Янгийўл ғишт заводи директори Мурод исмли шахс қамоққа олинган. (Афсуски, собиқ директорнинг фамилиясини аниқлашнинг имкони бўлмади. Очиғи, одамлар айтишдан чўчишди).
Яқиндагина ғишт заводининг собиқ директори Мурод бой томонидан Янгийўл туманида “Фаровон” деб номланган кафе қуриб, фойдаланишга топширилган эди. Ҳашаматли бу кафени меъморчилик обидаларига ҳам қиёслаш мумкин
Ниҳоятда дабдабали, республикада ягона бўлган ушбу кафени барпо қилиш жараёнида ғишт заводи директори минглаб одамларни ишлатган-у, бироқ уларнинг ҳаққини бермаган. Қизиғи шундаки, ғишт заводи ишчиларига ҳам анча вақтдан бери ойлик маоши тўланмай келинган.
Собиқ директорнинг уйи тинтув қилинганида, юзлаб фуқароларнинг паспортлари топилган. Миш-мишми, ҳақиқатми, билмадигу, Янгийўлда “Мурод ўз ҳаққини талаб қилган одамларни ғишт заводининг печига ташлаган” деган гап-сўзлар юрибди. Қурилишда ишлаган янгийўллик 14 нафар йигитнинг бедарак кетганлиги киши кўнглига шубҳа солади.
Одамларнинг гапига қараганда, ана шундай қилмишлари туфайли у ҳали бери озодликка чиқмайди.
Яна бир гап, Мурод ўзининг “Ниёзбошида” қишлоғида қатта тўйхона ҳам бунёд қилган. Бу тўйхона ҳам кўркамлиги жиҳатидан “Фаровон” кафесидан ўтса ўтадики, қолишмайди. Айтишларича, собиқ ғишт заводи директорининг бир нечта данғиллама ҳовли-жойлари ҳам бор. Унинг ҳашаматли ҳовлиларининг биридан икки контейнер пул – миллионлаб Ўзбекистон сўмлари-ю, катта миқдорда АҚШ доллари топилган. Текширувлар натижасида собиқ директор ўз фаолияти давомида ғишт заводининг газ ҳисоблагичларини орқага бураб, белгиланган меъёридан кўра анча кўп сарфланган газнинг ҳаққини тўламаганлиги ҳам аниқланди.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, собиқ ғишт заводи директори халқ депутатлари Янгийўл туман кенгашига депутат қилиб сайланган. Шунча қонунбузарликларни содир этган Муроднинг депутат эканлиги одамнинг ақлига сиғмайди.
Акромхўжа Муҳиддинов
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Тошкент вилояти, Янгийўл тумани бўлими фаоли