ЎЗБЕКИСТОН: «YOSHLAR» ТЕЛЕРАДИОКАНАЛИ, “ОЛДИН ЎЗИНГГА БОҚ, КЕЙИН НОҒАРАҚОҚ!”

Малоҳат Эшонқулова

2012 йилнинг 29 январь куни “Yoshlar” телерадиоканалида намойиш этилган “Уйғоқлик – давр талаби” номли кўрсатувга кўзим тушди-ю, халқимизнинг “Иштони йиртиқ енги йиртиққа кулармиш” деган ибораси эсимга тушди.

Мен ҳозир ўша куни эфир юзини кўрган “маълум ва машҳур” кўрсатув тафсилотларига тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Гапнинг индаоллосини айтганда, кўрсатувда Ўзбекистондаги мавжуд газета, журналларда, нашриётларда фаолият олиб бораётган айрим  таъмагир журналистлар танқид тиғига олинади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида 20 йил фаолият юритган журналист, “Yoshlar” телерадиоканалининг собиқ катта муҳаррири сифатида шахсан ўзим ТВнинг ўзига хос молиявий, иқтисодий сиру синоатларидан  кўп ва хўп хабардорлигим сабаб, энсам қотиб кетди.

“Ҳой, барака топгурлар, кишида аввало сўз ва иш бирлиги бўлиши керак” дедим ички бир нафрат билан. Нега?

Шуни комил ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, янаям аниқроғи, “Yoshlar” телерадиоканали порахўрликнинг, иқтисодий жиноятларнинг ини, уяси-ку?  Яна уялмай нетмай   юз, икки юз минг сўм сўраган қайсидир газета журналистларининг пўстагини қоқишга жазм қилишганига куясизми? Киши бировга қўлини бигиз қилишдан олдин “Мен ўзи кимман? Ўзганинг айбини, камчилигини айтишга, дўмбира қилиб чертишга маънавий ҳаққим борми менинг? Шунга арзийманми?” деган саволни бериб кўриши керак эмасми?  Танқидни инсон аввало ўзидан бошлаши лозим эмасмиди?

Хўш, айтингчи, ўтган 2011 йил давомида Миллий телерадиокомпания тизимида фаолият юритаётган журналистлар орасида  пора олиш, товламачилик қилиш ҳолатлари содир бўлмаганмиди? Бўлганда қандоқ! Бўлганди!!! Шундай эмасми? Ё ёдингиздан кўтарилдими? У ҳолда, эслатиб қўяй, “Ўзбекистон” канали директори Олим Тошбоевнинг “земляги”, аниқроғи, “жияни” номи билан танилган муҳаррир Азамат Тўраев Бухоро вилоятига қилган хизмат сафари чоғида қандай каромат кўрсатганди? Таъмагирлиги сабаб донғи чиқмаганмиди?  Оқибатда, ЎзМТРК раҳбарияти қўлининг узунлигидан фойдаланиб, Азаматжоннинг “хатоси”ни босди-босди қилишга эришгани-ю, шунинг баробарида  ўз бошларига тушажак калтак зарбидан омон қолишганларичи? Ёлғонми?  Ёхуд “Yoshlar” телерадиоканали “Давр” ахборот дастуринининг Фарғона вилояти бўйича мухбири Рустам Мамажонов-чи?  Телерадиоканал раҳбариятининг топшириғига асосан Фарғона вилоятидаги кўзга кўринган учта коллежда махсус репортаж тайёрлаш эвазига мазкур илм даргоҳи раҳбарларининг ҳар бирига 300.000 (уч юз минг)  сўмдан “солиқ” солганичи?  Биздаги маълумотларга қараганда, “Yoshlar” телерадиоканали раҳбарияти “солиқчи” ходими  Рустам Маъмажоновнинг ноқонуний тарзда қўлга киритган “ўлпон”ларини ҳаспўшлашга харчанд уринмасин, Рустамнинг ўз қўли билан ёзган тушунтириш хати ишнинг пачавасини чиқарган. Ўтган йили Ростонбуви имзоси билан “Замондош” сайтида мазкур муаммо юзасидан чоп этилган мақолада Р. Мамажоновнинг тушунтириш хати мазмуни шундай келтирилган: “Мен “Ёшлар” телеканалига ишга кирибманки, ойига 80-100 минг сўмгина ойлик маоши оламан. Менинг оилам, бола-чақам бор. Уларни боқишим керак. Қолаверса, камера билан вилоят бўйлаб транспортда юриш  харажатлари ҳам менинг гарданимда. Шу сабабли ҳам мен коллеж раҳбарларидан таъма қилишга мажбур бўлдим”

“Yoshlar” телерадиоканали раҳбарияти “қимматбаҳо ҳамёни” ҳисобланмиш “ўлпончи”си Р. Мамажоновнинг кирдикорларини ҳам хамирдан қил суғургандек, осонгина хил қилишлари мумкин эди-ю, аммо Р. Мамажоновнинг юқоридаги мазмундаги тушунтириш хати ТВ мутасаддиларининг жонини ҳалқумига келтирди. Оқибатда,  Р. Мамажонов қонуннинг қора курсисига ўтиришга мажбур бўлди.

Ҳой, барака топгурлар, “Ўзбекистон” канали муҳаррири Мастура Фармонова  Самарқанд вилоятининг Жобмой туманида ўз хизмат вазифасини ўтаётган чоғида нима қилганди?  Қанча пора талаб қилиш эвазига қачон тўрга тушганди? Сирдарёлик муҳаррир Маҳфуза Эшмуродова қачон ва нима учун ишдан бўшатилганди? Ўз туғилиб ўсган вилоятида товламачиликка қўл урганликда,  маъмагирлик қилишга уринганликда гумон қилинганлиги учун эмасмиди, мабодо?      Айтингчи, таъмагирлик иллати болалаб бораётганлигидан саросимага тушган    “Yoshlar” телерадиоканали раҳбарияти бир неча бор шошилинч равишда навбатдан ташқари кенгайтирилган йиғилиш ўтказгани ёлғонми? Мазкур йиғилишларда      ТВ раҳбарияти  тележурналистлар томонидан содир этилаётган порахўрлик, товламачиликка оид махсус фильмлар намойиш этиш орқали, ходимларни огоҳликка даъват қилишга уринишларчи? Ёлғон деб айтинг. Хўп, яхши, ЎзМТРК, “Yoshlar” телерадиоканал раҳбарияти  тизимда содир бўлаётган порахўрлик, товламачилик иллатларини ўз ходимлари ўртасида, тор доирада танқид ва таҳлил қилар экан, демакки, порахўрлик иллати ТВ тизимида ҳам мавжуд, тўғрими?  Хўп, шундай экан, 29 январь куни эфир юзини кўрган “Уйғоқлик – давр талаби” кўрсатув нега энди ЎЗМТРК тизимида фаолият олиб бораётган “солиқчи”, “ўлпончи” тележурналистларнинг кирдикорлари билан бошланмади?  Кўрсатув давомида ЎзМТРК тизимидаги болалаб кетган порахўрлик иллати бир бор тилга олинмади-я?! Ахир халқимиз “Ўзингни бил, ўзгани қўй” демаганмиди?!

Юқорида санаб ўтганларимиз, бир йил давомида ЎзМТРК тизимида содир бўлган таъмагирлик, қаллоблик, порахўрликка оид биз ногоҳон билиб, эшитиб қолган мисоллар, холос. ЎзМТРК,  “Yoshlar” телерадиоканали раҳбариятининг кучи, қудрати билан “иси” чиқмаган кирдикорлари қанча, бу ёлғиз Яратганга аён!

Дарвоқе, яъна бир гап: биздаги маълумотларга қараганда, ЎзМТРК, “Yoshlar” телерадиоканал раҳбарияти  томонидан шошилинч равишда чақиртирилган навбатдан ташқари кенгайтирилган йиғилиш ўтказилган мажлислар залида  “Уйғоқлик – давр талаби” номли  кўрсатув қарйиб бир ярим соат давомида намойиш этилган.  Мазкур кўрсатувнинг  қисқартирилган вариантигина эфирга узатилган – 30 дақиқа.

“Уйғоқлик – давр талаби” кўсатувига  ЎзМТРКнинг мажлислар залида мухлислик қилган муҳаррирлар унинг телевизион варинтини эфирда кўриб, ҳайрон. Негаки, кўрсатвнинг асл вариантида товламачилигу таъмагирликни ўзларига касб қилган қарйиб йигирмага яқин газета журналистлари ҳақида гап боради. “Уйғоқлик – давр талаби” кўрсатувининг эфир юзини кўрган вариантида эса “учар” журналистларнинг аксарияти “монтаж” қилинган, қирқиб, кесиб олиб ташланган. Мана, масалан, гарчи ҳеч бир олий ўқув даргоҳининг остонасини кўрмаган, журналистлик соҳасининг кўчасидан ўтмаган бўлса-да, “Моҳият” газетасининг мухбири сифатида фаолият олиб бораётган Гулсара Мардонованинг таъмагирлликка оид “қисса”си ҳам “Уйғоқлик – давр талаби” кўрсатувидан ўрин олганди.  ЎзМТРКнинг кенгайтирилган йиғилишида намойиш этилган кўрсатувда Г. Мардонованинг жамолини кўриш бахтига мушарраф бўлган ходимлар уни  эфир вариантида ҳам кўришга иштиёқ эди. Бироқ негадир айнан Гулсара Мардонова “монтаж” қилиб ташланибди? Биргина Гулсара опа эмас, балки кўрсатувнинг асл вариантидан жой олган ўнлаб таъмагир ҳамкасбларимиз эфирга чиқиш “бахт”идан мусавво бўлишган. Товламачи журналистларни бундай “бахт”дан бенасиб қилишнинг бунинг боиси не?   Дейлик, телевизор орқали эфирга узатилган кўрсатув натижасида  эл олдида мулзам бўлган товламачи журналистлардан,  кўрсатувининг асл вариантидан монтаж қилиб олиб ташланган, “Yoshlar” телерадиоканал  раҳбариятининг шарофати билан омма олдида шарманда бўлиш хавфидан  омон қолган Г. Мардонова каби  таъмагир ҳамкасбларимизнинг  нима фарқи бор? Уларнинг нимаси афзал?  Эфир вақти қахатмиди? Корейс сериалларининг ўрнига  мазкур кўрсатувни бир неча қисмларга бўлиб, кўп қисмли ҳужжатли фильм қилиб, асл ҳолича эфирга бериш ҳам мумкнимиди? Мумкин эди. Аммо негадир кўрсатувдан айрим товламачи журналистлар “териб” ташланган. Боиси не? Айланиб-айланиб гап яна таъмага таъқалмасин яна?  Айнан Гулсара Мардонова каби товламачи журналистларнинг эфирдан – эл олида юзи шувут бўлишдан асарб қолишга  жазм қилишликнинг боиси яна ўша таъма, яна ўша пора бўлмасин тағин деган шубҳа ўрмалайди-да кўнгилга.  Ким билади дейсиз?  Мазкур кўрсатувда товламачилиги  танқид остида олинган Гулсара Мардонова бир неча йиллардан туён ЎзМТРКда  журналист сифатида тер тўкиб келаётган Гулжаҳон Мардонованинг опаси эканлигини биламиз. Нима, айнан Гулсара опанинг  кўрсатувдан “монтаж” қилиб олиб ташланишига яна таниш-билишчилик   балогардонми?  Товламачилик, таъмагирлик бобида эфир юзини кўрган журналистларнинг ҳам, эл ғазабидан омон қолган ҳамкасбларимизнинг ҳам  қилмиши тенг, гуноҳи баробар эмасми? Шу нуқтаи назардан эфир бобида ноҳақлик қилишга, кимнингдир гуноҳини кўз-кўз қилиб, кимнидир асраб қолишга, ҳеч кимнинг, сизнинг ҳам ҳаққингиз йўқ эди, жаноблар!

Нима эмиш, мазкур кўрсатувда айтилишича, қаллоблик кўчасига кирган газета журналистларини қўлловчи амалдор акахонлари бор эмиш:  сенатор – спеккирлармиш… Кўрсатув муаллифи ушбу тўнтоқ фикрларига  таъмагир журналистнинг тўй тадбирида бир мансабдор  шахс  билан қадах тутиб тушган  суратини тасвирда далил сифатида кўрсатади.

Ҳой, барака топгурлар, биргина тадбирда бирга суратга тушиш жиноий шериклик даъвосига далил бўла олмаслигини наҳотки тушунмасангиз?

Нима, ўз  ҳақлигингизни иддао қилмоқчимисиз?  Товламачи журналист билан бирга суратга тушган амалдор демак, унинг ҳомийси, қўлловчи суянчиғи. Шундайми?

Бу борада сиз ҳақ экансиз, унда менга айтингчи, масалан, айталик, (мисол учун келтираяпман!) ЎзМТРКдек бутун бир ташкилотдаги иқтисодий ўғирлик, молиявий талон-тарожликларни ёпди-ёпди қилишга қуда-андачилик, вазир даражасидаги одам билан қариндошлик риштаси ҳам таъсир кўрсатиши мумкинми?

Бир ўйлаб кўринг, Сиз, ўзингиз яқингинада икки журналист аёл кўтарган бўронлар туфонидан қай тарзда, қай бир амалдорнинг кўллови ва кўмагида омон қолгандингиз?

Модомики, “Уйғоқлик – давр талаби”  кўрсатувда илгари сурилган фикрларда таъкидланганидек, товламачи газета журналистларни  улар бирга суратга тушган амалдорлар қўллаганлиги рост бўладиган бўлса, у ҳолда,   ЎзМТРК ва “Yoshlar” телерадиоканалида содир бўлаётган ноқонуний ишаларни очиб ташлаш борасида  урилган бонгдан   омон қолишингизда, сувдан қуруқ чиқишингизда, қуда бўлмиш, вазир даражасидаги арбобнинг ўрни беқиёс деган иддаоларимиз  ҳам ҳақиқат экан-да?! Кирдикорларни ҳаспўшлашда қуда бўлмиш қалқон бўлиши мумкинми? Сизларни қуда томон балолардан қутқариб қолган деган фараз тўғрими, йўқми?  Кўрдингизми, инсониятнинг фаразлари, фикрлаш доираси чегара билмайди. Шу боис, ўзгага қўлингизни пахса қилаётганингизда, ўзингиз ҳақингизда ўйлаб кўрмаган экансиз-да?!

Демоқчи бўлганим, ҳой, ЎзМТРКнинг, “Yoshlar” телерадиоканалининг тили бошқа-ю дили бошқа корчолонлари, нега энди “ўзингда бўла туриб айб, бировга қарайсан тиржайиб?!”. “Олдин ўзингга боқ, кейин ноғара қоқ”-да!!”

Малоҳат Эшонқулова

ЎзМТРК “Yoshlar” телерадиоканалнинг собиқ ходими.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares