
Ўтган сафар мақоламда марҳум олим Озод Шарофиддиновнинг «Ижодни англаш бахти» номли китобидан ўрин олган буюк ватандошимиз Чўлпон ижоди ҳақидаги асари хусусида ёзган эдим.
Сиздан илтимос, «Ўтиб кетган воқеалар ҳақида ёзиб бошимизни қотирманг», деманг. Озод ака казо-казолардан тортиб, оддий халқимиз ҳаётига оид, умуман кундалик ҳаётимизда барчамизга сабоқ бўладиган асарлар қолдириб кетганлар. Афсуски, бугун Ўзбекистон шароитида бундай китобларни аксарият, у ёқда турсин, ҳатто туппа- тузук зиёлилар ҳам ўқимай қўйган. Қолаверса Чўлпон, Фитрат, А. Қодирий, У. Носир, М.Беҳбудий ва бошқа ижодкорлар каби ҳозирда элимизнинг бугуни, келажаги учун курашаётган халқ фарзандлари орамизда ҳам, хорижий мамлакатларда ҳам яшаб, турли шароитда ижод қилмоқдалар. Ўша инсонлар тақдирлари ҳаққи-ҳурмати ёзаяпман, бу мақолаларни. Демак, бу галги мақоламда О. Шарофиддиновнинг китобларида чоп этилган «Абдурауф Фитрат ва унинг «Ҳинд сайёҳи» асари» деб номланган асари ҳақида суҳбатлашамиз.
Раҳматли дадам Жўра Зокирий Сталин турмаларида 13 ётиб чиққан журналист, коммунистларнинг «Сизларга озодлик берамиз, адолат ўрнатамиз!» деган ёлғон ваъдаларига ишонган ўнлаб зиёлилардан бири эдилар. У кишини Файзулла Хўжаев, Фитрат, Чўлпон, Қодирийларнинг «думи» деган туҳмат билан қамашган.
Дадам асосан Хоразмда турли лавозимларда ишлаганлар. Хоразм театрини ташкил этилишида бош-қош бўлганлар. Комилжон Отаниёзов дадамнинг яқин дўстлари эдилар. Ҳозирги Туркманистоннинг Тошовуз вилоятида, Берди Кербобоев билан бирга биринчи ўзбекча газетасини чиқарганлари ҳам тарихий манбааларда келтирилган.
У кишининг турмада тортган азобларининг саноғи йўқ. Булар ҳақида кейинроқ албатта бир мақола ёзиш ниятим бор. Ҳозир эса биргина воқеа билан чекланаман. 8-9 ёшли бола эдим. Ногоҳ дадамни оёқларига кўзим тушди. Бош бармоқ оддий одам бармоғидан катта эди. Оёқларининг бошқа жойлари ҳам оддий одамнинг оёқларига ўхшамас эди. Бир куни “Дада оёғингизга нима бўлган?” деб сўрадим. «Сталин бигиз суқиб, тирноқларимни суғуриб олган, ўғлим», дедилар.
Дадам қатағон қилинган зиёлилар ҳақида гапирар эканлар, улар орасида Фитратнинг номини кўп такрорлар эдилар. Ҳатто Чўлпон ҳам Фитратни устозим дер экан. Улар ҳам ўзлари каби қийноқларга солинганини, юртнинг мустақиллиги учун курашганини онамга айтиб берганларида эшитганман.
Озод ака ҳам Фитрат ҳақида, уни Беҳбудий, Қодирий, Чўлпон ва бошқа қатағон қилинганлар каби «… халқини ўз тақдирига ўзи хўжайин бўлган ҳолда ҳар қандай кишанлар ва бўйинтуруқлардан халос бўлиб яшамоғини орзу қилган» лигини ёзадилар ва давом этадилар. «Сталин барпо қилган қизил империяга мустақил фикрлайдиган эрксевар исёнкорлар эмас, ҳамма нарсани «маъқул» деб қарсак чаладиган маддоҳлар, билганини билмасликка, кўрганини кўрмасликка оладиган хушомадгўйлар керак эди… ҳукмрон мафкурага шак келтирадиганлар шафқатсиз жазоланарди. Фитратни ҳам… «халқ душмани» га чиқардилар… унинг асарларини ўқишни, ҳаттоки номини тилга олишни ҳам таъқиқладилар… тарих сахифаларидан буткул ўчириб ташламоқчи бўлдилар. Бироқ бу разил ният амалга ошмади». Агар сиз ҳозир ҳам шундай режимда яшаётган халқларни билсангиз, демак Сталиннинг издошлари тирик. Улар ҳокимиятни сақлаб қолиш учун ўз устозлари яратиб кетган жирканч режимни жорий қилиш орқали эришмоқчи бўлаяптилар. Бунга тезда чора кўрилмаса, оқибати катта фожиа билан тугаши аниқ. Бунга Фитрат ҳақидаги асарни таҳлил қилиш орқали яна бир марта амин бўламиз.
Асарда ёзилишича, Абдурауф Фитрат том маънодаги диндор киши бўлган. Лекин у Туркияга сафар қилиб қайтганидан кейин дунёқараши янада кенгайган, жамият ҳаётини демократик тарзда қайта қуриш ғояларини онгига чуқур сингдирган, жаҳолат ва нодонликка қарши курашмоққа тайёр одам эди. Унинг «Ҳинд сайёҳи» номли асари ҳам ўша сафардан кейин ёзилган эди. Асардаги воқеалар бир ҳинд сайёҳининг Туркистонга сафари чоғида кўрган-билганларини ҳикоя қилиши орқали тасвирланади. Асар ёрдамида «жадидчилик ҳаракатининг мақсадлари янада аёнроқ бўлиб… тор кўламдаги маърифатчилик ҳаракатидан жамият ҳаётини тубдан қайта қуришни кўзлаган кенг қамровли ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айлана бошлади». Ҳар бир мамлакатнинг янги авлоди сиёсату-иқтисодини янги-янги ғоялар билан бойитиб бормаса, мамлакат таназзулга юз тутишини бугун ҳам кўриб турибмиз. ХХ аср бошида, бир пайтлари Оврупага маърифат-маданият, иқтисод, сиёсатни ўргатган ислом оламида, жумладан Туркистонда ҳам шундай бўлди. Асарни ўқиб чиққан ҳар қандай одам биладики, бугун ниокоммунистлар бошқараётган мамлакатларда бўлаётган айрим зўравонликларни боши Фитратлар даврида бошланган экан. Озод ака ёзадилар: «Ҳаётнинг ҳамма соҳаларида примитив муносабатлар, бош-бошдоқлик, зўравонлик ҳукм сура бошлади. Ривожланишнинг сусайиши жаҳолат ва нодонликни авж олдирди. Оддий халқ бошида зулм тегирмони аёвсиз айлана бошлади. Ўзлигини билмайдиган, ўз ҳуқуқларини танимайдиган халқ оғир аҳволга туша борди».
Китобда ёзилишича, бу ерлардаги воқеаларни кўриб ҳинд сайёҳи шундай дейди: «Ҳукумат одамлари бўлмиш амалдорлар деҳқонлардан солиқ йиғар эканлар, бирон бир қонунга, аввалдан белгилаб қўйилган тартибга асосланмайдилар, балки ўзларича, кўнгилларига сиққанича иш юритадилар. Улар нафақат солиқни, балки ўзларининг бутун харажатларини ҳам деҳқон ҳисобидан ундирадилар ва ўзбошимчалик қилганлари учун ҳеч қачон ҳеч қандай жазога мустаҳиқ қилинмайдилар… қозилар асл вазифалари шариат ҳукмини жорий этиш бўлсада, бутун рўзғорларини халқ ҳисобидан тебратадилар. Порахўрлик, халқни талаш уларнинг касби» .
Ҳинд сайёҳи Шаҳрисабзга борганида «Донишманд ва оламдаги аҳволдан хабардор» қозига дуч келади ва қози шундай дейди: «Халқимизни фикр доираси тараққий этмаган, улар бу ишларнинг моҳиятини тушунмайдилар. Тафаккури юксак бўлмаган кишилар қўйларга ўхшайдилар, ҳар хусусда чўпонга тобеъдурлар… биз бухороликлар бир шаҳарга хоким бўлди дегунча, мамлакат ва халқ ҳуқуқини бутунлай эсдан чиқарамиз. Ҳатто Худони ҳам унутамиз. Вақтимизни подшони шод қилиш йўлида сарф этамиз. Ҳокимларнинг бунақа ўзбошимчалиги оқибатида бутун мамлакатнинг аҳволи фақат бир киши – подшога боғлиқ бўлиб қолди… …Шунинг учун мамлакатимиз ҳалигача обод бўлмайди ва аминмизки, агар шу ҳол давом этса, бир умр обод бўлмайди»
Фитрат, Қарши, Шаҳрисабз ва Китобни кезиб чиққан сайёҳ номидан шундай ёзади. «Қарши ва Китобни бирор бир алача тўқувчиси Фарангистонда яшаса, бошдан оёқ зар-зеварларга ботар эди. Бу бечораларни эса еярга нони йўқ. Агар шу Шаҳризабз ерлари Япон элида бўлганида эди, зар экиб, зар ундирар эдилар. Бу ерлар нега шўразорга айланди?»
О. Шарофиддинов ўз асарлари давомида ёзадилар. «Хўш, нима қилмоқ керак? Бундай нохуш аҳволдан қутулишнинг қандай иложи бор? Бундан қутулишни бирдан бир йўли шундаки, давлатнинг бошқарув тизимини ҳамма ҳалқаларида муқаррар тарзда қонуннинг устувор бўлмоғига эришмоқ керак. Энг катта ҳоким ҳам, энг кичик амалдор ҳам ўзининг кундалик фолиятида шахсий туйғуларига, кўнгил майлларига, хоҳиш истакларига қараб эмас, фақат қонун кўрсатмаларига қараб иш тутмоғи шарт… Албатта Фитратнинг қиссасида бу фикрлар очиқ айтилмаган, лекин юқоридаги мулоҳазалар таҳлил қилиб кўрилса, мантиқан шундай хулосага келиш мумкин. Ҳинд сайёҳи тилидан гапираётган муаллифнинг бош мақсади юртни чуқур таназзул ботқоғидан тортиб олиб, фаровонлик ва ободлик томон элтувчи йўлларни аниқлашдир. У қиссанинг сўнгида фаровонликка эришишни йўли фақат тижорат эмас….бошқа йўл, ер ости бойликларирини чиқариб олиш ва завод- фабрикаларни яратишдир…. Бухорога тегишли ерларда тилла, мисс, темир, кўмир, лампа мойи ва бошқалар кўпдур. Сиз бухороликлар булардан баҳраманд бўлмаганларингдан кейин бу бойликлардан нима фойда?”, дейди. Яна Фитрат аҳволни ўнглаш учун энг зарур шартлардан бири деб қуйидагиларни айтади. «Бир одил тўғри фикрловчи амир ва тадбиркор, худодан қўрқадиган вазир керак. Ҳаётда барча хайрли жойлар, ҳисобсиз маблағлар халқ мулкини таловчи бир тўда разолатпеша худобехабарларнинг разолат уйига айланиб, икки-учта ўз қорнини ўйлайдиган инсофсиз кимсаларнинг фасод тўла қозонини қайнатишдан бошқа нарсага ярамай қолган».
Озод аканинг ёзишларича, Фитрат «Ҳинд сайёҳи» асарида экология, дин, маънавият, санъат, медицина, умуман жамиятдаги барча муаммоларни келтириб, уларнинг ечимларини ҳам кўрсатиб ўтган. Демак, бу асар бизга бугун ҳам керак экан. Нега бўлмаса бу асар кенг оммага етказилмади? Кейинги йигирма йил ичида бу борада нима ишлар қилинди? Мустақиллик йиллари тили чиққан, фақат чет эл мусиқий созларида ижро этилаётган бемаза, қўшиққа ўхшаган нарсаларни эшитиб суяги қотаётган ёшлар айнан уларининг эркин-озод яшашлари учун курашган Фитрат, Чўлпон ва бошқаларни биладиларми? Ахир эрталабдан кечгача телевизорда халқнинг онгини догмага айлантирувчи маза-бемаза нарсалар, бачкана қўшиқлар, одамнинг асабини қўзғувчи ҳамду- санолар ўрнига мақолада келтирилган китобларга ўхшаган жиддий нарсалардан халқ баҳраманд қилинса бўлмайдими? Фитрат ёзганидек «бу гапларни эшитадиган қулоқ қани, эътибор билан қаровчи кўз қани?» Хулоса ўрнида, бизга шундай ўлмас асарларни қолдирган Фитрат ва Озод Шарофиддиновларнинг охиратлари обод бўлсин, деб қоламиз.
Носир Зокир.



