
Пахтакор туманида яшовчи Дилором Йўлдошева бизга шикоят билан мурожаат қилди. Унинг ёзма тушунтиришича, икки нафар вояга етмаган боласи бор. Турмуш ўртоғи бундан 6 йил муқаддам дунёдан ўтган. 56 минг сўм нафақка олади. Ҳозирги яшаб турган уйида 15 йилдан буён яшаб келади. 2000 йили туман ҳокимининг ўринбосари Анвар Саломовдан ўзининг номига яшаш учун ордер олган. Ҳозирги кунда ўша ордер қариндошларининг бирида эканлигини, у эса исботлай олмайсан, деб бермаяпти. Шу боис у ордердан дубликат беришларини сўраб А.Саломовга бир неча бор мурожаат қилган.
Бироқ туман ҳокими ўринбосари ордердан дубликат бермаган ва Дилоромнинг қўлидаги ордерини йўқотганлигидан фойдаланиб, бошқа бир аёлга иккинчи ордерни ёзиб берган. Дилором ҳозирги кунда судма-суд сарсон бўлиб юрибди. Дилором Йўлдошевага тегишли булган ордерни қариндошидан олиб беришларини сўраб, Пахтакор туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари А. Жаҳоновга мурожаат қилдик. Ва ИИБ ходимларининг ёрдамида Дилором ўзига тегишли бўлган уй ордерини қўлига олди. Пахтакор туман ҳокимлигининг айби билан бундай сарсон юрганлар бугун кўплаб топилади.
Ҳақли савол туғилади. Битта уйга икки кишига ордер ёзиб берилиши бу жиноят эмасми? Бундай ноҳакликка учраганларнинг бири Нуринисо Холбоева А. Саломовнинг устидан арз қилиб борганида А.Саломовнинг раҳнамоси ва суянган тоғи бўлган туман ҳокими Э. А. Солиев одамларни эшитиш ўрнига: «Бу ерда шантажчилик қилма. Чиқиб кет. Хонамни бўшатиб қўй. Менга деса, президентинг- га бормайсанми?» дея жавоб қилган. Ўзбекистон қонунларини ҳам, президентини ҳам тан олмаётган Пахтакор туман ҳокими Э. Солиевнинг бундай ҳимоясидан кейин албатта А.Саломов албатта руҳланадида! Бундай ҳаракат қилаётган А.Саломовнинг пора олмаганлигига ким кафолат беради?
Саида ҚУРБОН.
Жиззах. Пахтакор тумани.
17.02. 2012 йил.



