
“Озодлик” радиосининг заҳматкаш журналистлари!
Мен “Озодлик” радиоси орқали бериб борилаётган ҳар бир эшиттиришни канда қилмай тинглаб, кузатиб бораман.
Яқинда “Озодлик” орқали баҳс-мунозарага бой бир эшиттириш эфирга узатилди.
Мазкур эшиттиришда мен истиқомат қилаётган Қашқадарё вилоятидан бир ҳамюртимиз “Халқнинг бошига тушган мусибатлардан, аҳолининг азоб-уқубатларидан президентимиз Ислом Каримовнинг хабари йўқ” деган мазмундаги фикрлари билан Ўзбекистон раҳбарини ҳимоя қилишга уринди. Андижонлик ҳамюртимиз эса Қашқадарёлик фуқаронинг фикрларини рад этар экан “Нега энди Ислом Каримов мамлакатда бўлаётган оламшумул воқеалардан бехабар бўлар экан?” дея эътироз билдирди.
“Озодлик” радиосининг барча мухлислари ушбу баҳслашувнинг гувоҳи бўлганига ишонаман. Айтмоқчи бўлганим, шу каби баҳс-мунозарага бой дастурларни кўпроқ тайёрлаб, тингловчилар ҳукмига ҳавола қилишларингизни илтимос қилардим. Ана шунда биз, Ўзбекистонлик фуқаролар сизлардан янада кўпроқ миннаддор бўлардик. Нега? Чунки “Ҳақиқат баҳсларда туғилади” деган гап бор. Иқтисод, сиёсат, ижтимоий ҳаётимизга оид тортишувлар, баҳс-мунозарали эшиттиришлар маълум маънода халқимиз сиёсий онгининг ўсишида, дунёқарашининг шаклланишида, ҳуқуқий савиянинг бойишида муҳим аҳамият касб этади деган фикрдаман. Зеро баҳс-мунозара мудраб ётган қалбларни уйғотади, лоқайдлик балосидан қутилишга кўмак беради.
“Озодлик” радиосининг ҳурмали муҳаррирлари!
Мен ҳам тенгдошларим қатори икки сиёсий тузумнинг нони еган фуқароларидан бириман. Яъни собиқ СССР даврининг, шунингдек, мустақилликнинг, ақниқроғи Каримов тузумининг тузини тотиш менга ҳам насиб этган.
Сизларга ушбу номамни ёзишдан мақсадим шуки, “Озодлик” орқали эфирга берилаётган баҳс-мунозараларни тингларканман, менинг ҳам кўнглимда баҳсга киришиш, мулоҳазаларимни аҳоли билан ўртоқлашиш истаги туғилиб қолди.
Агар хўп десанглар, мен “Озодлик” радиоси орқали собиқ СССР давридаги аҳолининг турмуш тарзи билан мустақиллик йилларидаги, йўқ, адашдим, Каримов империяси давридаги одамларининг яшаш шароитинини таққослаш орқали баҳсга киришсам, фикрларимни баён этсам дегандим.
“Мустақиллик, йўқ, Каримов тузуми бизга – ўзбекларга, Ўзбекистонга нима берди?!” деган мавзуда мунозара уюштиришларингизни илтимос қилардим.
Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Ҳукумат тепасига келган Ислом Каримов асос солган империя бизга, ўзбекларга беҳад “беназир неъмат”ларни берди. Истиқлол сабосининг илк шаббодаси эсган йилларданоқ Ҳукумат жиловини ўз қўлига олган И. Каримовнинг, у тамал тошини қўйган ҳукумат, давлат, тузум шарофати билан 8 миллионга яқин ёш йигит-қизларимиз уй-жойи, бола-чақаси, ота-онаси, киндик қони тўкилган заминни ташлаб, тирикчилик илинжида Россия, Корея каби турфа давлатларга мардикорчилик қилгани кетди! Натижада Мустақил Ўзбекистон гўдаклари отасиз, онасиз, уларнинг эркалаши, меҳрисиз худдики тирик етимлардек тили чиқмоқда.
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларга шарт-шароитлар яратиб бериш борасида қатор қарорлар бор. Бироқ ошхона ё нонвойхона очай, тадбиркорлик қилай десангиз, газ йўқ. Ҳунарманд тадбиркорларимиз маҳсулот ишлаб чиқарай деса, электр токи йўқ. Баъзи бир тадбиркорларимиз деҳқончиликни йўлга қўяй деса, ер йўқ. Ери борларга сув йўқ, камёб. Яна кимдир чорвачилик ё паррандачиликка қўл урай деб бел боғласа, ем йўқ, ҳашак йўқ. Дейлик, битта буқани боғлаб боқаман деган кишига кун давомида 10 киллограмм кунжара керак бўлади. Битта наввосга бир кун давомида кетадиган озуқа нархини фойда-зиёнга чақадиган бўлсак, бозорда бир киллограмм гўштнинг нархи 13 минг сўм. 10 киллограмм кунжаранинг нархи ҳам 13 минг сўм. Ҳали бу биргина кунжаранинг баҳоси. Чорва фақат кунжара истеъмол қилмайди. Чорва дегани ем-ҳашак билан тирик. Бир боғ беданинг баҳоси 7500 сўм бўлиб турибди. Битта молга бир кунда икки боғ беда бериш меъёр деб белгиланишини ҳисобга оладиган бўлсак, қарабсизки, бир бош қорамол бир кунда 13 минг сўмлик кунжарага қўшиб, яна 15 минг сўмни ҳазм қилишига тўғри келар экан. Демак, бир кунда бир бош қорамол учун жами 28 минг сўм сарфланаркан, ( ҳали бу меҳнатидан ташқари: емишни топиб келиш, кўтариш, вақти-вақти билан ем ва сув бериш, молларнинг тагини тозалаш… ва ҳокозо… каби харажатлар чўтга солинадиган бўлса, билмадим, қанчани ташкил қиларкин) Бир кунда битта молга қилинадиган 28 минг сўмни бозордаги бир кило гўшт нархига солиштириб кўрадиган бўлсак, ўз-ўзидан маълумки, чорвачиликнинг бошидан тутиш ҳам тош босмайди!
Мен юқоридаги мисолларни нима учун келтираяпман?!: Демоқчи бўлганим, мамлакатимизда тадбиркорликни йўлга қўйиш, ривожлантириш учун мутлақо йўл ҳам, имкон ҳам ҳам йўқ!
Мана, масалан, пахта мавсумида қишлоқ аёллари фермерларнинг даласига чиқиб, чопиқ қилишади, бегона ўтдан тозалашади, ягана қилишарди. Аммо фермер дегани сариқ чақа ҳам берай демайди. Ҳақ эвазига улар пахта ғўзапоясини тортиқ қилишади. Кўп афсуски, бу йил деҳқонлар ғўзапоя олиш бахтидан ҳам бебаҳра қолишди. Пахта даласидаги ғўзапоялар йиғиб-териб олинмасдан туриб, ғалла экиш бошлаб юборилди. Яхши биласиз, ғалла экилган майдонга техника киролмайди. Шу сабаб ҳам фермерларга юқоридан “Ғўзапоя керак бўлса, ўроқ билан ўрасан, арқон билан боғлайсан-да, даладан ортмоқлаб чиқарасан. Зинҳор трактор киритмайсан, ғаллани пайҳон қилмайсан!” деган кўрсатма берилди. Баҳорнинг ёғинли кунлари демай, ёзнинг жазирамаси-ю, кузнинг аёзи демай, пахта далаларида жавлон ургани, машаққатли меҳнати эвазига тортиқ қилинадиган даладаги текин чўп – ғўзапоядан ҳам бенасиб қолган одамлар, аёллар бу каби кўргуликдан кейин, ўйлашимча, келгуси йил пахта дея текинга тер тўкишдан бош тортишса керак-ов! Хўш, унда нима қиламиз?! Нима қилардик, яганага, чопиққа, ўтоққа, теримга, хуллас, пахта далаларига ўқувчиларни сафарбар қиламиз-да! Мана, сизга Мустақилликнинг, йўқ, Каримов тузумининг мазали меваси!
Эҳҳҳ, мустақиллик, йўқ, адашдим, Каримов тузумининг шарофатини айтган билан адо бўлмайди!
Бир илож қилиб оёққа туриб олган тадбиркор ва фермерларимизни эса Ҳукумат амалдорларининг ўзи ноқонуний йўллар, минг бир баҳоналар билан то бор будини шилиб, ялонғоч қолдирмагунча, ётиб уйқулари келмайди.
Мана, бизнинг Қашқадарёда на тоза ичимлик суви, на электр энергияси, на табиий газ бор. Ҳукумат пичоқ, найза билан эмас, бигиз билан халқнинг қонини сўриб ётибди. Аҳолини қийнаб, минг бир азоблаб ўлдиришмоқда.
