ҚАТТИҚ СОВУҚ ХОРАЗМНИ ДИЛДИРАТМОҚДА

Бахтиёр МАҲМУДОВ

Хоразмда 2 февралда бошланган қаҳратон совуқ кундан кунга кучайиб бораяпти. Маълумотларга қараганда, у 10-15 кун давом этиши мумкин. Бир неча кун аввал ёққан қор ва заминни қоплаган муз бир неча кундир-ки умуман эримаяпти. Юзга уриб эсаётган шамол эса аёзнинг кучини янада ошираяпти.

Синоптикларнинг расмий маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида, шу жумладан, Хоразмда совуқ 10-15 даража эканлиги қайд этилган. Аммо ўзлари даража ўлчайдиган асбобни қўйиб кўрган одамларнинг фикрича, у  2 февралда 40, 3 февралда 35, 4 февралда эса 20-25 даражадан кам бўлмаган.

Умумтаълим мактаблари ўқувчиларига совуқ ҳаво муносабати билан бир неча кунлик таътил берилган. Фақат ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларидагина ўқиш давом этмоқда. Бозорларда сотувчилар ниҳоятда кам, улар ҳам олов ёқиб исинишади. Чунки расталарда аёзнинг чимчилашига чидашнинг иложи йўқ. Кўчаларда одамлар ўта қалин кийиниб, қалин шарфларни ўраб, фақатгина кўзларинига очиқ қолдириб, елка қисиб юришади.

Совуқнинг қаттиқлиги газга ҳам таъсир кўрсатди. Айрим фуқаролар томонидан қўлбола сўрдиргичлар ишлатилиши  туфайли ҳатто шаҳардаги кўп қаватли уйларда ҳам табиий газ ёлқини пасайди. Бир метрдан кам чуқурликка кўмилган қувурлар музлаб, баъзи корпусларга ичимлик суви бормай қолди. Хонадонларда яшовчилар челакда ва бошқа идишларда бошқа суви бор бинолардан сув ташиб келтирмоқдалар.

 

Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares