
(бағишловлар)
***
1. Тасалли
2. Шоирам менинг
3. Баҳорга сонет
4. Нилуфар
***
ТАСАЛЛИ
Бобур ғазалига таҳмис
Келмаса ёр ҳеч, дема “кутмоқ керак”,
Бевафодин ўзни совутмоқ керак,
Ғам-аламни гоҳи жим ютмоқ керак,
Ўзни кўнгул айш ила тутмоқ керак,
Бизни унутқонни унутмоқ керак.
Эл-улусға осудалиғ келтириб,
Кутдинг ани қўб, чаманда гул териб,
Келмасаким ул ҳамон, кўксин кериб,
Айшу тараб гулбуниға сув бериб,
Ғусса нихолини қурутмоқ керак.
Қондур асру гоҳ аламидин кўнгул,
Хўрланиб суйғон санамидин кўнгул,
Нетсун анда меҳр камидин кўнгул,
Тийрадурур зухд дамидин кўнгул,
Ишқ ўти бирла ёрутмоқ керак.
Даҳр аро бул зулму ситам кўптурур,
Дилкушойлиғ оз-ки, мотам кўптурур,
Олам илло бизнисиз ҳам кўп турур,
Ҳар нимаға ғам ема – ғам кўптурур,
Айш била ўзни овутмоқ керак.
Эй Равоний, толедин бўлма малул,
Сақла ғурур, урмасун ғаним дуҳул,
Қилгил амал сен мудом мақтаға бул:
Қўйма машаққат аро, Бобур, кўнгул,
Ўзни фароғат била тутмоқ керак.
***
ШОИРАМ МЕНИНГ
Қубеклик, эй Сабрина бону,
Ўн беш ёшли шоирам менинг,
Хумор нигоҳ, асал забон-у,
Фозила-ю мохирам менинг!
Шеър ёзибсиз шодаи жумон,
Дебсиз анда мени қаҳрамон,
Дебсиз: “чиқинг қамоқдан омон”,
Увайсий-ю Нодирам менинг!
Мактубингиз, хат ичра туман,
Топиб бугун, боши мейнуман,
Жавобга кеч, журми асруман,
Афв этингиз, амирам менинг!
Қаҳрамонму қамоқдаги кас –
Ночор, забун, мушт еб, индамас?
Қилдингиз-ку Сиз мени махлас,
Қаҳрамон-у ботирам менинг!
Жисмингизга жоним тасаддуқ,
Шеърингизга минг бора қуллуқ,
Инсоним деб Сизни энг қутлуқ,
Сақлар абад хотирам менинг!
***
БАҲОРГА СОНЕТ
Келгин тезроқ, эй фасли фаёз,
Сочсин қуёш нурларин илиқ,
Осмонларда мусаффо, тиниқ,
Қалдирғочлар айласин парвоз.
Қийнади кўп қаҳратон, аёз,
Қишнинг қаҳри ҳамиша қаттиқ.
Тинди неча дил сенга интиқ,
Кўра олмай яна битта ёз.
Биламиз, сен ўзингга содиқ,
Биламиз, сен қайтасан, аниқ,
Кечиксанг ҳам гоҳида, бир оз.
Ҳаёт чунон бешафқат, инжиқ;
Фақат сенсан гўзал ва мушфиқ,
Шўрликларни айлаган эъзоз!
***
НИЛУФАР
(мувашшах)
Нечук очилурсан тунда, нилуфар,
Атиргул очилгай, – дедим, – зуҳода,
Волаи дилмисан моҳга мунаввар,
Бал, кўнглунг юлдузли тунги самода?
Айтди ул: – Мағрибга кетса-да ташлаб,
Ҳурлиқо ила бир яшагум маром:
Оқшом чоғ анда кун – ул юргай яшнаб,
Рўз маҳал анда тун – олгай ул ором.
***
14 02 2012
– – – – –
*… Тасалли – қайта ишланган тахмис, Заҳириддин Бобур таваллуд
кунига. Рукнлар – фоилотун фоилотун фоилун.
*… Шоирам менинг – Канадалик Сабрина Трюдий-Хамидига миннаддорчилик,
*… Сонет ва мувашшах – АО мухбири ва сухандони Навбаҳор Имомовага,
таваллуд кунига дўстона табрик ўрнида.



