
Хабарингиз бор, Туроб Жўраевнинг Қашқадарё вилоятига ҳоким этиб тайинланганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. У ҳоким бўлиши билан бутун вилоят 4 кун давомида узлуксиз электр энергияси билан таъминланди. Кексалар янги ҳокимни росса дуо қилишди. Ахир собиқ ҳоким Зайниев даврида ҳеч қачон бундай бўлмаганди-да! У пайтлар аҳоли суткасига атиги икки соатгина электр энергияси билан таъминланарди. Фақат Зайниев ҳокимлиги даврида вилояидаги шифохоналарда умуман свет ўчмасди.
Туроб Жўраев ҳоким этиб тайинлангандан сўнг, тўрт кун ўтибоқ, Қашқадарё вилоятининг бутун ҳудуди бўйлаб электр энергияси ўчириладиган бўлди. Янги ҳоким буйруғига асосан ҳатто касалхоналар ҳам бундай эътибордан четда қолишмади. Эндиликда вилоят касалхоналарида чироқ билан ўтиришибди. Бир-икки раҳбарлар журъат қилиб бу ҳақда ҳокимга айтганларида, Туроб Жўраев “Бунлан кейин менга свет, газ гапириб ўтирманглар” дея шартта уларнинг оғзини ёпди.
Бу воқеадан хабар топган Шаҳрисабз шошилинч тез тиббий ёрдам шифохона врачлари ўзларича муаммонинг ечимини топишди. Улар ўз маблағлари ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқарадиган ускуна (движок) сотиб олишди. Эндиликда ким операция қилинадиган бўлса, ундан уч литр бензин олиб келиниши талаб қилинадиган бўлди. Ахир движокни ишлатиш учун бензин зарурда. Бечора врачлар қоронғуда қандай жарроҳлик операциясини амалга оширишади?
Энди тасаввур қилинг, кечаси соат 2-3 ларда биров кўричак бўлиб қолди. Ярим тунда унинг яқинлари бензин керак дея кимнинг эшигини тақиллатишади? Ўзи ҳозирги вақтда вилоятда бензин тақчил бўлиб турган бўлса! Мaбодо бензин топилмаса, аҳволи оғир бемор ўлиб қолиши мумкин-ку!
Ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани сўзлаб берай. “Ирригатор” маҳалласида яшовчи бир аёл операция қилинаётган пайтда бирданига свет ўчиб қолди. Шифокорлар шам, фонарь ёрдамида бир амаллаб операцияни тугатишди. Аммо ноқулай вазиятда қилинган операция жараёнида шифокорлар беморнинг операция қилинган аъзоси ичида бинтни унутиб қолдиришган. Оқибатда бечора аёл вафот этди.
Ҳозирги пайтда электр энергияи ҳар 15-20 дақиқада ўчиб, ёниб туради. Ўринли бир савол туғилади. Электр энергиясини ўчириб ёқишдан мақсад нима? Одамларни ўлдиришми? Менимча тепада ўтирганлар шундай йўл билан, яъни одамларни ўлдириш орқали аҳоли сонини камайтиришмокчи. Аҳоли кам бўлса, уларга яхши шекилли…
Ҳасан Чориев, “Бирдамлик” халқ ҳаракати фаоли



