
Ҳар сафар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташриф буюриши арафасида, вилоят ҳокими ишдан бўшатилади, деган миш-миш халқ ўртасида жуда тез тарқаларди. Бунга ҳоким томонидан вилоятдаги кўплаб муаммоларнинг ҳал қилинмаётгани асосий сабабдир. 2012 йилнинг 24 январида ана шу миш-мишлар ҳақиқатга айланди. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мамлакат Конституциясининг 93-моддаси 15-банди ва 102-моддасига мувофиқ Хоразм вилояти ҳокими Оллаберган Ҳайитбоевич Оллабергановни Хоразм вилояти ҳокими лавозимидан озод этиш ҳақидаги фармонга имзо чекди.
Урганчда бўлиб ўтган Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. Мазкур сессияда Хоразм вилояти ҳокими Оллаберган Оллабергановни эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Собиқ ҳоким ҳақида халқ орасида “Унинг биз учун иссиғи ҳам, совуғи ҳам йўқ эди, юқоридан буйруқ берилса, мисол учун дўпписини келтир, дейилса, у доимо калласини опкеларди”, деган фикр юрарди. Халқни қийнаётган кўплаб муаммолар эса ҳар доимгидек ҳал қилинмасди. Унинг ўрнига вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи қилиб, шу кунгача ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Пўлат Раззоқович Бобожонов тайинланди.
Валерий НАЗАРОВ,
Бахтиёр МАҲМУДОВ.
Хоразм. 25.01.2012 й.