«Бугунги кунда Хоразмда фирибгар шахслар қилмишидан азоб чекаётган фуқаролар сони ортиб бормоқда. Ишламай пул топишни жуда хоҳловчи ёки иш қидириш жонига теккан кимсалар, фирибгарлик, кўзбўямачиликни касб қилиб олмоқдалар, ҳқуқ-тартибот идоралари бу масалага панжа орасидан қарамоқдалар» дейди хоразмлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири.
Қуйида шу ҳуқуқ ҳимоячиси берган маълумотлар қайд қилинади: Урганч тумани “Чоткўпир” қишлоғи “Дўстлик” маҳалласида яшовчи (манзили: 17-уй, 18-хона) Шарифа Эрназарованинг айтишича, шу маҳалла фуқаролари Дармонжон Давлетова ва унинг қизи Ирода Давлетовалар унинг ишончини қозониб, асли хоразмлик, Тошкент шаҳрида яшовчи Йўлдош Давлетовни бошлаб келиб, катта ваъдалар бериб, Шарифанинг олдида воситачилик ролини бажариб, ноқонуний тилхат ёзиб бериб, 2500 АҚШ долларини олиб кетишган.
Кейинчалик алданганини тушунган Шарифа юқоридаги қўшниларини судга беришга қарор қилганини айтган. Фирибгар она-қиз эса Шарифага қўлларида бор бўлган, олиб кетилган пулга арзимайдиган тилла узукларни ташлаб кетишган ва сал ўтмай яқин таниши бўлган милиция ходимини бошлаб келиб, тиллаларни олиб кетишган ва ўғлингни ўлдирамиз, деб, Шарифани қўрқитишган.
Шарифанинг иддаолари ва ёздириб олган тилхатига ҳуқуқ-тартибот идоралари эътибор беришмаган. Йўлдош Давлетовнинг пулни қайтариш нияти йўқ экан. 2012 йил 20 январь куни у ўғлига катта тўй қилиб, келин олган, шу яқинда квартира, енгил машина сотиб олган, Шарифа ўз пулини сўраса, мен ҳали пул топмадим, деган, Шарифа берган маълумотга кўра.
Шикоятчининг таърифига кўра, Дармонжон Давлетова ва унинг қизи Ирода Давлетова қандай шахс эканлигини аслида бутун маҳалла билади. Уларнинг уйи аёллар ишратхонаси ва уюшган жиноятчи тўдалар қўнимхонасига айланган. ҳозирги даврда наркотик сотишга факат шулар бош-қош, жарақ-жарақ пуллар эса уларни доимий ҳимояга олган. Бу каби жиноятчи тўдадан қўрққани учун Шарифанинг ҳам дами ичида экан.
Урганч тумани Чоткўпир қишлоғи Дўстлик маҳалласи 17-уй 19-хонада истиқомат қилувчи Зулайхо Бобониёзованинг гапига қараганда, Шовот туманида яшовчи Жумагул Шомуродова, мен катта одамлар билан бизнес қиламан, менга қизингизни чиройли кийимларини кийишга бериб туринг, деб, олдинига Зулайҳодан кийим бош, тилла исирға ва узукларни олиб кетган, кейин яна бир суҳбатда диний дуоларни қўллаб, жами 4000 АҚШ долларини олиб кетган.
Шунингдек, Жумагул Зулайҳонинг уйига диний, инсонни тилдан қўювчи дуоларни яшириб кетган ва шу уйда ётиб қолиб, Зулайҳо уйкуга кетган пайтда дуоларни ўқиб, дам солишни қўллаган. Бу аёл ўз ўлжаларини, мен сизларни даволаб қўяман, деб, дам солиб, уларни уйкуга кетгизиб, борган уйларини шериклари билан ўмаришга ҳаракат қилар экан.




