БИР МАҚОЛАГА ҚЎШИМЧА

Адхам Тангриев

Мен Ҳарактимизнинг сайти бўлмиш www.birdamlik.info да  Муборакхон  Маматқулованинг ДИКТАТОРЛИК ТУЗУМИ ЎЗ ТАНҚИДЧИЛАРИГА НИСБАТАН ҚЎЛЛАЙДИГАН РУҲИЙ БОСИМ ТУРЛАРИ” мақоласини (http://www.birdamlik.info/?p=20586#more-20586) ўқиб қолдим ва шу мақолага қуйидагиларни қўшимча қилмоқчи эдим:

Агар сиз Ўзбекистондаги каби диктаторлик тузумининг  танқидчиси бўлсангиз ва сизга нисбатан ҳукумат қўллаган  руҳий  босим турлари натижа бермаса, ҳукумат  Сизни ўзининг муштумзўрларига ўласи қилиб дўппослатиши, жисмонан йўқ қилдириши ёки сохта айбловлар билан қамоққа ташлаши мумкин. Қамоққа ташланганингиздан сўнг, қилмаган жиноятингизни “тан олишингиз” учун  сиз ўтирган камерага ёлланма жиноятчилар ҳам киритилади. Улардан бирининг вазифаси сизни қийноқларга солиб  жисмонан ва руҳан синдирниш бўлса, иккинчисининг вазифаси сиз нима деганингиз, нима иш қилганингиз, нима ёзганингиз ва бошқа нарсаларни “мент”ларга етказиш бўлади. Қамоқ тилида биринчиси “лохмач” , иккинчиси “ қулоқ” дейилади. “Лохмач”га сизнинг устингиздан  бутун ҳақ-ҳуқуқ берилган. Сизга қўйилаётган сохта  айбловларни тан олмасангиз сизни уриб майиб қилиши, ҳатто ўлдириши  ҳам мумкин. “Лохмач”  “айбингизни” тан олдираётган пайтда сизни ўлдириб қўйса унга ҳеч нарса бўлмайди. Жуда нари борса гап эшитади ва бошқа камерага ўтказилади. Жасадингизни эса  ўлимингиз сабабини “аниқлаган”  “экспертиза” дан сўнг қариндошларингизга қайтариб беришади. “Экспертиза” жасадингизни ёриб қайта тикиш ва томир билан пайларингизни кесиб ташлашдан ( жасадингиз қочиб кетмаслиги учун бўлса керак)  бошқа нарса эмас. Ўлимингиз тўғрисидаги хулосага эса  “қийноқлардан ўлди” деб ёзилмайди, албатта. Маҳбус Фалончиев(а)нинг юраги ёки жигари касал экан, қутқаришнинг иложиси бўлмади қабилидаги “эксперт хулосаси”  ёзилади. “Айбингиз”га “иқрор”  қилдириш усуллари жуда хилма-хил. Масалан, оёғингизнинг остига дубинка билан уриш, электр токи билан қийнаш, жинсий аъзоингизга  сув тўлдирилган баклажка боғлаб илиб қўйиш ( бу фақат эркаклар учун ва жуда-жуда азоб беради), сизга махсус кийим кийдириш (бу кийим  сизга кийдирилгач унга  сув сепилса у бутун баданингизни  аста- секин сиқиб боради ва жуда қаттиқ азоб беради), сизга противогаз кийдирилиб шланкасини ёпиш  ёки противогаз шланкасининг оғзига дуст сепиш, сигарет тутуни юбориш, баданингизга  қайноқ сув сепиш,  жинсий аъзоингизга қоғоз ( газета) ўралаш  ва ёқиш, сизни “лохмач” томонидан зўрлаш, икки қўлингизни ёнингизга  кўтариб, бир оёқда узоқ вақт туришга мажбурлаш, (агар  иккинчи оёғингизни  ерга қўйсангиз ё йиқилсангиз шафқатсиз равишда калтакланасиз), сизни жуда тор, қоронғи, дим камерага қамаш (бунда сизнинг бутун танангиздан тер чиқади ва ҳаво етишмаганидан бўғила бошлайсиз). Агар бу усуллар ҳам сизни синдира олмаса турмуш ўртоғингиз  ёки оила аъзоларингиздан бири ҳам ҳибсга олиниб, шундай усуллар билан “тергов”  қилиниши  маълум қилинади. Хуллас, жиноятчи режим сизни руҳан ва маънан синдириш учун ҳар қандай ифлос усулларни қўллашдан қайтмайди. Мен буларни сизни қўрқитиш учун эмас, балки “Бирдамлик” фаоли Муборакхон  Маматқулова каби кураш қурбонсиз бўлмаслигини, агар сиз қонхўр диктаторлик тузуми билан курашга отлансангиз ҳар қандай синовларга тайёр туришингиз лозимлигини ёдда тутишингиз учун ёздим.

Адхам Тангриев

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares