МИНАЛАРНИ ЙЎҚ ҚИЛАЙЛИК !

Тангриев Адхам

Маълумки, 1997 йилнинг 3-4 декабр кунлари Канаданинг Оттава шаҳрида БМТнинг “Пиёдаларга қарши миналарни қўллаш, заҳира қилиш, ишлаб чиқаришни таъқиқлаш ва уларни йўқ қилиш тўғрисида” ги Конвенция имзоланган эди. Оттава Конвенцияси деб аталмиш бу Конвенция 1999 йилнинг 1 март куни кучга кирди. Бугунга келиб бу Конвенцияни 150 мамлакат имзолаган.

Менимча, Марказий Осиёдаги барча давлатлар бу Конвенцияга қўшилиб, Марказий Осиё ҳудудида ўрнатилган барча миналарни ва ўзларидаги барча мина заҳираларини йўқ қилиш орқали Марказий Осиёни миналардан ҳоли бўлган ҳудудга айлантиришлари лозим. Ҳозирги кунга келиб Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ушбу Конвенцияга қўшилган бўлса, миналарни ўзларининг хавфсизлигини таъминловчи қуроллардан бири сифатида кўрувчи Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон расмийлари ҳалигача уни имзолаб, ратификация қилишдан бош тортиб келмоқда. Халқаро экспертларнинг фикрича Қозоғистонда 1000 000 дан ошиқ, Ўзбекистонда эса 250 000 атрофида мина бўлиб уларнинг 90 фоизининг қўллаш муддати тугаган. Тожикистон ва Туркманистон ўз омборларидаги барча миналарни йўқ қилиб Оттава Конвенциясининг 4 – моддаси талабини тўлиқ бажаргани, шубҳасиз, олқишга ҳамда уларнинг қўшниларига ўрнак бўлишга сазовор амалдир. Қозоғистон ва Қирғизистон Оттава Конвенциясига қўшилмаган бўлса ҳам миналарни деярли қўллашмаётган бир пайтда Ўзбекистон миналардан кенг фойдаланмоқда.

2000 йилда Ўзбекистон бир томонлама равишда Ўзбекистон – Тожикистон чегарасини миналаштириб чиқди. Ўшандан бери Ўзбекистон ўрнатган миналардан 160 дан ошиқ одам жабр чекди. Улардан 74 таси ҳалок бўлди. Миналаштирилган ҳудудлар харитасини бериш тўғрисидаги Тожикистоннинг илтимоси Ўзбекистон томонидан жавобсиз қолдирилмоқда. Ўзбекистон расмийлари Ўзбекистон–Тожикистон чегарасини террористлардан ҳимояланиш мақсадида миналар ўрнатилганини айтиб келаётган бўлса ҳам шу ўрнатилган миналардан ўтган 11 йил ичида бирорта террорист ҳалок ёки ярадор бўлгани йўқ. Аксинча, бу миналардан тинч аҳоли –аёллар, болалар, қариялар ҳалок бўлаётгани, уларнинг деярли барчаси Шимолий Тожикистонда яшайдиган ўзбек миллатига мансуб инсонлар эканлиги ҳаммага маълумдир. Масалан, ўтган йилнинг июл ойида Панжикент туманида яшовчи 34 ёшли чўпон Мухсин Мирзаев йўқолиб қолган отини қидириб юрганида Ўзбекистон ҳарбийлари қўйган минага йўлиқиб портлаб кетди. Тожикистоннинг 15 миллион квадрат метр ҳудудини мина хавфи туфайли қишлоқ хўжалик мақсадларида фойдаланишнинг иложиси йўқ.Бу эса фуқаролик уруши натижасида кўп талофат кўрган Тожикистон иқтисодиёти учун анча зарар етказмоқда. Мен Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳукуматларини юқорида келтирилган фактларни эътиборга олиб Оттава Конвенциясини имзолаб, ратификация қилишга чақираман, чунки бегуноҳ одамларнинг қони тўкилишини истамайман.

Тангриев Адхам

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares