АМАЛДОРЛАР ХАТОЛАРИНИ ТАН ОЛМАЯПТИЛАР

Валерий НАЗАРОВ

Валерий НАЗАРОВ, “Бирдамлик”нинг Хоразм вилояти бўйича раиси

2012 йилнинг 7 январь куни Хоразм вилояти Хива тумани Оқёп қишлоғи “Хазина” фермер хўжалиги раҳбари сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Суди раиси Р. Эшоновга шикоят аризаси йўлладим. Қуйида шу аризани эътиборингизга ҳавола қиламан:

Мен, “Хазина” фермер хўжалиги раиси В. М. Назаров 2008 йилда Хива тумани ҳокими Д. С. Аллоқулиев томонидан чиқарилган 1139-қарорида Ер кодексининг 3.36.6-модаси қўлланганда ҳақиқатдан келиб чиқилмаганлигини, унинг асоссизлигини ва бу ҳолат ўз мансаб даражасини суъистеъмол  қилиш оқибатида вужудга келганини, ушбу ҳолатга мансуб барча ҳужжатлар тақдимотида исботлашга уриниб келаяпман. Ўзбекистон Республикасининг барча инстанциялардаги хўжалик судловларида ҳолатлар чуқур ўрганилмасдан, юзаки, нохолис қарорлар чиқарилиши натижасида ҳаракатларим зое кетмоқда.

Бундан ташқари, 2008 йилги деҳқончилик мавсумида фермер хўжалигига ихтиёрий-мажбурий тарзда белгилаб берилган пахтазор ва ғаллазорларга уруғ қадалиб, барча агротехник амаллар қоида қоида бўйича ўтказилиб, суғориш мавридида ер ижара муносабатларида белгиланган мажбуриятлар бажарилмаганлиги яъни ирригация ва мелиорация тизимини таъмирлашга бепарво қаралиши оқибатида экинлар суғорилмай қолиб, куйиб, 21 миллион 703 минг сўмлик фойда бой берилиб,  зарар кўрилди. Оқибатида ерни экишга тайёрлаш, унга уруғ қадаш, культивация, минерал ўғитлар ўлчами, қишлоқ хўжалик техникаси, ёқилғи-мойлаш материалларига кетган харажатлар зое кетиб, улар учун фермер хўжалига ҳисобига олинган кредитлар фермер хазинасидан судлар орқали ундирилди.

Бу ҳолатда ўз ишига масъулиятсиз ёндашган Хива тумани ҳокими фақатгина сув танқислиги ифодаси сифатида (ҳамма нарса бой берилганидан кейин) 2009 йил 8 февралда қарор чиқариб, сувдан қуруқ чиқишга интилди. Барча ҳўжалик судлов инстанциялари унинг нуфузига мойиллик билдириб, ўз қасамларини унутиб, ҳақиқат ва адолатнинг поймол қилинишига йўл қўймоқдалар. Бу ҳолат ҳақида Олий мажлис Сенатига. Суд ва ҳуқуқ қўмитасига мурожаатлар қилиб кўрдим. Аммо улар ҳам бир ҳақиқий “нюъанс” билдиролмай, менинг ишимни қайта-қайта ўша нохолис қарорлар чиқарган инстанцияларнинг ўзларига ҳавола қилаётирлар.

Ким ҳам ўз хатосини тан олади. 22.09.08.  санали 98-сонли ишнинг назоратини авантюристик мақомга йўрғалатиб, охири анархизмга тақашмоқда. Ушбу ҳолатни демократия тамойиллари асосида ўрганиб чиқиб, 4 йилдан бери чўзилиб-узилиб келаётган иш тақдирини адолатли тарзда ҳал қилинишига ҳисса қўшишингизни сўрайман. Аризамга илова қилиб, 90 бетдан иборат ишдаги ҳолатлар автографиясини илова қиламан ва натижасини кутиб қоламан.

 

Хоразм вилояти Хива тумани  Оқёп қишлоғи “Хазина” фермер хўжалиги раиси.

Ҳозирча Конституциявий Суддан бирор жавоб олганимча йўқ. Натижа қандай бўлади,  менинг ишим оғирлашадими ёки олдинга юрадими, ҳали номаълум. Қани, ниятни яхши қилаверайлик-чи, буёғи Яратганга ҳавола.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares