ОДАМЛАР ОРАСИДАГИ ГАПЛАР

Носир Зокир

Шу кунларда Наманган шаҳри кўчаларига чиқсангиз,  бекатларда 20-30 нафар йўловчиларнинг соатлаб хусусий таксиларни кутиб турганликларига гувоҳ бўласиз. Биз бунинг сабабини суриштиришга ҳаракат қилдик.

Маълум бўлишича, ҳокимиятни расмий ёки оғзаки буйруғига кўра хусусий таксилар эгаларидан машиналарини сариқ рангга бўяш талаб этилибди. Бундан хабардор бўлмаган транспорт воситалари ҳайдовчиларнинг машиналари йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан олиб қўйилиб, уларнинг ўзлари жаримага тортилмоқда. Жарима эса хусусий машина эгаларидан транспорт воситасининг сариқ рангга бўялмаганлиги учун эмас, балки лицензия бўлмаганлиги учун ундирилаяпти.

Масалага янада ойдинлик киритиш учун сариқ рангли машинага чиқиб, унинг ҳайдовчисидан ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдим. Уни айтишича, хусусий машиналар эгалари, кира қилиш учун лицензия сўраб боришса, уларга: «Аввал машинангни сариқ ранга бўя, кейин лицензия оласан», деб жавоб қайтаришибди. Сариқ рангга бўялган автомашиналар мажбурий равишда бир автосервисга бирлаштирилиб,  аъзо бўлган машиналар автосервис ихтиёрига ўтказилади.

Мен сухбатлашган киракаш, автосервис раҳбарига: «Агар, вақти келиб, мабодо ташкилот банкротга учраса, хусусий машиналаримиздан ажралиб қолмаслигимизга сиз кафолат бера оласизми?” деган саволига аниқ жавоб ололмабди.

Ўзи бизда азалдан шунақа. Юқоридан бир шахсни бир ташкилотга раҳбар этиб тайинлашади-да, “Мана шу ишни қиласан!”, деб топшириқ беришади. У эса, бу ишни охири нима билан тугашини ўйлаб ҳам ўтирмай, буйруқни бажаришга киришади. Қилинаётган иш қонунга тўғри келадими, йўқми,  бу ҳақда ҳеч ким бош қотирмайди. Ҳамма фақат ўша буйруқни бажаришни ўйлайди, холос.

Хусусий  такси автомашиналарни автосервисга бирлаштириши йўл кира нархларининг ошишига хам олиб келмоқда. Масалан, Наманган шаҳрининг микрорайонидан  марказгача сариқ рангга бўялган такси ҳар бир кишини 2000 сўмга олиб борса, хусусий киракашлар 1500 сўмга олиб бораяпти.

Илгари эса микрарайон ичига 500 сўм, шаҳаргача 1000 сўм эди. Аслини олганда киракашлик қилаётган хусусий машиналарни бирор бир ташкилотга бирлаштириш ғояси ёмон эмас. Ҳар ҳолда ривожланган ёки ривожланаётган мамлакатларда худди шундай йўл тутилади. Бироқ Ўзбекистон шароитида бундай йўл халқнинг иқтисодий аҳволига салбий таъсир қилаётган бўлса,, халқнинг норозилигига сабаб бўлаётган бўлса, демак бундай сиёсатдан воз кечиш керак!

Мен бу  билан кимларгадир ақл ўргатмоқчи эмасман. Аммо менинг билишимча, давлатнинг учта асосий вазифаси бор. Биринчидан,  мамлакат халқининг тинчлигини таъминлаш учун чегараларни мустаҳкамлаш. Иккинчидан, мамлакат ичида Конституция ва қонунларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш. Учинчидан, фуқароларнинг эркин меҳнат қилишлари учун етарли шарт-шароит яратиб бериш. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида аниқ ва равшан қилиб белгилаб қўйилган.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида хусусий мулк давлат томонидан муҳофаза қилиниши ёзиб қўйилган. Демак, автомашина фуқаронинг шахсий мулки. Ундан қандай фойдаланиш эса унинг ҳуқуқидир. Фақатгина киракашлик қилиб тирикчилик қилаётган шахс солиқларни ўз вақтида тўлаб турса, кифоя. Бунинг учун уларни норози қилмай, ҳар бир киракашлик қилаётган фуқаро номига бирор бир банкда ҳисоб рақами очиб қўйилсин. Ва хусусий такси ҳайдовчиси ҳар куни  автосервисга тўлаётган маблағни ўз ҳисоб рақамига тушириб турса, яхши бўлади-ку.

Шундай қилинса, пул қандайдир мафиоз ёки бошқа манфаатдор шахсларнинг чўнтагига эмас, балки тўғри давлат хазинасига тушади.  Баъзи раҳбарларни бу қониқтирмаяпти, шекилли.

Одамларимиз Россия ёки Қозоғистонга бориб, мардикорлик қилмай ўз ватанида, давлатдан бир тийин сўрамай, ўзининг хусусий машинасида тирикчилик қилаяптими, бунга халақит қилмасдан  шарт-шароит яратиб бериш давлат органларини вазифаси эмасми?

Носир Зокир.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares