ЎЗБЕКИСТОН: БОҒЧАЛАРДА СОН БОРУ, БОЛА ЙЎҚ….

  

                         (Қишлоқ боғча  мудирасининг ҳасратлари)

 

         Эй, шу қишлоқ боғчасида ишлаш ҳам жонга тегиб кетди. Қани эди, имконим бўлса, Тошкентларга бош олиб кетсам, дейман. Зора пойтахтда ҳақиқат бўлса, деб орзу қиламан.  Фақат, нега энди деб сўраманг. Ҳасрат дафтаримни оча кўрманг, бир очилса, ёпилмайди, дийдиёларим  тугай демайди. Эҳ, нимасини айтасиз, ишимизнинг турган битгани “криминал”. Раҳбарларнинг йўриғига юраман деб, бир кун қия бўлиб кетмасам, гўргайди  деб қўрқаман.

                    Бир қишлоқнинг гадой топмас жойидаги боғчага мудира қилиб қўйишган. Атрофдаги қишлоқларда истиқомат қилаётган  барча аёллар деярли ишсиз. Шу сабабли болаларини боғчага беришга ҳам ҳожат йўқ. Қолаверса, битта болачи учун ота-она  боғчага 50 000 ( эллик минг) сўм бадал тўлаши ҳам керак. Аммо қишлоқ кишиларида қани ўша пул? Хуллас, ишсизлиги учунми, ё бадалидан қочибми, ҳеч ким боласини боғчага берай демайди. Бироқ менинг боғчам 150 ўринга мўлжалланган. Менда эса нари борса, 50-60 та бола бор, холос. Тепадан эса “план” сўрашади. Боғчани бола билан бойит дейишади. 150 ўринли боғчада камида 100-120 нафар бола бўлиши керак. Менинг қўлимдан нимаям келарди. “Нега болангни боғчага бермайсан? Зудлик билан болангни  боғчага топшир” деб оналарнинг юзига шапалоқ тортайми?  Нима қилай? Бола йўқ, тамом-вассалом.  “План”ни дўндириш учун эса нима қилиш керак? Қўшиб ёзиш керак! Не қилай, осмон узоқ, ер қаттиқ. Дод деб қайга борай? Ё қўшиб ёзишим керак, ёки ўрнимни қўшиб ёзиш қўлидан келадиган бошқа бирига бўшатиб беришим керак, бошқа йўл йўқ. Туманимизда шу соҳада ўқиб, ишсизликдан, дипломини қучоқлаб ўтирганлар қанча?  Қўшиб ёзишдан бош тортгудек бўлсам,  қишлоғимизнинг бошқа аёллари каби ишсиз, чақасиз қолишим тайин. Шу сабаб 60 та боланинг сонини икки ҳисса кўпайтириб, 120 нафар деб кўрсатишга мажбурман. Нима, бу каби кўзбўямачиликни фақат биргина мени қилади деб ўйлайсизми? Адашасиз. Туманимиздаги, ҳатто бошқа тунманлардаги барча қишлоқ боғча мудиралари шу йўлни тутишади. Шу сабаб омон қолишади.  Мен ана шу  кўпнинг бириман, холос. Аслида йўқ болани бор деб кўрсатганимиздан кейинги томошани кўринг: 60 та сони бору, ўзи йўқ бола учун ота-оналар томонидан ҳар ой боғчага берилиши лозим бўлган 50 000 ( эллик минг) сўм бир ойда қанча бўлади? Мана, 50 минг сўмни 60 нафарга бир кўпайтириб кўрингчи? Вой, воууйй, 3000000 ( уч миллон) сўмми? Ҳа, нима деб ўйлагандингиз?  Қўшиб ёзишни билган одам, бу ёғини, молиявий жиҳатини ҳам тўғрилаб қўйиши керак-да! Савил шунча пул ҳар ой кассага кирим бўлиши керакми, ахир? Албатта, керак. Шунча пулни ким кирим қилади кассага? Отам эмас, албатта. Мен.  Менинг бир ойлик маошим ўзи 300 000 ( уч юз минг) сўм эмас-ку?  Ҳар ой шунча пулни  қаердан топаман.   Шу тариқа, хатодан хато туғилаверар экан-да.  Боғчада мавжуд бўлмаган болаларнинг бадал пулини тўлаш учун, топиш учун нима қиламиз биз – боғча опа шўрликлар?  Яна қинғир ишга қўл урамиз. Шунга мажбурмиз. Аслида боғчада электрик ишламайди, аммо штат очиб, электрик “олганмиз”.  Боғчада “сад”нинг ўзи йўқ, аммо “садовник”имиз бор.  Боғча опалар   амалда дейлик, 10 та ишласа, штатда 15 кишини ташкил қилади. Худди шунингдек, ошпазлар, тарбиячиларнинг ёрдамчилари дегандек… Хуллас, ойлик маош ёзиладиган табельда исм-шарифлари бору, амалда йўқ ходимларим бор. 10 нафар.  Имзо қўйиб, маошини олмасдан кетадиган, сотиб қўймайдиган  ишончли одамларни топишнинг ўзи бўларканми? Мана шундай пайтда қуда-андалар, амма-холалар, уларнинг фарзандлари жонига аро киради-да кишининг. “Сени ўзим боғчамга ишга оламан, маош менга, стаж сенга фойда” десам, бўлди, кўп таранг қилмай, рози бўлишади. Штатда, табельда, ведомостьда бору, аслида, бир ойда бир боргина ( у ҳам бўлса,  федомостьга имзо чекиш учунгина) боғчага ташриф буюрадиган  10 нафар “ходим”ларимнинг ҳар бирига ойида 150 000 (бир юз эллик минг) сўмдан  маош ёзган тақдиримда ҳам, бир ойда  боғчадаги қоғозларда  – ҳисоботлардагина мавжуд бўлган болаларнинг тўлаши лозим бўлган 3 миллион бадал пулини қопламайди, етмайди.  Энди нима қилиш керак? “Излаган имкон топар” деб бежиз айтишмаган. Қидира-қидира қаловини топамиз. Қандай қилиб дейсизми?  Боаларга бериладиган “продукта”чи? Оҳ-оҳ-оҳ, боғча болаларига бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари масаласида нечоғлик қаллобликлар борлигини сиз тасаввурингизга ҳам келтира олмайсиз! Шу ўринда, эсингиздан чиқмасин, биз 60 та бола учун эмас, қоғоздаги 120 нафар гўдаклар учун “продукта” оламиз. Гўшт, гуруч, нон, шакар, пахта ёғи, сариёғ, муроббо, картошка, сабзи, пиёз дегандек…  Икки ҳисса кўп. 60 та жонга 120 та болага мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини бериб, буктирмайсиз-ку, тўғрими?  Унда нима қиламиз? Ҳа-аа, яшанг, топдингиз! Пичоқнинг сопини ўзидан чиқарамиз. Яъни, аслида мавжуд бўлмаган қоғоздаги 60 нафар болакайлар учун  бир ойга мўлжаллаб олинган озиқ-овқат маҳсулотларини  сотамиз-да! Нега? Йўқ болаларнинг 3 миллон бадал пулининг-ку бир ярим миллон сўмини  штатдаги “ходимлар” ҳисобидан бир амаллаб ёпадиган бўлдик. Аммо қолган  бир ярим миллионини аммам тўлайдими?  “Продукта” ҳисобига қоплаймиз-да. Шунақа, бўйидан олиб энига урамиз! Ҳар ой шу ҳол такрор, ҳар ой. Баъзан кечалари қўрққанимдан, уйқум қочиб кетади. Эҳҳҳ, қирдикорларимиз шу билан якун топса кошки эди. Ҳозир боғчалар туман молия бўлими тасарруфида.  Халқ таълими тизимида бўлган пайтлари яхши эди. Ҳарҳолда РайОНОдагилар ўқитувчи эмасми, юлғучлик, таъмагирлик бобида баинсоф эди. Ана энди молия бўлимидагилар мисоли наҳанг. Ямламай ютаман деркан. Нафсига ўт тушган экан уларнинг, ўт. Ҳаммаси ҳисоб китобнинг ҳаддини олган одамлар эмасми, барча қишлоқ боғчаларида бўлаётган жамики “қитмирликларимиз”дан аслида бохабар. Ҳаммасини билишади, шунинг учун ҳам ҳар ой “теримизни шилишади”.     Илгари-ку, қишлоқ боғчаларидаги       қўшиб ёзишларимиз учун фақат РайОНО мудиригагина ойига кўкидан 100  – “доля” бериб турардик. Энди емхўрлар сони иккитага кўпайди.  Молия  бўлими бошлиғи ҳам қўшимчага эшимча бўлди. Энди буниси 100 га кўнай демайди. Ўпқон. Ҳар ойда 200  доллар узатиб турмасанг, ётиб, уйқуси келмайди. “Одамнинг айби бўлса, тиззаси қалтирайди” деганлари рост экан. Мудом қўрқиб яшаш жонга тегди. Яна бу раҳбарларнинг нимаси кўп – текшир-текшири кўп. Ҳали прокуратура, ҳали санэпстанция, ҳали КРУ, ҳали “пожарный”, ҳали газета, ҳали телевизору радиодан  дея  келишгани-келишган. Унисига 100 (кўкидан!) бер, бунисига 100$, мухбирга 100$, “ревизор”га 100$, Облонога 100$, КРУга 100 $, 100, 100 ва яна 100 бер! Бер! Бер!  Бер! Фақат БЕР! Бер, берлар бутунам тинкамизни қуритиб юборди. Мениям, боғчамдаги болаларниям.  Қоғоздаги болаларнинг бадал пулини тўлайман деб ҳам энидан, ҳам бўйидан ура-ура, зўрға уддалаганимда, бу бер, берлар нимаси? Қаердан оламан? Ноиложликдан яна болаларнинг ҳаққига қўл чўзаман-да! 60 нафар боланинг қорнини  ҳар куни ёвғон ошу, бир бурда қуруқ нон билан алдаймиз-да, “пичоққа илинадиган” барча “продукта”ларни пуллаймиз: шакар, сариёғ, пахта ёғи, муроббо, картошка, сабзи, пиёз… ҳатто болаларга бериладиган кундалик нонгадовур сотишга тўғри келади. Ҳозир шакар билан ёғнинг базори чаққон. Бозор нархидан озроқ паст айтсак, бир зумда қўлма-қўл бўлиб кетади. Аммо боланинг насибасини очиқ-ойдин сотолмайди-да одам. Шунинг учун биз нима қиламиз? Дейлик, “10 литр пахта ёғи олдик” деб гарчи “накльодной”га ёзиб, имзо чеккан бўлсак-да, аслида баққолдан бу масаллиқларнинг барчасини қабул қилиб олмаймиз. Қолганини сотувчининг ўзи “ўтказиб”, бизга “улушимизни” – масаллиқларнинг пулини беради, холос.

