Ислом Каримовга ишончим йўқолган кун

Маматқулова Муборакхон

“Акромийлар” деб аталган диний гуруҳ ва ҳукуматнинг  узоқни кўрмасдан қилган ҳатти – ҳаракатлари туфайли 2005 йил 13 майда Андижон шаҳрида қонли воқеалар содир бўлди. Содир этилган фожиа натижасида минглаб бегуноҳ одамлар бевақт дунёдан кўз юмди. Улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Мен 2005 йил 13 майда Марғилон шаҳрида эдим.  18 май куни Андижон шаҳрига қайтиб борганимда шаҳар ичида қатновчи транспортлар ҳаракати тўхтатилганини, шаҳарда комендант соати эълон қилинганини билдим. Шаҳар бўйлаб юриб борар эканман, ҳар икки қадамда махсус ҳарбий постлар жойлаштирилганини, ҳар икки қадамда махсус гуруҳ ҳужжатларни текшираётганини кўрдим. Уларнинг афти- ангори шунчалик қўрқинчли эдики, одамнинг юраги орқага тортарди. Бундан ташқари кўчаларга танк, пулемёт каби ҳарбий қуроллар ҳам жойлаштирилган эди.

2005 йил 13 майда Андижонда содир этилган қонли фожиаларнинг гувоҳи бўлган маршрутка ҳайдовчиси  бўлиб ўтган воқеаларни кўзларида ёш билан менга гапириб берди. Унинг айтишича, 2005 йил 13 май куни одамлар тўпланиб  “акромийлар” эгаллаб олган ҳокимият биносининг олдига келишган. Улар  раҳбарларидан кун сайин ошиб бораётган газ ва электр ҳаққини камайтиришни, бир ҳовлида 3-4 хўжалик яшаётганини ҳисобга олиб, уй -жой қуриш учун ер  беришни талаб қилишган. Улардан ёлғон ваъдаларни эмас, ушбу масалаларни ҳал қилиб беришни талаб қилишган. Махсус тузилган ҳарбий гуруҳ қуролсиз одамларга қарата ўқ ота бошлаган. Одамлар қўрққанидан ҳар томонга қоча бошлаган. Ҳарбийлар бу бола, бу аёл, бу қария демасдан дуч келган одамни отиб ташлашган. Андижон шаҳар кўчалари бегуноҳ қурбонларнинг қонига бўялган. Биз шаҳар кўчаларини айланиб ўтар эканмиз, эски шаҳарга олиб борувчи катта кўчанинг асфальтида қонларни кўрдим. Кимлардир бегуноҳ нобуд бўлган одамларнинг  қонлари тўкилган  йўлларга гуллар тўшаб кетишибди. Йўловчиларнинг айтишича, шаҳар касалхоналарининг ертўлаларига бегуноҳ ўлдирилган одамларнинг мурдаларини ташлашибди. Ҳайдовчининг қўл телефонига туширилган видеотасвирда Андижон шаҳар кўчаларининг бирида ўлиб ётган одамлар, улар орасида 8 ёшлар атрофидаги қизчанинг ҳам мурдасини кўрдим.

2005 йил 13 майда содир этилган қонли воқеалар туфайли ҳаётдан кўз юмган бегуноҳ одамларнинг уволи кимни тутади? Ким айбдор? Мен Ўзбекистон президенти И.А.Каримов номига ёзган аризамда шундай жумлалар бор эди: “Фуқаро билан ҳукумат ўртасида ишонч йўқолган давлат албатта инқирозга юз тутади, чунки ҳукумат билан фуқаро ўртасида ишонч йўқолиши натижасида айрим ўз манфаатини кўзловчи кучлар бундай вазиятдан фойдаланиши мумкин”. Наҳотки, И.А.Каримов раҳбарлигидаги ҳукумат аъзолари ишонч деган девор қулаб кетганини тушунмасалар. Одамларни алдаш ёки қўрқитиш билан улар узоққа бора олишмайди. Мен ишонаманки, вақтлар келиб улар Андижонда содир этилган қонли ҳунрезликлар учун жазо олади.  

Маматқулова  Муборакхон.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares