ТОЖИКИСТОНЛИК КУЗАТУВЧИНИНГ ЯШИРИН ЮКИДАН ЎҚ-ДОРИ ВА УНИНГ ҚИСМЛАРИ ТОПИЛДИ

Бахтиёр Маҳмудов

 

Бугунги кунда Марказий Осиё ва дунёда вужудга келаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий вазият минтақадаги тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётга нисбатан таҳдидларни орттириб бораяпти. Бундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг чегара ва божхона ҳудудларида ҳарбий назоратни кучайтирмоқда.

Шунга қарамай, қўшни мамлакатлар, айниқса, наркотик моддалари олди- сотдиси билан танилган Тожикистондан Ўзбекистон орқали Россия шаҳарларига кетаётган транспорт воситаларида қўшни давлат фуқаролари томонидан контрабанда йўли билан турли ноқонуний юк ўтказишга уриниш ҳолатлари кўп учрамоқда. Иктисодий ночорликдан қийналган, маблағга муҳтож тожик фуқаролари дуч келган юмушга қўл уриб, ҳам ўзларининг, ҳам бошқаларнинг ҳаётларини хавф остига қўяётирлар.

Шу каби ҳолатлардан бири яқинда – 2012 йилнинг 10 январида Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани ҳудудидаги “Каракалпакия” темир йўл бекатида Ўзбекистонга кириб келган “Москва-Хўжанд” йўналишидаги 360-сонли йўловчи ташиш поездида аниқланган. Қорақалпоғистонлик чегара назорати ходимининг сўзларига кўра, шу куни Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Гиссар тумани Шароф жамоа хўжалигида истиқомат қилувчи Азиз Амиров кузатувчилик (проводниклик) қилаётган 3-вагон Қорақалпоғистон Республикаси Чегара ва Божхона ходимлари томонидан назоратдан ўтказилган.

Натижада вагон тамбурининг шифти оралиғига яшириб қўйилган “Самсунг” русумли телевизор ичидан божхона назоратидан яширилиб, Ўзбекистон Республикаси чегарасидан контрабанда йўли билан олиб келинаётган жанговар ўқ-дори ва унинг қисмлари ашёвий далил тариқасида қўлга олинди. А. Амировга тегишли телевизор ичидан чиққан ушбу яширин моллар – 1 кг дан ортик «Сокол» номли портловчи порохи, 10 кг га яқин патронларни ўқлаб отишга мўлжалланган питра, 300 дона «Жевало» русумли капсула ва бир неча 16-калибрли гилзадан иборат.

Дастлабки суриштирувда маълум бўлишича, телевизорни ушбу вагон кузатувчиси А.Амировга, Росия Федерациясининг Москва шаҳридаги «Казань» темир йўл вокзалида тахминан 40 ёшлардаги, тожик миллатига мансуб бўлган нотаниш аёл, 3000 Россия рубли эвазига Тожикистоннинг «Хўжанд» темир вокзалигача етказиб беришни топширган.

Аёл, шунингдек, вокзалда ушбу товарни Даврон исмли Тожикистон фуқароси кутиб олишини таъкидлаган. Тергов пайтида А.Амиров, телевизор ичида юқоридаги таъқиқланган ўқ-дори ва унинг қисмлари борлигини билмаганлигини, ҳозирда Тожикистонда кун кечириш ниҳоятда қийинлашиб кетгани сабабли пул топишни ҳар қандай усулларидан фойдаланишга мажбур бўлаётганини айтган.

“Айни замонда ушбу контрабанда ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда”, дейди қорақалпоғистонлик чегара ходими.

 

Бахтиёр Маҳмудов, Xоразмлик журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares