“ОИЛА ЙИЛИДА КАРИМОВ ИСТАГАН АЁЛИГА УЙЛАНИШИ МУМКИН, ҲОҲЛАСА ЎНТАГАЧА ХОТИН ОЛИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА”
Биз Ўзбекистон Президенти 2012 йилни “Оила йили” деб эълон қилганида, демак, бу йил мамлакатдаги мавжуд оилаларнинг мустаҳкамлиги, тинч-тотувлиги, тўкинлигига эътибор қаратилар экан-да, деган хаёлга боргандик. Бугун, 23 январь куни Самарқанд вилояти Самарқанд туман прокурор ўринбосари Алишер Шамсиев бу фикримизнинг хомхаёл эканлигини ўз иш жараёнида инкор қилилб бўлмайдиган факт асосида исботлаб берди.
Самарқанд туман прокурор ўринбосари жаноб Алишер Шамсиевга кўра “КАРИМОВ ИСТАГАН АЁЛИГА УЙЛАНИШИ МУМКИН, агар истаса, ўн маротаба хотин олиш ҳуқуқига эга”.
Гап шундаки, бугун прокуратурани жабрдийда фуқароларнинг арз-додини тинглайдиган ҳукуматнинг ҳуқуқ идораси дея ҳомтама бўлган икки болали аёл умид билан Самарқанд туман прократурасининг эшигини чертганди.
Прокурор қабулхонасига кирган аёл ўринбосар Алишер Шамсиевга рўпару бўлди. Бир қўлида 4 ёшли боласини етаклаб, иккинчи қўли билан уч ойлик гўдагини опичлаб олган жувон қўллари бандлиги сабаб ёнидаги шикоят аризаси битилган қоғозларни чиқаришга анча қийналиб турди.
– Нима арз билан келгансиз ўзи? Қоғозингизни, аризангизни қўя туринг, оғзаки гапираверинг, – деди Шамсиев жувонга бош-оёқ нописанд назар ташларкан.
Шуни кутиб тургандек, аёлнинг кўзлари намланди, кўнгли тўлиб, юрагидаги ҳасратлари-армонларини тўкиб солди:
– Мен Самарқанд туманининг Даштисухта қишлоғида туғилганман. Ҳамдамова Зебоман. Булар эса менинг болаларим.
2007 йилнинг сентябрь ойида Самарқанд шаҳар никоҳ уйида Каримов Жамшид билан қонуний никоҳдан ўтгандим. Оилавий ҳаётимиз давомида икки нафар фарзандли бўлдик. Бугунги кунда эса Каримов Жамшид мен билан қонуний ажрашмасдан туриб, никоҳимизни бекор қилмасдан, мени икки болам билан кўчага ҳайдаб, шу кеча кундузда ўзга бир қизга уйланиб олмоқда. Исломий никоҳ ўқитмоқда. Қонунчилигимизда икки хотинликка жиноий жавобгарлик бор деб эшитганман. Мен қишнинг совуғида икки болам билан кўчада дарбадар қолдим.Оила йилида болаларимнинг саргардон бўлиши тўғрими? Шу сабабли эрим Каримов Жамшидга қонуний чора кўришларингизни талаб қилиб келдим, – деди Зебо кўз ёш қилиб.
Жувоннинг арз-додини истар-истамас тинглаган прокурор ўринбосари А. Шамсиевнинг энсаси қотди:
– Аёл кишининг сочи узун, ақли калта деб шунга айтсалар керак-да. Ахмоқ хотинлар, – деди ғижиниб, – Нима, йигит кишини мажбуран эр қилиб олиб ўтирмоқчимисан? Оила йили бўладими, бошқасими, фарқи йўқ, шу нарсани қулоғингга қуйиб ол: Каримов истаган аёлига уйланиши мумкин, агар ҳоҳласа ўнтагача хотин олиш, уйланиш ҳуқуқига эга. Прокуратура эр-хотин ўртасидаги шахсий масалада қозилик қиладиган идора эмас!
– Болаларимнинг уй-жойсиз кўчада қолиши, Каримовнинг никоҳни бекор қилмасдан туриб, қўш хотинли бўлиши жамиятнинг иши эмас, шахсий масала бўлдими?, – деди жувон ўкиниб.
– Шунақасанлар-да! Тилларинг бурро, узун бўлганлиги учун ҳам хорсанлар. Бор, қаерга борсанг бор, аризанг қабул қилинмайди. Биз оилавий ишлар билан шуғулланмаймиз, – деди Самарқанд туман прокурор ўринбосари Алишер Шамсиев қўли билан “кишт-кишт” ишорасини қиларкан, виқор билан.
– Нега энди? Қонун идорасимисиз? Мен жабрдийдаман. Аввал менинг шикоят аризамни ўқиб чиқинг, қабул қилиб олинг. Кейин, қабул қилиб олганлигингиз ҳақида аризамнинг иккинчи нусхасига имзо чекиб беринг. Мен кетганимдан кейин эса, шикоят аризам билан шуғулланасизми, уни ахлат челакка ташлайсизми, бу сизнинг ихтиёрингиз. Лекин ҳозир аризамни қабул қилиб олишга мажбурсиз, – деди икки болали аёл ҳам бўш келмай.
– Оҳҳҳо-оо, кўнглингиз яна нималарни истайди?, – кинояли пичинг қилди Алишер Шамсиев, – Адвокатингиз сизни хўп ўқитган кўринади? Боринг, билганингизни қилинг, барибир аризангиз қабул қилинмайди?
– У ҳолда почта орқали буюртма хат қилиб жўнатаман, манзилларингизни айта оласизми? – жавдиради жувон.
– Чиқинг дедим, йўқса ҳозир милисаларни чақириб, куч билан ҳайдайман, – дағдаға қилди Алишер Шамсиев.
Тўрт-беш ёшлардаги гўдагини етаклаб, уч ойлик боласини опичлаб олган аёл ишончи чилпарчин бўлганча туман прократурасини ноумид тарк этишга мажбур бўлди.
Бу ҳолат суд, ҳуқуқ, прократура, ички ишлар идоралари, умуман олганда қонун, ҳуқуқ-тартибот идораларининг муттасаддилари билан арз қилиш истагида шикоят кўтариб келаётган оддий фуқаролар ўртасида ҳар куни содир бўладиган оддий ҳолатлардан бири.
Ҳуқуқий демократик жамият барпо этиш сари одим отаётганлигини иддао қилаётган Ўзбекитсон деб аталмиш руёлар ўлкасида худди шу тақлидда ҳар куни хотин-қизларнинг, болаларнинг, қўйингчи, жамики фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари айнан қонун идораларининг корчолонлари томонидан узлуксиз топталади, оёқ ости қилинади. Қайтарамиз, бу Ўзбекитсон учун одатий бир ҳол.
Телефон орқали Зебо Ҳамдамованинг минг бир изтироб билан айтаётган арзларини тингларканман, ўйланаман: оддий бир қушнинг, мусичанинг ини бузилса, нечоғлик чирқирайди, биласиз. Оиласи тутдек тўкилиб кетганидан дийдиё қилаётган аёл инсон – она-ку, бағридаги гўдаклар эса ҳали бола-ку? Айтингчи, икки гўдакнинг уй жойсиз кўчада дарбадар қолиши эр-хотиннинг шахсий ишими? Жаноб Шамсиев ҳақми? Сиз нима деб ўйлайсиз? Самарқанд туман прокурор ўринбосари Алишер Шамсиев нега Зебонинг шикоят аризасини қабул қилиб олишдан бош торттийкин? Бу саволимизга жабирдийда аёлнинг ўзидан шундай жавоб олдик:
Қайдам, билмадим. Агар адашмасам, зам. прокурорни турмуш ўртоғимнинг фамилияси чўчитди чоғи. Каримов-да! Алишер Шамсиев эрим Жамшид Каримовни президентимиз Ислом Каримовнинг қариндош-уруғларидан бўлса керак, деган ҳадикда шикоят аризамни қабул қилмади. Бизда, Самарқанд вилоятида, Самарқанд шаҳрида, Самарқанд туманида ўзи шунақа. Амалдорлар Каримов фамилиясидаги одамлар билан эҳтиёткор муносабатда бўлишади. Президент Каримовнинг қариндоши чиқиб қолишидан, агар шундай бўлиб чиқса, амаллларидан учиб кетишдан, ишларидан айрилиб қолишдан қўрқишади. Менимча шундай. Эримга Каримов деган фамилияси кўмак берди. Эссиз, ҳали прокурор ўринбосари Алишер Шамсиев билан бўлган суҳбатда турмуш ўртоғим Каримовнинг Президент Қаримовга ҳеч қандай қариндошчилиги йўқлигини, шунчаки фамилиядош эканлигини қистириб ўтмаган эканман, шунга ачинаман. Шу гапни айтганимда, шикоят аризамни қабул қилган бўлармиди?, – дея ўкинади Зебо Ҳамдамова биз билан бўлган суҳбат сўнгида.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Самарқанд туман прокурор ўринбосари Алишер Шамсиев, агар адашмасак, фикру ожизимизча, Шамсиевлар сулоласидан. Бу сулоланинг аксарият вакиллари қатор йиллардан буён суд-ҳуқуқ, прокуратура тизимида фаолият юритиб келади. Шамсиевларнинг ҳозирги Ўзекистон Олий судининг раиси Буритош Мустафоевга қариндошлиги иддао қилинади. Бундан ўн йилларча илгари Буритош Мутсафоев ўзининг юксак мансаб лавозимидан айрилиб қолган кезларида, суд-ҳуқуқ, прокуратура тизимида тер тўкаётган Шамсиевлар сулоласига нисбатан “ов” ишлари бошлаб юборилганди. Бундай “ҳужум”лар натижасида, ўша пайтларда Жиззах вилоятининг Жиззах туман прокурори вазифасида фаолият олиб бораётган Шамсиевлардан бири қотиллик жиноятини ёпди-ёпди қилиш борасидаги “меҳнати” эвазига 50.000 $ ( эллик минг ) АҚШ долларини пора сифатида олиётганида қўлга олинган ва узоқ муддатли қамоқ жазосига бадарға этилганди.
Биздаги маълумотлар панд бермаса, Шамсиевлар сулоласи вакили Алишер Шамсиев, жабирдийда Зебо Ҳамдамованинг тахминига кўра, унинг турмуш ўртоғи Каримов фамилиясида бўлганлиги сабабли, “Президентимизнинг хеши бўлмасин яна?” деган хаёлда шикоят аризани қабул қилишдан чўчиб, лабидан учуқ тошган.
Бунинг натижасида, бир фуқаронинг, қахратон қишда икки норасидаси билан уй-жойсиз кўчада қолган аёлнинг шикоят аризаси ҳавода муаллақ қолди.
– Мен ушба шикоят аризамни Президентимиз, ҳукумат раҳбарларимиз ўқишларини истайман, – дейди Зебо.
Биз Зебо Ҳамдамованинг ўз шикоят аризасидаги барча фикрлари тўғри, аёл том маънода ҳақ деган фикрдан йироқмиз, бироқ, Ўзбекистондаги мавжуд қонунчиликка асосан, прокуратура ходимлари аёлнинг аризасига ҳоҳ ижобий, ҳоҳ салбий маънода – қандай жавоб қилишидан қатъий назар, унинг шикоят аризасини қабул қилиб олишга мажбур эди, бизнингча шундай.
Биз З. Ҳамдамованинг қоғозга туширилган ҳасратларига кўз югуртирдик. У узундан узоқ, нақд 6 саҳифа. Маодомики, Зебо шикоят аризасини Ўзбекистон ҳукуматининг эгалари ўқишини истар экан, баски, туман хўжайинларидан бири саналмиш Самарқанд туман прокуратураси чиновниклари ушбу аризани қабул қилишдан бош тортар экан, биз икки боласи билан аросатда қолган аёл каби ҳавода муаллақ қолган ушбу шикоят аризани имкон қадар қисқартириб бўлса-да ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилишни лозим топдик.
Мана, Самарқанд вилояти, Самарқанд туман прокурор ўринбосари жаноб Алишер Шамсиев қабул қилиб олишдан бош тортган шикоят аризанинг мухтасар матни:
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ
И. А. КАРИМОВга
Нусхаси: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ
Ш. М. МИРЗИЁЕВга
Нусхаси: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИ
Р. ҚОДИРОВга
Нусхаси: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ
ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ РАҲБАРИ
Р. ИНОЯТОВга
Нусхаси: САМАРҚАНД ВИЛОЯТ ПРОКУРОРИга
Нусхаси: САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ, САМАРҚАНД ТУМАН
ПРОКУРОРИга
САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ,
САМАРҚАНД ТУМАНИ, ДАШТАКИБОЛО Қ.Ф.Й,
ДАШТИСЎХТА ҚИШЛОҒИДА ЯШОВЧИ
ҲАМДАМОВА ЗЕБО АБРОРОВНАдан
Ш И К О Я Т А Р И З А
Муҳтарам Президентимиз Ислом АБДУҒАНИЕВИЧ!
… ушбу – 2012 йилни сиз томонингиздан “Оила йили” деб эълон қилиниши биз аёлларни, ёш оналарни, барча уй бекаларини беҳат қувонтирди.
Муҳтарам Ислом АБДУҒАНИЕВИЧ!
… жамиятимизда шундай инсонлар, аниқроғи, оталар борки, тўқликка шўхлик қилиб, фарзандини ота меҳрига зор айлаб, тирик етиб қилаётгани етмагандек, ўз пуштикамаридан бўлган фарзандини моддий жиҳатдан таъминлаш мажбуриятидан ҳам бўйин товлаб, қочиб юрибди, қолаверса, ўз рафиқаси билан қонуний никоҳдан ажралмасдан туриб, исломий никоҳдан ўқитиш орқали иккинчи бор хотин олмоқда, уйланиб олмоқда. Мен ўйлайманки, ўз оиласи, ўз фарзандлари олдидаги оталик масъулиятини ҳис қилмайдиган, бурчини адо этмайдиган оталарни ҳукуматимиз ҳам кечирмайди. Чунки шу ҳақиқат аёнки, ўз оиласи, ўз жигарбандларига хиёнат қилган ота ҳеч вақт мамлакатга, Ватанга садоқатли бўлаолмайди. Ўз фарзандларига, муқаддас ҳисобланмиш оиласига ҳиёнат қилган одам Ватанни ҳам асон ва арзон сотиши, оёқ ости қилиб кетиши ҳеч гап эмас.
Муҳтарам ПРЕЗИДЕНТ!
Сиз мамлакатнинг барча ёшлари, болалари менинг фарзандларим деб фахрланасиз.
Бугун сизга мурожаат этишимдан мақсад-муддаом шундаки, айни шу кунларда сизнинг икки нафар фарзандингиз – кўзимнинг оқу-қораси бўлган қизалоқларим, ҳали 5 ёшга ҳам тўлмасдан, эсини танимасдан, гўдаклигидаёқ отасидан тирик етиб бўлиб, бошпанасиз қолмоқда.
Муҳтарам Ислом АБДУҒАНИЕВИЧ!
Мен сизга, сизнинг шарифингизга ниҳоятда ҳавас қилгандим. Бироқ, кўп афсуски, КАРИМОВ фамилиясини олганларнинг барчаси ҳам ақлли, оқил, оилапарвар, комил инсон бўлавермас экан. Мен Сизнинг фамилиянгизга ҳавас қилиб, Каримов шарифли шахсга турмушга чиққандим. Бироқ, афсуски, турмуш ўртоғим Каримов деган фамилияни оқлай олмади.
Аниқроғи Жамшид Каримов беўй, беақл, масъулиятсиз ва тутуруқсиз чиқди.
Гап шундаки, мен Ҳамдамова Зебо …
… 2007 йилнинг сентябрь ойида Самарқанд шаҳар никоҳ уйида 1981 Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани, Даштакибало қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Кавчинон қишлоғида туғилган Каримов Жамшид Раббимович билан қонуний никоҳдан ўтганман.
2008 йилнинг 28 июль кунида қизимиз Раббимова Сабрина Жамшидовна туғилди. Бизнинг оилавий келишмовчилигимиз биринчи фарзандимиз дунёга келганидан кейин ҳам барҳам топмади, қайтага, аксинча, катталашиб, кескинлашиб борди. Бу орада турмуш ўртоғим ишлагани Россия мамлакатига кетди. Мен қайнонам билан уйда қолдим. Гарчи уйда турмуш ўртоғим бўлмаса-да, … келишмовчиликлар табора авж олиб борди. Таҳқирлаш ва азобларга дош беролмагач, мен бир нафар гўдагим билан келинлик уйимни тарк этишга, ота-онамникига бориб яшашга мажбур бўлгандим. Турмуш ўртоғим Россиядан келгач, мен билан яшамаслигини, бошқа аёлга уйланишини очиқ-ойдин айтадиган бўлди. Оилавий жанжаллар шу даражага бориб етдики, натижада мен 2010 йилнинг 22 июнь кунида Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судига алимент ундириш ва никоҳни бекор қилиш ҳақида даъво ариза киритишга мажбур бўлдим.
2010 йилнинг 1 июль куни судья М. Ҳакимова менинг даъво аризамни мазмунан кўриб чиқиб, … алимент ундириш, шунингдек, … нафақа ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарорини чиқарди.
Судья М. Ҳакимованинг 2010 йилнинг 1 июль куни чиқарилган суд қарори ижрога берилгач, жавобгар томон, фарзандимнинг отаси Каримов Жамшид фарзандига алимент тўламаслик ва менга нафақа пули бермаслик илинжида, кейин билишимча, муғомбирлик йўлига ўтди. Яъниким, турли хил ҳийла-найранглар билан, мендан минг бор узр сўраб, ярашиш йўлларини қидирди. Мақсадига эришди ҳам. Менинг ишонувчанлигим, кўнгилчанлигимдан фойдаланиб, ярашиб олди. Мен қизимизнинг отасиз вояга етишини истамаганлигим учун ҳам турмуш ўртоғим – болаларимнинг отаси билан ярашишга рози бўлдим. Бизнинг оиламиз қайта тиклангач, ярашганимиздан кейин, маълумки, ўз-ўзидан алимент ва нафақа ундириш борасидаги суд қарорининг ижроси тўхтатилди.
Турмуш ўртоғим Каримов Жамшид ярашганимиздан кейин, Россия сафарига отланаркан, мени ҳам алдаб-авраб Россияга ишлагани олиб кетди. Қизим Сабринани онамга ташлаб, эримга эргашиб, Россияга бордим. Аммо боргачгина, у мени алдов йўли билан мусофир юртга олиб келганини англадим. У бегона юртда мени ҳар куни уйга қамаб, аёвсиз калтаклар, азоблар, кейин яна устимдан қулфлаб кетарди. Ишлатмасди ҳам. Уйдан чиқармасди ҳам, кўкарган юз-кўзларимни, қаварган баданимни биров кўришини истамаганлиги учун ҳам, Россияда мени бир неча ой уй қамоғида сақлади. Ўзи эса Самарқанд шаҳридан Россияга ўзи каби ишлагани келган, турмушидан ажралган икки болали бир аёл билан кайфу-сафо қиларди. Бу пайтда эса мен иккинчи фарзандимга ҳомиладор бўлганлигимни англадим. Кейин менинг ҳолимга ачинган ҳамюртларимиз менга пул йиғиб, турмуш ўртоғим Жамшиднинг қўлидан қочиб қутилишимга кўмак беришди. Самолётга билет олиб беришди. Мен Жамшиднинг қўлидан қочиб-қутилишга муваффақ бўлдим. Ватанимга қайтганимдан кейин, онамнинг уйига келдим.. … Бироқ мен ҳомиламдан воз кечаолмасдим. Чунки бу пайтда ҳомилам 4-5 ойлик бўлганди. Иккинчи фарзандим туғилгач, зора инсофга келиб қолса, деган умид билан, 2011 йилнинг 6 ноябрь кунида иккинчи фарзандимиз Раббимова Гулчеҳра Жамшидовнани дунёга келтирдим. 2007 йилда турмуш қурган бўлсам, шу беш йил давомида келин бўлиб тушган уйимда беш ой ҳам яшаш насиб этган эмас. Беш йиллик умрим қувғинда, калтак ва ҳақоратлар, ҳиёнатлар остида, ота-онамникида ўтди.
Иккинчи фарзандим туғилди, 3 ойлик бўлдиямки, отаси – Каримов Жамшид бирор марта ҳам хабар олган эмас, ҳатто икки фарзандининг ейиш-ичиши, уст-боши учун сариқ чақа ҳам харажат қилган эмас.
2011 йил декабр ойининг ўрталарида Россияда ишлаб, Ўзбекистонга қайтган турмуш ўртоғим Каримов Жамшид фарзандларини кўриш учун келган эмас, аксинча, .. хотин олиш тараддудига тушиб кетди.
Яқингинада турмуш ўртоғим Самарқанд туманининг Андижони маҳалласида яшовчи ўз қариндошининг қизига иккинчи бор унаштирилди…
… Икки нафар фарзанднинг отаси, турмуш ўртоғим Каримов Жамшид ҳали мен билан қонуний ажралмасдан туриб, болаларини боқиш, оёққа турғазиш, моддий таъминлаш ўрнига, бугунги кунда ўз тўйига таклифнома тарқатиб юрибди. Бир-икки йил Россияда ишлаб келган маблағини болаларига эмас, дабдабали тўй қилиб, иккинчи бор уйланишга, хотин олишга сарфламоқда. Шу йилнинг 24 январь куни эрим Каримов Жамшиднинг иккинчи никоҳ тўйи. У қайта уйланмоқда.
Муҳтарам ИслоМ АБДУҒАНИЕВИЧ!
Оилавий ҳаётда кўрган қийинчиликларим, ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб, шунга амин бўлдимки, … энди болаларимнинг отаси – Каримов Жамшидни инсофга чақиришнинг ҳеч ҳам имкони йўқ. Устига-устак у қайта оила қуриш учун чиқим чиқариб, фотиҳа тўйини ўтказиб, тўй кунини ҳам белгилаб, таклифномаларни тарқатиб ҳам бўлди. Аммо дунёга келтирган икки нафар фарзандининг тақдирини ўйлаган эмас.
Муҳтарам ПРЕЗИДЕНТ!
Сиз 2012 йилни “Оила йили” деб номладингиз. Бу мамлакатимизда оилага катта эътибор берилаётганлигидан, оила давлатмиз, ҳукуматимиз ҳимоясида эканлигидан далолат. Чунки оила давлатнинг, жамиятнинг энг асосий буғини. Оила тинч, фарзандлар баркамол бўлса давлат ҳам, мамлакат ҳам мустаҳкам бўлади. Кўнгли ўзга аёлни тусаб қолган Каримов Жамшид кабилар эса оилани барбод қилиб, икки болани етим, бошпанасиз қолдирмоқда. Қонуний никоҳини бекор қилмасдан туриб, ўзга аёлга уйланмоқда. Ўз фарзандларини алиментсиз, моддий кўмаксиз, қаровсиз қолдириш истагида. Мен учун бир нарсани билиш ниҳоятда муҳим: Наҳотки, 24 январь куни икки нафар фарзандининг ризқи-насибаси эвазига элга ош бериб, дабдаба билан тўй қилиб, иккинчи бор ноқонуний уйланаётган Каримов Жамшид ва унинг бўлажак жуфтига исломий йўл билан бирорта имом ниоҳ қуббасини ўқиса? Ҳа, ишонаман, мана, кўрасиз. Каримов Жамшид ҳоҳлаган мачитдаги имомни чорлаб, никоҳ ўқитади. Имом “Уйланганмисан, қонуний ажрашганмисан? Болаларинг борми? Уларни таъминлаб қўйганмисан?” деб Жамшиддан сўраб ҳам ўтирмайди. Имом гарчи Ж. Каримовнинг тақдири, аросатда қолган оиласи, болалари ҳақида эшитган бўлса-да, кўзини шартта юмиб, никоҳ ўқийверади. Нега? Чунки бугунги имомлар ҳам, домла-мўллалар ҳам виждонларини жиғилдонларига урган. Уларга соққа – пул бўлса бас. Ўз онасини номаҳрамга никоҳлаб қўйишдан ҳам тойишмайди!