Олий маълумот олиб қайтган ёшларимиз касб йўналиши бўйича ишга жойлашай деса, орқасидаги таянчига, ҳамёнидаги соққасига қарашади. Ўзбекистонда “Ё заринг бўлсин, ё зўринг бўлсин” деган замон бўлиб қолди ҳозир! “Оғзи қийшиқ бўлсаям бойнинг ўғли сўйласин” деган замон бўлиб қолган бугунги кунда. Зўравонлик кўчайиб кетган.
Бу ноҳақликка асосланган ҳукуматнинг дастидан исломий илмга эга бўлганлар ҳам бенасиб қолмади. Кейинги пайтларда исломдан хат-саводи бор имом-мўллаларни “сен ваҳобийсан” деган уйдирма, бўҳтону туҳматлар билан оммавий равишда қама-қама ишлари авж олган.
Менда “Нега шундай?!” деган савол туғилади. Ахир собиқ СССР даврида ваҳобий, террорист, зўравонлар йўқ эди-ку?! Порахўрлар ҳам. Эндигилик кунда мустақиллик даврида, аниқроғи Каримовнинг подшоҳлик даврида ҳукумат раҳбарлари ўз манфаатлари йўлида давлатни кемириб, одамларни бепичоқ бўғизлаб ётишибди. Халқимиз сувсизликдан, свет ва газнинг йўқлигидан хор бўлди, хор. Ўзбекистон аҳолисининг 10 % гина амалдорлар хизматида бўлганлиги сабабли ҳам одамдек яшаш бахтидан баҳра олмоқда, холос.
Тўкин ҳаёт кечираётган ҳарбий хизматчилар, суд-ҳуқуқ идоралари, ички ишлар, прокуратура соҳасида фаолият юритаётган амалдорларни 10 % деб оладиган бўлсак, фаровон яшаётганларнинг қаторига яна 10% бизнесменларни қўшишимиз мумкин. Ўзбекистон аҳолисининг қолган 70 фоизи қашшоқликда умргузорлик қилмоқда, ахир.
“Озодлик “ радиосининг қадрли муҳаррирлари!
Хўш, мени баҳс майдонига таклиф қиласизми? Мен Ислом Каримов тузимини ерга қўймай, кўкка кўтариб мақтайдиган, таърифини тилдан қўймайдиган маддоҳлар билан баҳслашишга, беллашишга тайёрман.
Ушбу номам ҳотимасида машқ қилган бир шеъримни ҳам эътиборларингизга ҳавола этмоқчиман:
Мен шоир эмасман. Камчиликлари учун олдиндан узр сўрайман:
Каримов деб аталар,
Юртбошимиз,отамиз!
Газ деганин Руссияга,
Хитой сари сотамиз!
Газ, светни сота-сота,
Дўпписини отади,
Абдуғани ўғли кўп
Доллурларга ботади.
Сон-саноқсиз аҳоли
Совуқда муз қотади!
“Ҳеч кимдан кам эмасмиз!”
Кўкрак керсак арзийди.
Ёт юртдан ҳам ўн миллион
Мардикор чиқса қанийди?!
Ҳеч кимдан кам эмасмиз!
Кам бўлмадик, ҳеч қачон!
(Ўзиб кетдик пойгада!)
Ўзбекнинг қоқ ярими
Ўзга элда саргардон!
Қизу жувон ҳорижда,
Тирикчилик илинжда.
Қўли тўрт танга кўрса,
Кўкси тўла севинч-да!
Кам бўлмадик ҳеч қачон,
Ҳуқуқсизлик бобида!
Мустақил Ўзбекистон
Порахўрлик батқоғида.
“Келажаги буюк давлат”
Қилди шаксиз, шубҳасиз.
ОТАМИЗ 20 йил,
Таътил олмайин, эсиз…
Эрта-ю кеч радиода
Қўшиғу куй янграйди.
Кун кўрмаган аҳоли
Алам ила инграйди.
Телевизорда ҳар кун байрам,
Бўлар тўй-у тантана.
Оч қоринга қўшиқ ёқмас,
Аҳоли қилар тана.
Эҳ,
Бу азоблар айтган билан,
Тугай қолса қанийди?!
Диктатор отамизни
Барча эллар танийди.
“Барча ёшлар болам “дея,
Кўпиради, ёлғондакам куяди.
Амалда аҳолини,
Ўтмас тиғла сўяди.
Қийноқлар оғушида,
Ит азобда яшаймиз.
Буюк давлат қурамиз деб,
Ўзганимас,Ўзимизни алдаймиз.
Муҳтарам “Озодлик”!
Сизларга самимий таклиф билан чиқувчи “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Қашқадарё вилояти, Қамаши туман бўлими раҳбари Ҳaсан Арабович Чориев.
22 январь, 2012 йил.