмас бу эмас, қўйингчи, Ҳасан ота Чориев Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга «Озодлик» радиоси орқали тил теккизгани учун шу кеча кундузда моли ва жони ҳисобидан тавон тўламокда. Воқеалар ривожини кўзатамиз.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares