Агар мамлакатда порахўрлик, коррупция ривожланган бўлса, бунга қарши кураш ҳа, деганда натижа бермайди. Порахўрлар ҳукуматнинг чиқарган ҳар бир қароридан устамонлик билан фойдаланадилар.
Яқинда Наманганда бир порахўр устидан суд жараёни бўлиб ўтди. Наманган шаҳар халқ таълими бўлими мудири Тоҳир Раҳматов 2011 йили тизимдаги ўзгаришлар туфайли иш ўрни қисқарган болалар ва ўқувчилар техник ижодий маркази директори Иззатилла Ҳожиматовдан уни бирор бир мактабга директор этиб тайинлаш учун 500 АҚШ доллари сўрайди ва уни ишини тўғрилаб беради.
Агар Тошкентдан коммисия келадиган бўлса, халқ таълими бўлими мудири бундан пул ишлаб олиш мақсадида фойдаланади. Ўз ходими Т. Тошпўлатовдан 300 мин сўм, 37- ва 63- мактаб директорларидан 100 минг сўмдан пулни йиғиб ҳам жиғилдони тўймаган мудир, бошқа мактаб директорлари ва боғча мудирларидан коммисияни уларнинг ташкилотига жўнатмаслик учун яна пора талаб қилади.
3- ва 38- мактаб директорлари 100 АҚШ долларидан, 59- мактаб директори 50 АҚШ доллари, 5, 11, 64 ва 65- мактабларнинг раҳбарлари 100 минг сўмдан, 43- мактаб раҳбари 125 минг сўм пул йиғиб беришади. Демак, бу мактабларда иш чатоқ экан-да! Бўлмаса, нега улар комиссия келмаслиги учун пора берадилар?
Халқ таълими тизимига қарашли 7 та болалар ва ўсмирлар мактаблари директорлари ва спортчиларидан хизмат машинаси сифатида фойдаланаётган «Нексия»русумли машинасига газ ёнилғиси мосламасини ўрнатиш учун мудир 1 миллион 800 минг сўм, баллонларини янгилаш учун эса 350 минг сўм пул олади.
Бу ҳақда хабар берган «Наманган ҳақиқати» газетаси мухбири, талантли ижодкор укамиз Равшанбек Мамадиев Раҳматов ҳақида ғалати фактни келтиради. Мудир ўзини-ўзи 317 минг 649 сўм билан мукофотлайди. Шу ўринда Л.Брежневнинг ўзини-ўзи мукофотлагани эсимга тушиб кетди.
Содир этган шу каби қилмишлари учун Тоҳир Раҳматов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бир порахўр жазоланди. Бу яхши. Лекин кишини ўйлантирадиган томони шундаки, ҳозирги кунда фуқаролар ишларини қонуний битириш учун бирор бир ташкилотга борсалар, ўша ташкилот мутасаддилари албатта, ўша фуқаронинг қўлига қараб турадилар. Ишни пора билан битириш бугун оддий ҳолга айланиб қолган. Фуқаролар бунга ўрганиб ҳам қолишди.
Хўш, бундай жирканч ишга барҳам бериш учун нима қилиш керак? Бу ҳақда кейинги мақолаларимизда батафсил тўхталиб ўтамиз.
Эргашбой Мўйдинов,
«Бирдамлик» Халқ Ҳаракатининг Учқўрғон туман бўлими раиси.