“Оила йили”да Каримов Жамшиднинг бу ҳатти-ҳаракатлари нафақат менга, ўз фарзандларига, балки мамлакат сиёсатига, давлатга қарши қилинган хиёнатдир. Қонунчилигимизда қонуний никоҳни бекор қилмасдан туриб, хотин устига хотин олиш жиноят ҳисобланади. Бундай ҳаракат учун қонуда жиноий жавобгарлик кўзда тутилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 126-моддасида “Кўп хотинли бўлиш… энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорида жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” дейилган. Халқимизда “Султон суягини хор қилмайди” деган гаплар бор. Каримов Жамшид эса ўз фарзандларини тирик етим қолдиргани етмаганидек, уларни яна моддий кўмаксиз, каровсиз ҳам қолдирмоқда.
Ҳурматли Ислом АБДУҒАНИЕВИЧ!
Тушунаман, эр кишини мажбуран ушлаб туриб бўлмайди, бунинг имкони ҳам йўқ. Эркак кишини ўзи истамаган аёли билан яшашга ҳеч ким мажбур қилолмайди. Шу нуқтаи назардан мен ҳам турмуш ўртоғим Каримов Жамшидни болаларимни рукач қилиб, қонун билан қўрқитиш орқали ўзим билан яшашга мажбурламоқчи эмасман, асло. Турмуш ўртоғим, модомики, кўнгли мени тусамас экан, ўзга аёл билан турмуш қуришга, ўзгага уйланиб, ўзга аёл билан яшашга минг карра хақли. Бунга монеълигим йўқ. Аммо аёл сифатида, хотин сифатида оила, рўзғор олдида, қолаверса, турмуш ўртоғим Жамшиднинг қаршисида мен гуноҳкор, мен айбдор бўлишим мумкин, аммо бу ерда норасидда болаларимнинг гуноҳи нима? Нима учун энди болаларим отасининг енгилтабиатлиги, калтаўйлигининг қурбони бўлиши керак? Шу сабабли Эрим Каримов Жамшид болаларимни кўчада қалдирмай, аввал уларни моддий жиҳатдан маъминлаши, мен билан қонуний ажрашиши керак эмасми?
Қонун идораларидан сўрайдиганим шу: турмуш ўртоғим Каримов Жамшиддан талаб қиладиганим шуки, аввал Жамшид мен билан ўртамизда тузилган никоҳни қонун йўли билан бекор қилиши лозим. Қолаверса, икки нафар фарзандини моддий жиҳатдан таъминламоғи, пошпана ва алимент тўламоғи шарт. Ана ундан кейин кўнгли тусаган аёли билан никоҳдан ўтиши, дабдабали тўй қилиш ҳуқуқига эга.
Муҳтарам Ислом АБДУҒАНИЕВИЧ!
Ўйлайманки, бугун ҳукуматимиз, қонун идоралари болаларимнинг отаси – турмуш ўртоғим Каримов Жамшид кабиларнинг жиловини тортмаса, тартибга чақирмаса, бу дунёда ҳар бир қилинган хатонинг, ҳар бир нотўғри қўйилган қадамнинг сўроқ-саволи борлигини унга эслатиб қўймаса, икки фарзанднинг тақдирига жавобгар эканлигини, масъул эканлигини ёдига солмаса, Жамшид кабилар ҳали яна кўп бор уйланиб, ҳали яна кўплаб фарзандларни дунёга келтирари