      Ҳа, дарвоқе, сал бўлмаса, хотирамдан кўтарилай дебди, молиядагилар ҳар ой узатиб турганимиз  – 200 доллар “доля”сига қаноат қилишса,  кошки эди! Аммо уларни ўпқон дедим-ку, ЎП-ҚО-ННН!. “Ёб тўймаган ялаб тўярмиди!” деганларидек, яна нима қилишади, денг? Боғчамизга кўпроқ маблағ ажратиш учун “ҳақ” ҳам талаб қилишади. Керак бўлса, “мину”мизни ҳам тузиб беришади. Дейлик, бизнинг боғчага масалан, бир ойда 100 та нон лозим бўлса, улар  180 та деб белгилашади. Ёхуд амалда боғчага бир ойда 50 литр пахта ёғи керак бўлса, қоғозда 100 литр ёғ деб кўрсатишади. Бир ойда, масалан,  30 клограмм шакар сарфлангудек бўлсак, 60 кг деб белгилашади. Биз, мудира шўрликлар эса, молиядагиларга  ҳар ойда берган 200 доллар  “доля”миздан ташқари,  ўша, қоғозларда ошиғи билан кўрсатилган озиқ-овқат  маҳсулотларни  сўзсиз “ҳадя” қилоғимиз шарт. Акс ҳолда, боғчангизнинг  ҳисоб рақами ойлаб  пул кўрмайди.

Янаям ёмони, боғчанинг ҳисоб рақамидаги маблағга бозордан талашиб-тортишиб, арзон нархда озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб ололмайсан.  Бундай ҳуқуқдан барча боғча мудиралари мусавво. Белгилаб қўйилган маълум бир озиқ-овқат фирмасидан, ёхуд  савдо ташкилотидан қиммат нархда харид қилишга мажбурмиз. Бозорда бир кило  пиёз 1000 сўм, биз фирмадан пиёзнинг килосини 3000 сўмдан олишга мажбурмиз. Картошканинг олди бозорда 700 сўм, биз баққоллардан бир кило картошкани 2100 сўмдан  харид қилишимиз шарт. Қўйингчи, барча озиқ-овқат маҳсулотларини молия бўлими бошлиғи белгилаб берган фирмадан заҳардан қимматига сотиб олишимиз лозим. Негалигини биласизми? Чунки ўша савдо фирмалари тумандаги бирор бир арбобга – ё прокурорга, ё қозига, ё молия бўлими бошлиғига, ё ҳокимга тегишли бўлади-да. Э-эййй, сиз сўраманг, мен айтмай.  Хуллас, амалдорлар  “қўйнидан тўкилса, қўнжига” деб ётишибди-да. Бу каби бедодликлардан чарчадим, чарчаб кетдим. Айтинг, нима қилай? Дод деб кимга борай?  Мени жиноят кўчасидан қайтарадиган,  қутқариб қоладиган  кимса бормикин? Топилармикин?  Ўзбекистонничи? Бу каби ботқоқдан ким олиб чиқаркин?

 

                    Қишлоқ боғча мудирасининг ҳасратларини оққа кўчирувчи

             РОСТОНБУВИ

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares