
Яқингинада Тошкент шаҳар, Учтепа туманига қарашли Фарҳод маҳалласида ўта нохуш бир воқеага гувоҳ бўлдим. Ҳатто ҳолат юзасидан қўл телефонимда бир нечта сурат олишга ҳам муваффақ бўлдим. Бундай кўнгилсизлик ҳақида ёзишни, нималардир дейишни жуда-жуда истадим. Бироқ буғизимги тиқилган дардни, йўқ, шунчаки дард эмас, аламли бир ҳайқириқни ифодалаш учун луғатимиздан керакли сўз топа олмайман деб қўрқдим, анча қийналдим. Шундай бўлса-да, фикрларимни қоғозга туширишга ҳаракат қилб кўрдим…
Хабарингиз бўлса керак, Ўзбекистонда зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, пахта ёғи (зайтун ёхуд зиғир ёғига йўл бўлсин!), шакар, ун, сариёғ, тухум… хуллас, шу каби маҳсулотларнинг нархи осмонга ўрмалаган маҳал. Ишчи-ходимларга Ҳукумат идораларида берилаётган ойлик маошига таққослаганда, озиқ-овқат маҳсулотлари заҳардан қиммат. Ойда 30 кун бўлса, кундалик егулик харид қилиш учун берилаётган маош деган савил 10 кунга зўрга етиб йиқилади. Қолган 20 кун давомида бечора халқ тишининг кирини сўришга мажбур.
Аммо-чи, Ўзбекистон ҳукумати бағоят саховатпеша, олийҳиммат чиқиб қолди. Гуё фуқароларининг фаровон ҳаёти учун қайғурган мисол “меҳрибон ва олийҳиммат” Ўзбекистон ҳукумати кун сайин тепага сапчиётган нарх-наво буҳронидан аҳолини “ҳимоя қилмоқ” бўлиб, бел боғлади.
Ҳукуматнинг фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш бобида шошилинч равишда белгилаган тадбирига биноан, мана, бир неча йилдирки, “ўз-ўзини бошқариш” мақомига соҳиблик қилаётган маҳалла фуқаролар йиғинлари ойма-ой канда қилмай, аҳолини арзон нархдаги пахта ёғи билан таъминлаб келмоқда.
Очиғи, маҳалла ҳиммат қиладурғон пахта ёғини шахсан ўзим ҳеч қачон харид қилмаганман. Аммо куни кеча, “домком”имиз эшик тақиллатиб, “Эртага эрталаб соат 9.00 да Фарҳод маҳалласида ёғ тарқатилади. Паспортларинг билан навбат олиш учун кечикмасдан боринглар” деб қолди. Журналист эмасманми, арзон ёғ бериш маросимининг ҳам ҳаддини олиб кўрайчи, деган ҳаёл билан паспортимни кўтариб маҳалла томонидан ёғ тарқатилаётган дўкон омбори томон йўл олдим. Бориб, у ерда бўлаётган текин томошанинг гувоҳи бўлгач, “Ҳукуматнинг аҳолига арзон ёғ эҳсон қилиш тадбири оғиз кўпиртиришга арзирмикин” дея ўйлаб қолдим. Маҳалла кўмагида аҳолини арзон ёғ билан таъминлаш тадбири фуқароларнинг тўкин ҳаётини кўзлаб эмас, аксинча, инсонларни таҳқирлаш мақсадида ўйлаб топилган ўйинга ўхшаб кетди, назаримда.
Борсам, маҳалла фуқаролар йиғининг масъул ходимларидан бири дўкон омборига “эшик оғалик” қилиб ўтирибди. Бурнига кўзойнак қўндирган кекса ёшли бу аёл берган қарзининг фоизини йиғиштириб олиш учун ўтирган сутхўрларни эслатди менга. Олдида бир дунё дафтар. Эшик олида арзон ёғ олиш истагида тўпланган тумонат одам.
Навбатда турган фуқаролардан бири “баққол” аёлнинг ёнига яқинлашиб, паспортини узатди.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси паспортнинг у ёқ-бу ёғини обдон кўздан кечираркан:
– Қайси дом?, – деб сўради қоғозлардан бош кўтармай.
– 45-дом, 24-квартира, – ҳозиржавоблик қилди харидор.
“Судхўр” мисол хола кўзойнагининг устидан бир паспортдаги суратга, бир паспорт соҳибига синчков назар ташларкан, олдида тоғ бўлиб турган дафтарлар орасидан “45-дом”нинг қоғозларини қидира кетди. Топди ҳам. Бармоқларини тупуклаб, увадаси чиқиб кетган бир дафтарни варақлай-варақлай, қидирганини топди шекилли:
– Ҳмм, мана, топилди, бу уйда 5 киши пропискада тураркансанлар, – деди гуё ўзига ўзи гапираётгандек минғирлаб.
– Йўқ, опа, мен келин олганман, неваралик бўлганман. Ҳозир оиламиздагилар сони етти кишига кўпайган. Ишонмасангиз, мана, паспорт столидан ҳам справка олиб келганман. Мана буниси эса ЖЕКдан, – деди ўрта ёшлардаги харидор жувон гуё текин ёғдан қуруқ қолаётгандек шоша-пиша қўлидаги маълумотномаларни маҳалла фуқаролар йиғини ходимининг тумшуғига тиқаркан.
– Нега унда бу дафтарга пропискада 5 киши деб ёзилган? Мен билмайман, справкаларга эмас, қўлимдаги ҳужжатга қараб иш тутаман, – жеркиди “ёғфуруш” маҳалла ходими.
– Бу қачонги дафтар ўзи? 7 йилдан бери шу дафтарга қараб, ёғ берасиз. 7 йилдан бери ҳеч нарса ўзгармайдими? Болалар улғаймайдими? Одам ўлмайдими, туғилмайдими?, – жаҳл билан жавоб қилди қорли совуқда дилдираб турган жувон.
“Ёғфуруш” холанинг қошлари чимирилди. Маълумотномаларни истар-истамас оларкан, узоқ тикилди. Афтидан, бирор камчилик топишга уринди-ёв. Аммо уддасидан чиқолмади чоғи:
– Яхши, – деди энсаси қотиб, – Етти киши бўлса, етти киши-да. Аммо бу справкаларингиз менда қолади. Мана бу дафтарга тикиб қўйиш керак. Биласиз-а, бир ойда бир кишига 300 ( уч юз) грамм положена. 7 кишига бир ой учун 2 литр беришимиз керак. Аммо бугун пахта ёғи эмас, 5 литрлик баклажкаларда писта ёғи келган. Зўридан. “Моя мечта”. Сизга 2 литр бериш учун, 5 литрни бузиб ўтирмаймиз. Битта баклажкани бераман. Кейинги ойда, мартда бизни бошқа безовта қилмайсиз. Шу билан ёғ олиш учун апрелда келасиз. Тушунарлими?, – деди маҳалла ходими қошларини кериб.
– Биламан, биламан, – жавоб қилди ўрта ёшлардаги аёл, – Яхши, апрель ойига довур ёғ сўраб келмайман.
– Тушунган бўлсангиз, яхши, унда келинг, мана бу журналга то апрель ойига қадар арзон ёғ олганингиз ҳақида имзо чекиб беринг?, – деди у қалин бир дафтарни жувон томон суриб.
Четдан туриб тортишувни кузатарканман, диққатим ошди. “Вой-во-ёв” дедим ичимда. Нима, булар ёғ тарқатаяптими, ё тилломи? Маҳалла фуқаролар йиғини ходимасининг ўзини тутишини бир кўрсангиз эди. Унинг кибрли нигоҳига боққан одам, шунчаки ёғ эмас, тилло тортаяпти, олтин тарқатаяпти деб ўйлаган бўларди.
Хуллас, дафтарга имзо қўйган харидор жувон 5 литр писта ёғи учун 15600 ( ўн беш минг олти юз) сўмни санаб берди-да, маҳсулотни олиб, қаторни тарк этди. Навбатдаги кўҳликкина келинчак қўлидаги паспортини узатди.
“Ёғфуруш” маҳалла ходими паспортни очиб кўраркан, қовоқларининг ўртаси туйилди:
– Нима, сиз эркак кишимисиз? Нимаси бу?, – деди келинчакка еб қўйгудек бўлиб тикиларкан.
– Бу эримнинг паспорти. Бизни “дом”нинг дафтарини қаранг, хужайнимнинг фамилиялари турибди, – деди келинчак.
– Нима, ўзга планетадан тушганмисан? 10 йилдирки маҳалладан ёғ тарқатилади. Шунча пайтдан бери бировнинг паспортини кўрсатиб ёғ олиш мумкунмаслигини билмайсанми? Паспорт эгасининг ўзи келиши шартлигидан бехабармисан? Вақтимни олма, четга ўт! Айт, паспорт эгасининг ўзи келсин!, – келинчакни жеркиб берди “ёғфуруш”.
Ҳой, номардлар, зар бераётганинг йўқ-ку, ахир, ёғ бераяпсан. Нима эмиш, бир ой учун берилаётган 300 граммгина ёғни олиш учун шаҳарнинг бу бошидан у бошига кетган фуқаро хизмат жойини, барча ишини ташлаб, паспортини кўтариб келсин эмиш! Бундай ахмоқ тадбирни ким ўйлаб топган ўзи? Хўп, сиз бераётган 300 грамлик садақага эга чиқиш учун бир ишчи-хизматчи иш жойини ташлаб, келди ҳам дейлик. Аммо бундан кўпроқ кимга зарар? Шахсгами, давлатгами? Ҳукуматнинг арзон ёғ деб аталмиш хайр-эҳсонини олиш учун паспортини кўтариб бориш учун иш жойини ташлаб кетган ходимнинг станоги тўхтаб қолса, давлат фойда кўрадими ахир? Қанчалик фойда-ю, нечоғлик зарар?! Кимга?! Ўйлаб кўрсам, “арзон ёғ тарқатиш” деб аталмиш ахмоқона тадбир туфайли ҳар иккала томон ҳам зарар кўраркан. Бола-чақаси, рўзғори учун арзон ёғ харид қилиш илинжида хизматчи иш жойини маълум вақт тарк этса, давлатга зарар. Арзимаган ёғни олиш учун шаҳарнинг бу четидан у чеккасига боришга отланган фуқаронинг эса чўнтагига зарар. Иш жойини тарк этган ишчи, хизматчи раҳбаридан гап эшитмаслик учун тез қайтиши шарт. Бундай пайтда жамоат транспортига чиқиш вақт олади. Шундай экан, у таксига ўтиришга мажбур. Ҳамёнга зиёнми? Зиён!. Бориш 5000 сўм, келиш 5000 сўм. Қарабсизки, транспортнинг ўзига 10 минг сўм кетиб турибди-да! Икки ўн беш – бир ўттиз-да! Бу Ҳукумат хайр қилаётган арзон ёғининг 5 литри 15600 ( ўн бешминг олти юз) сўм тураркан. Бу 5 литр ёғ эркин бозор растасида қахат эмас: 28000 сўм, нари борса, 29000 сўм туради. Хўп, унда фуқаро шўрлик иш жойини ташлаб, бошлиқ деганидан дакки эшитиб, маҳалладан арзон ёғ харид қилиш учун бориб, нима қилди? Таксига кетадиган пулини қўшиб, ана, бозордан қиммат бўлса-да, беминнатгина харид қилиб қўя қолади! Ана, энди масаланинг моҳиятига тушуниб етдингизми? Нима учун маҳалла “бек”ларининг “ҳар бир фуқаро ўз паспортини ўзи кўтариб келсин” деган талаби тагидаги нимкосани кўрдингизми? Фуқаролар арзон ёғ олиш учун иш жойини ташлаб, маҳалла томон югуриб келолмайди. Истаса-да, транспорт харажатини ўйлаб, арзон ёғдан воз кечади, қўяди. Қарабсизки, ҳукуматнинг ҳадяси ( савил арзон ёғи!) ҳамёнида қолаверади! Шу тақлидда омманинг ўз ёғига ўзларини қовуриииб ётишибди!
Маҳалланинг “ёғфуруш” ходими нечоғлик жеркиб-силтамасин, келинчак уйига қуруқ кетишни истамасди:
– Эрим ишда эди. Шаҳарнинг у чеккасига кетган. Бир соатлик йўл. Ишдан чиқиб келгунига қадар, ёғ турадими, тугаб қолади-да. Илтимос, холажон, бера қолинг. Биз ўзи рўзғорда икки кишигинамиз. Бор йўғи 600 грамм ёғ положина бизга, – ёлворди келинчак, – Мана, эримнинг паспортининг орқасидаги печатга қаранг. Мен билан никоҳдан ўтганлари ёзилган. Исм-шарифим ҳам бор. Хотини дейилган. Паспортининг орқасидаги хотини деган жойида исм-шарифи ёзилган аёл менман. Берақолинг энди?
– Эринг бўлса, менга нима?! Бор, унда эрингдан ёғ олиш учун через нотариус тилхат олиб кел! Вақтимни олма дедим сенга?, – ўшқирди маҳалла фуқаролар йиғинининг “ёғфуруш” ходими.
Ана, энди айтингчи, бундай ҳолатда қорнингизга йиғлайсизми, ё қадрингизга? Бундай аянчли ҳолатни кузатарканман, қон босимим 180 га чиқиб кетди. Бор йўғи 300 грамм арзон пахта ёғи олиш учун қай аҳволга тушиб қолди халқ? Аҳоли учун бу қандай азоб? Қандайин ҳақорат, қандайин таҳқир? Инсон боласи учун бундан-да ортиқ зўрлик, бундан-да ортиқ зорлик бўлиши мумкинми?
Бу қандай тузумки, бераётган бор йўғи 300 грамм ёғини худди тилло тортгандек тергаб, тежаб берса? Бу қандай давлатки, унинг бир фуқароси бир ой – 30 кунда бор йўғи 300 граммгина ПАХТА ЁҒИ ( кунжут ё зиғир эмас!) истеъмол қилса? Йўқ, сиз менга айтинг, бир кунги кечки овқат учун қозон осишга қанча миқдорда ёғ керак бўлади? Эҳтимол буни мен билмасман. Аммо ошпазликнинг ҳаддини олганлар айтсин! 300 грамм ёғга неча маротаба таом тайёрлаш мумкин? Бу қандай Ҳукуматки, фуқаронинг қулоғига ўлчаб нон берса! Қорни тўймасин, аммо очидан ўлмасин қабилида иш тутса? Бу қандайин давлат ахир?!
Йўқ, мен ҳозир шу халқнинг азобу уқубати, пешона тери эвазига Ҳукумат тепасида қаттиқ кекириб ўтирганларга айтгим, йўқ, ҳайқиргим келди: Кўзларини амал пардаси қоплаган, ўз қорнининг ғамидан ўзга ташвишни ўйламайдиган, билмайдиган корчолонлар! Бечора халқни газ бермай, сув бермай, свет бермай қийнаганингиз каммиди? Режангизда яна қандай нағма-ю найранглар бор?! Йўқ, сиз айтинг, нима бу? Инсон жонига, миллат эртасига ўқсиз, қуролсиз қасд қилишнинг, қирғин солишнинг замонавий усулими бу? Элимнинг қулоғига ўлчаб минг бир нағма билан нон бериш орқали аввало ўзбекнинг МЕНини, руҳини, ғурурини синдирасиз-да, шу тақлид аста-секин жисман ўлдирасиз. Шуми муддао? У ҳолда сиз арбоб эмас, амалдор қиёфасидаги қотилсиз. Раҳбар ниқобидаги жаллодсиз, жаллодларсиз!!!
Малоҳат Эшонқулова,
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари




