ТОИФА КЕРАКМИ, КЎКИДАН УЗАТСАНГИЗ БЎЛДИ…

            Яқинда Тошкент шаҳар врачлар малакасини ошириш институтига келган бир гуруҳ шифокор ва ҳамширалар ғалати ҳолатга дуч келишди. Бу галги малака ошириш чоғида уларга тоифа олишнинг осонгина йўлини кўрсатишди. Яъни, бу жараёнда шифокор ва ҳамширалар комиссия аъзолари суҳбатига кириб ўтиришмайди. Бу қандай амалга оширилишини билишга ошиқаяпсизми? Бунинг йўли жуда осон.

–                      Мен шаҳримиздаги тиббиёт муассасаларидан бирида ҳамшира

бўлиб ишлайман, – дейди бизга исми сир сақланишини хоҳлаган тиббиёт ходим. – Ҳозир биз Тошкент шаҳар врачлар малакасини ошириш институтида ўқияпмиз. Ўқиш тугаганидан кейин биз маҳсус комиссиядан ўтамиз. Шундан кейин  бизга тоифа берилали. Курс раҳбарлари бизга ишимизни осонгина ҳал этишнинг йўлини кўрсатишди.

            Малака ошириш ва тоифа олишнинг осон йўли қандай экан? Ахир билим , малакангиз бўлмаса, комиссия аъзолари қандай қилиб тиббиёт ходимига тоифа беришади?

–   Бизга бунинг йўли жуда осонлигини айтишди. Ҳамма  гап пулда. Малака ошираётган ҳар бир курс тингловчиси Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ўқитувчиларига белгиланган маблағни беришлари керак. Бу вазиятда бизнинг комиссия аъзолари суҳбатига киришимизга, ҳаттоки ўқишга келишимизга ҳам ҳожат қолмайди, деб сўзини давом эттиради суҳбатдошимиз.

Демак, пулини тўласангиз бўлди. Ўқишга ҳам келиб ўтирмайсиз. Вақтингиз бемалол, ўз ишларингизни  қилиб юраверасиз. Фақат Тошкент шаҳар врачлар малакасини ошириш институтига бир куни келасиз, курс раҳбарлари билан келишасиз. Улар айтган маблағни тўласангиз бўлди, шифокор бўлсангиз, биринчи тоифали шифокорга айланасиз, қоласиз. Биринчи тоифали ҳамшира бўлсангиз, белгиланган “ставка”ни тўлаб олий тоифали ҳамширага айланасиз, қоласиз.

–                       Мен биринчи тоифали ҳамшираман. Олий тоифага эга бўлишим учун 100 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни беришим керак. Врачларнинг ставкаси бизникидан икки баравар кўп. Улар тоифа  олиш учун 200 доллар кўкидан беришлари лозим. Тўғри, бу бизга қулай. Дарсга бориб ўтирмаймиз. Рўзғор юмушларини бажарамиз. Аммо бизда бунча пул йўқ, ўкинч билан гапиради, тиббиёт ҳодими. – Шу боис турмуш ўртоғим билан бунинг учун бировдан қарзга олиш қарор қилдик. Фақат, бу қарзни качон узишимизни билмайман. Чунки  топганимизни рўзғорга аранг етказаяпмиз.

“Пул бўлса, жангалда шўрва”, деб шунга айтсалар керак-да.

Юқорида суҳбатдошимиз айтганидек, ўша “кўки”дан бўлмаса-чи?

            Кейин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Малака ошираётган ҳамшира ёки шифокор узоқ йиллардан бери ишлаётган бўлса, яхши. Бироқ бу вазиятда тиббиёт академиясини, ёки тиббиёт коллежини битириб келиб, атиги бир-икки йил ишлаган тиббиёт ходимининг малакаси қандай ошади? Ўқимасдан туриб, қандай қилиб ошади? Ахир улар инсон ҳаёти учун жавобгар-ку?!

                                                                        Соҳиба РАҲМОН. 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares