
Яқинда бир танишимни учратдим. Анчадан бери учрашмаганимиз учунми, дардларини тўкиб солди менга. Унинг гапларини эшитиб, тўғриси аввалига ишонгим келмади. Аммо келтирган далилларидан кейин, унга ишонмаcдай иложим қолмади. Ва бу ҳақда сизлар билан ҳам ўртоқлашгим келди.
Мен у инсоннинг хавфсизлиги учун қаерда ишлашини айтиб ўтирмайман. Чунки бу журналистика этикасига ҳам, янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, инсонийликка ҳам тўғри келмайди.
Тошкент шаҳридаги муассасалардан бирида меҳнат қиладиган танишим, ўтган галги парламент сайловлари давомида туман кенгаши депутатлигига ўз номзодини қўйган. Албатта, унинг номзодини барчага маълум ва машҳур бир партия қўллаб-қувватлаган.
– Туман кенгаши депутатлигига номзодимни қўйганимдан сўнг менга бунинг ўзига яраша харажати борлигини хам шипшитиб қўйишди? – деб таъкидлади собиқ номзод. – Сизга тўғрисини айтаман, мени молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган ҳомий ҳам топилди. У минбарларда сўзлайдиган депутатларнинг жамиятда мавжуд бўлган муаммолар хусусида очиқ-ойдин гапириши тарафдори эди. Айнан шу шарт билан менга иқтисодий жиҳатдан ёрдам бермоқчи бўлди.
Журналистларга хос бўлган қизиқиш билан ундан номзодлардан, яъни бўлажак депутатлардан ундириладиган хақнинг миқдорини билишга ошиқдим.
– Биласизми, бу маблағ миқдори анчагина. Уни тўлашга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Одатда депутатликка номзодлар фақат бақувват ҳомийлар орқали ўз мақсадларига эришишади.
Мен туман кенгашига депутат этиб сайланишим учун 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни тўлашим керак эди. Одатда депутатликка уч-тўрт нафар номзод номигагина қўйилади. Улар орасидан ким бақувват бўлса, ўша депутат этиб сайланади.
Қизиқишим янада ортиб, ундан ўша маблағ кимга тўланишини ҳам сўрашга ботиндим. Тавба, наҳотки халқ дардини, халқ муаммоларини енгиллаштиришга бел боғлаган инсонлар пора бериш эвазига депутат бўлишса-я?! Одамнинг ишонгиси ҳам келмайди.
– Кимга бўларди, ҳокимга, туман ҳокимига тўлаш керак бу маблағни. Бундан ташқари маҳаллалар раисларига ҳам узатиш керак. Афсуски, менга депутат бўлиш насиб этмади. Айтилган маблағни ўз вақтида етказиб беролмаганим учун номзодим ўтмади. Энди маблағ масаласига келсак, туман кенгашига сайланадиганлар туман ҳокимига, шаҳар кенгашига сайланадиган шаҳар ҳокимига айтилган маблағни беришлари шарт. Акс ҳолда, менга ўхшаб сайланмай қолишади, – дейди ачиниш билан суҳбатдошим.
Қизиқ, бизда ҳамма нарса сотилади, амал ҳам, жой ҳам. Ҳатто депутатлар ҳам маълум бир ҳақ эвазига депутат бўлишар экан-да?!
– Қонунчилик палатасига сайланадиган депутатлар ставкаси анча юқори, – деб қўшимча қилди у. – Парламент қуйи палатасига депутат бўлиб сайланиш учун 50 минг АҚШ доллари керак. Бу маблағни ҳам вилоят, ёки шаҳар ҳокимига бериш керак. Сенат аъзолари ҳам худди шундай тарзда сайланадилар. Сайлов участкалари раислари, округ раислари эса ҳокимнинг айтганини сўзсиз бажаришга мажбур.
Суҳбатдошим сенаторлар қанча ҳақ тўлашлари ҳақида тўхталмади. Мен ҳам бунга негадир қизиқмадим. Чунки хаёлим қатор саволлар билан банд эди. Агар депутат, мисол учун, туман кенгаши депутати ҳокимга пора бериб, сайланса у кейинчалик ҳам ҳоким манфаатини кўзлаб иш тутаркан-да. Сайловчилар эса ўз ишончлари оқланмай, бир четда қолиб қолиб кетаверишар эканда. Атанг!
Хаёлимда яна бир савол чарх ура бошлади. Депутатлар ўз фаолиятлари давомида сарфланган харажатнинг ўрнини тўлдиришни ўйлашадими, ёки халқ манфаатини кўзлаб иш тутишадими?
Сиддиқа Раҳмон.



