26 январь куни АҚШ элчихонасида журналистлар учун пресс-гап бўлиб ўтди. 2012 йилда илк маротаба ўтказилган пресс-гапда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Жорж А. Крол иштирок этди. Унда журналистлар ўзларини қизиқтирган бир қатор муҳим саволларга жавоб олиш имкониятига эга бўлишди.
Пресс-гапда дастлаб Жорж А.Крол АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларининг бугунги аҳволи, унинг элчи этиб тайинланганидан сўнг ўтган вақт ичида икки томонлама алоқаларни кучайтириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди:
– Бундан олти ой муқаддам мен АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинлангандим. Менимча, ана шу муддат ичида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларни янада кучайтириш борасида бир қатор муҳим қадамлар қўйилди. Ўтган йилнинг октябрь ойида АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтон, АҚШ Конгресси вакиллари, бошқа юқори идоралар вакиллари, юқори мартабали меҳмонлар Ўзбекистонга ташриф буюришди. Ташрифлар чоғида ўзаро алоқаларни ривожлантириш масалалари кенг муҳокама этилди.
АҚШ элчисининг фикрича, икки давлат ўртасидаги муносабатлар тобора ривожланиб бормоқда. Айникса, турли даражадаги ташрифлар давомида нафақат АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни янги босқичга кўтариш, балки Марказий Осиё минтақасидаги, дунё миқёсидаги долзарб масалалар ўзаро муҳокама этилди.
– Таъкидлаганимдек, ўтказилган иккитомонлама музокаралар чоғида қатор глобал масалалар, хусусан Марказий Осиё минтақаси учун долзарб бўлган Афғонистондаги бугунги вазият, ушбу мамлакатдан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш хусусида ҳам атрофлича фикрлашиб олинди. Хабарингиз бор, АҚШ президенти Барак Обама 2014 йилда бизнинг қўшинлар ушбу мамлакатдан олиб чиқилишини маълум қилди.
Шу билан бирга Жорж А. Крол қўшинлар Афғонистондан олиб чиқилганидан сўнг минтақадаги аҳвол қайси томонга ўзгариши бугун нафақат АҚШ, нафақат Европа, балки дунёдаги барча мамлакатларни қизиқтираётганлигини алоҳида уқтириб ўтди. Шу маънода деди, элчи келажакда минтақадаги сиёсий, иқтисодий вазиятнинг қайси томонга ўзгаришини нафақат ҳукумат билан, балки сиз ОАВ лари вакиллари билан атрофлича муҳокама этишимиз жуда муҳим.
– Келажакда нафақат минтақа, балки Афғонистонинг иқтисодиёти ҳам қандай ривожланади? Бу масала ҳозирда дунё афкор оммасини ниҳоятда қизиқтирмоқди, – деб сўзини давом эттирди Жорж А. Крол. – Ҳозирги вақтда Ўзбекистон томонидан Афғонистонда темирйўлнинг қурилаётганлиги мақтовга сазовор эканлигини таъкидлашни истардим.
Элчининг фикрича, Ўзбекистон Марказий Осиё митақасида геополитик ва иқтисодий нуқтаи назардан жуда катта салоҳиятга эга. Буни унутмаслик лозим. Шу билан биргаликда Эрон билан муносабатларни яхшилаш хам долзарб масала ҳисобланади, менимча, шу хусусида сизларнинг ҳам фикрларингизни билиш фойдадан холи бўлмасди, дея таъкидлади у. Мавзудан бироз чекинган ҳолда, Жорж А. Крол журналистлар билан ўтган 6 ой мобайнида Ўзбекистон хусусида тўплаган таассуротлари билан ҳам ўртоқлашди.
– Мен юртингизнинг бир қатор тарихий шаҳарлари, хусусан Бухоро ва Самарқандда бўлдим. Сафар давомида Ўзбекистоннинг жуда катта мамлакат эканлигига амин бўлдим. Турли жойларда халқингиз билан ўтказилган учрашувлар давомида бу юртнинг одамларининг жуда бағрикенглигига гувоҳ бўлдим.
Умуман, Ўзбекистон маданияти ҳам жуда бой давлат эканлигига шоҳид бўлдим. Шунингдек, ўтган йили Тошкентда иш бошлаган GM-Ўзбекистон корхонасининг очилиш маросимида қатнашдим. Бундан ташқари Асакадаги автомобиль заводини бориб кўрдим.
Жорж А. Кролнинг таъкидлашича, у Америка бизнесменларининг Ўзбекистонда кенг иш юритиши тарафдори. Чунки бу ерда бунинг учун катта имконият бор. Албатта, бу йўналишда қатор муаммолар ҳам йўқ эмас. Уларни ҳал қилиш керак бўлади.
Маълум бўлишича, жорий АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқаларнинг ўрнатилганига 20 йил тўлади. Жорж А Крол шу муносабат била кўплаб тадбирларни ўтказиш режалаштирилганлигини маълум қилди.
– Қутлуғ сана муносабати билан биз турли давра суҳбатлари, қатор семинарларни ўтказишни белгилаб олганмиз. Элчихона томонидан ўтказиладиган бундай тадбирларга АҚШдан кўплаб меҳмонларни таклиф этамиз.
Ўйлайманки, биз АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида ўрнатилган муносабатларнинг 20 йиллигини жуда қизиқарли ўтказамиз. Албатта, бу тадбирларга сизларни ҳам таклиф этамиз.
Журналистларнинг Афғонистондан АҚШ қўшинларининг чиқарилишига доир саволга жавоб қайтарар экан, элчи бу ниҳоятда долзарб масала эканлигини таъкидлади. Чунки қўшинлар олиб чиқилгандан кейин Афғонистон аҳолиси ўз давлатида тинчлик ва осойишталикни таъминлай олмайди. Шу боис бу ердаги ҳарбий қўшинларнинг маълум қисми у ерда қолдирилади.
АҚШ элчиси билан ўтказилган учрашув савол- жавобларга жуда бой бўлди.
Журналистларни шунингдек, Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи, туризм, экология каби қатор масалалар қизиқтирди. Саволларга жавоб қайтарар экан, Жорж А. Крол ўзбекистонликлар ниҳоятда меҳмондўст халқ эканлигини, бу ерда ишлаш учун қийинчлик туғдирмаётганлигини айтди. Мен учун сизлар билан учрашиш фойдали, мен бу ерда ўзимни ўз уйимдагидек ҳис қиламан. Келганларингиз учун сизларга катта раҳмат, деб сўзини якунлади элчи.
Саодат Амонова
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати матбуот маркази раҳбари