
Бизнинг Чаманзор қишлоғида жойлашган 7 – мактаб Пахтакор туман халқ таълими бўлимига қарашли. Турли масалалар, муаммолар билан шу мактабга жуда кўп бориб тураман. 24 январ куни ҳам баъзи масалалар бўйича яна мактабга бордим. Директорнинг хонасига кирдим. Директорнинг хонаси кичкина. Совуқ. Раҳбар пальтога ўраниб, қўлларини қўлтиғига қисиб ўтирган экан. Ўтирдим. Гаплашдик. 15 дақиқача ўтирдим. Шу вақт ичида совқота бошладим.
Мактаб раҳбаридан “Совуқ қотмаяпсизми?”, деб сўрасам, «Иложимиз қанча», деб жавоб берди. Мен, “Балким дарсларни қисқартириш керакдир”, деган фикрни билдирган эдим. У индамади. Мактаб хоналари совуқ. Партага ўтиришингиз билан танангизга совуқ ўта бошлайди.
Энди ўйлаб кўрайлик, бир кунда ўқувчилар 6 та фандан дарс ўтишса, ҳар бир дарсда 45 дақиқадан синфда ўтиришга тўғри келади. Ҳисоблаб кўрадиган бўлсак, болалар муздек синфхонасида бир кунда тўрт ярим соат давомида ўтиришга мажбур бўлишркан. Менимча, улар бу шароитда дарсга эмас, кўпроқ дарснинг қачон тугашига қизиқишса керак. Бундай совуқ хонада тўрт ярим соат ўтирган болалардан совук ўтиб кетади-ю. Биз болаларимизни совуқдан асрашимиз керак эмасми?
Қишлоғимиз мактабида эса бир неча йиллардан буён газ йўқлиги туфайли иситиш тизими умуман ишламайди.
Бу муаммони ким, қачон ҳал этишини, фарзандларимиз яна қанча вақт совуқ хоналарда дарсда ўтиришга маҳкумлигини ҳеч ким билмайди.
Тегишли ташкилотлар ушбу муаммо борасида жиддийроқ бош қотиришса, айни муддао бўларди. Чунки соғлом авлоднинг соғлиғини асрашимиз керак. Айниқса, қизларимизнинг соғлиғига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Чунки улар келгусида она бўлишади. Келажак авлодимизни дунёга келтиришади.
Саида Қурбон
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Жиззах вилояти бўлими раҳбари