ДАРДУ АЛАМ ВА АРМОН БИЛАН БИЛАН КЎЗ ЮМДИ

 

Валерий НАЗАРОВ

“ЖАННАТГА ЙУЛЛАНМА»

 

            “Қадим замонда Турон томонда бир ҳавойи подшоҳ бўлган экан. Унинг маслаҳатчилари ўзига хос ва мос экан.  Бир куни бекорчиликдан тоқатлари тоқ бўлиб, подшоҳликда ўрин тутадиган бир янгилик ўйлаб чиқариб, подшоҳга уқтиришибди. Нима эмишки, одам зоти олтмиш-етмиш ёшидан ўтганидан кейин жамият учун фойдасиз, зарарли хусусиятлар устун келиб, кераксиз чиқит сифатини олиб, вайсақига айланиб, керакли ва кераксиз маслаҳатлари билан бош қотиришни рўёбга чиқаради, унумдорликдан чалғитади, ундан қутулиш керак.  Улар қутулиш йўли, дея, уни тоғдан ошириб, дара ва ўрмонзорларга адаштириб ташлаш, ёввойи ҳайвонларга ем қилиш услубини таклиф қилишибди. 

            Бу фикрни жоиз билган подшоҳ, ҳар бир хонадон ўз уйида олтмиш  ёшдан ошган қария бўлса, уни тоғдан ошириб, ўрмонзорга тушириб, адаштириб келсин, фармонга буйсунмаганни боши кесилади, деб, жар солдирибди. Шу подшохликда битта хонадон бор экан. Уйда ёлғиз бир ўғил, келин ва қария яшаркан. Ўғил отасини жудаям эъзозлар экан. Фармонни эшитиб, боши қотибди. Нима қилсин, отасини адаштирмаса боши кетади. Ўйлаб ўйига етолмай, охири фармонни бажаришга қарор қилиб, отасини опичлаб, «Дала-ўрмонзорларни айлантириб келаман. Уйда сиқилиб кетдингиз», деб, тоғ дарасига йўл олибди. Юравериб чарчаб, тоғдаги текис супачага отасини ўтирғизибди. Ўзи ҳам ёнбошлаб, мудроққа кетибди.

            Шунда бирдан кулгу овозини эшитиб, кузини очса, отаси супачада ўтириб кулаётганмиш, «Ҳа, ота, нега кулаяпсиз?», деб, сўраса,  «Эй, ўғлим, бундан 40 йил бурун мен ҳам отамни адаштириб келишга отланиб, шу супачага келганда ўтириб, чарчоқ ёзгандим. Эндиликда отамнинг куни ўзимнинг бошимга тушди. Шунга кулаяпман», дебди.  Ўғлининг боши ғувиллаб, «Ота, биларкансиз-да нима иш қилмоқчилигимни, мени кечиринг, фармонга буйсунмасам, бутун хонадон нобуд бўлишини ўйлаб, шу қарорга келгандим», дебди йиғламсираб. «Болажоним, ихтиёрим қўлингда, ўзинг биласан, фақат бу кўргулик эртага сенинг бошинга ҳам тушмаса деб қўрқаяпман, холос».

            Ўғил бироз ўйга толиб, отасини опичлаб, кетига қайтибди, «Нима бўлса бўлар, лекин мен отамни ўлимга равона қилмайман. Қайтар дунё, эртага ўзим ҳам шундай ҳолатга тушишни истамайман», деб, отасини уйига қайтариб, ертўлада сақлайверибди. Ҳурматли ўқувчилар, эртакнинг ярмига етдик. Ким кўп китоб ўқиган, кўп эртак эшитган бўлса, уёги билан танишдир. Чўзиб ўтиришни маъқул кўрмай, асосий масалага ойдинлик киритайлик.  Мен қуйидаги ҳужжатга эътиборингизни қаратмоқчиман:

 

ДАЛОЛАТНОМА

 

Хива тумани Паҳлавон Маҳмуд жамоа хўжалигида яшовчи Нуруллаева Реймажоннинг 32586-рақамли  пенсия иши ҳужжатларини текшириш натижалари тўғрисида

 

Хива тумани,  30.06.2011 йил.

 

            Хоразм вилояти ҳокимлиги молия бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлигининг Хоразм вилоятидаги назорат-тафтиш бошқармаси ва Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Хоразм вилояти бошқармасининг 2011 йил 20 апрелдаги (22, 35, 44-сонли) қўшма буйруғига асосан Хива туман бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси пенсия иши ҳужжатларига илова қилинган даромадлар тўғрисидаги маълумотлар ҳаққонийлиги юзасидан ўтказилган текширишда қуйидагиларни аниқлади:

            Нуруллаева Реймажон 30.07.1950 йилда туғилган бўлиб, унга Хива туман Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси (собиқ ижтимоий таъминот бўлими) томонидан 21.12.2000 йилда ёшга доир  ( имтиёзли) асосда пенсия тайинланган.

            Нуруллаева Реймажоннинг пенсия иши ҳужжатларига илова қилинган иш ҳақ (даромад) лари тўғрисидаги  Хива туман Феруз ширкат хўжалигидан берилган  (рақами ва санаси кўрсатилмаган) малумотнома Хива туман ҳўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб архивидаги мавжуд бирламчи ҳужжатлар асосида қайта текширилганда маълумотномада кўрсатилган иш стажлари ва даромадлари тўғрисидаги ёзувлар Феруз ширкат хўжалигининг иш ҳақи ҳисоблаш дафтарларида фуқаро Р. Нуруллаевани ишлагани қайд қилинмаганлиги аниқланди. Шунга асосан Р. Нуруллаевани мазкур 8 йилини қайтиб ҳисоблаганда унинг иш стажи 12 йил 2 ойни ташкил қилади ва ўз навбатида уни имтиёзли 5 йил олдин тайинланган пенсияси рад бўлади. Р. Нуруллаева 2004 йил 30 июлдан (54 ёшдан) тулиқсиз пенсия ҳуқуқига эга бўлади.

            Юқоридагиларга асосан Нурулаева Реймажоннинг пенсияси қайта ҳисобланганда унинг номига 21.12. 2000 дан 01. 06. 2011 гача бўлган даврда жами 1 788 005 сўм пенсия ошиқча тўланганлиги аниқланди.

            Далолатномага пенсия ишидаги тегишли ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаси ва қайта текширишда аниқланган даромадлар тўғрисидаги маълумотнома илова қилинади.

            Илова қилинган ҳужжатлар 2 (икки) варақдан иборат.

            Далолатномага имзо чекувчилар: 

            1. Хива туман БТПЖ мутахассиси            имзо         Р. Хасанов

            2. Хива туман БПТЖ бўлими бошлиғи    имзо        М. Мадаминов.

            3. Тайинлаш гурухи раҳбари                      имзо        А. Ботирова.

 

Ўзбек халқида «Килни қирқ ёриб» деган бир ибора бор. Бу ҳолатни тафтиш қилиш учун Хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб архивига бориб кўрдим. Лекин у ердагилар ҳақ бўлиб чиқишди. Афсуски, нафақахўр нафақа жамғармасига ҳужжат топширишда топширилган ҳужжатлардан нусха олишни эп кўрмаган. Чунки у даврда Давлат архиви деб юритиларди. Ҳозирда хўжалик ҳисобидаги архив. Балки мавжуд ҳужжатлар эхтиётсизлик оқибатида тушириб қолдирилгандир. Орадан 21 йил ўтиб кетган. Қолаверса, ушбу жувонни еттита фарзанди бор ва шу давр ҳисоботига 15 йил ҳар бир туғилган авлод эъзозланиб стаж қўшилганҲозирда эса бу ҳолат аҳамиятсиз ҳисобланаяпди.

Судга мурожаат қилган тақдирда ҳам, ҳукумат қонунлари давр тақозоси билан ўзгартирилган. Лекин бир ҳолатга қизиқишим сўнмаяпди. Нега шу даврда ҳисобга олиниб, минимал пенсия тайинланиб,  тўланиб келинаётган нафақани тезак титкилаётган товуқ мисоли титкилаб, нафақахўр бўйнига айбдор тамғасини қистираётирлар? Ахир нафақахўр шу даврларда 40-50 минг сўм билан қаноатланган. Кейинчалик нафақахўр талаби билан эмас, мамлакат Президенти томонидан давр талабига монанд равишда тобора иш ҳақи билан баробар нафақа ҳам оширилиб келинган.

Лекин нафақахўр берилган нафақага шукур қилиб, уни олиб рўзғорига ишлатган. Бу ҳолатда нафақахўрни айблаш инсофданми? Бу ҳолатда ҳукуматимиз «Қўйни семиртир, ёғи купайгандан кейин сўй» услубини қўлламаяптими? Ахир 2007 йил августда ҳукумат қонуни ўзгариб, шу даврдан бошлаб нафақахўр нафақасини ошириш учун қўшимча ҳужжатларни қабул қилмаслик тайинланганди. Ундай бўлса нега фуқароларнинг ҳужжатлари қайта кавлаштирилиб, қарияларни тоғдан ошириш услуби қўлланилаяпди? Бу, олганда ҳозирлик, берганда нозирлик услубимасми? Қонун устиворлиги ҳукумат ва фуқарога баробар тарзда қўлланилмайдими?

Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бу мужмалликлар қаердан келиб чиқиб, фуқарога зарба бераяпди? Рай Собес (ҳозирда БТПЖ) ташкилотига кирсанг, ғала-ғовур, бечора қариялар нима қилиш, кимдан нима сўрашни билолмай, қариб, бўшашиб қолган танасига нафасини ичига ютиб, азоб чекиб, мия-юрак касалликлари авж олаяпди. Бир хиллари ажалидан беш кун олдин БТПЖ мажбурлаб берган йўлланма орқали жаннатга равона бўлаяпди.

Мана мисол, ушбу тафтиш орқали нафақадан маҳрум қилинган фуқаро Нуруллаева Реймажон ҳозирда тарқалиши чекланмаган ёмон сифатли ўсма – саратон (рак) касалига чалинган. Бир ярим йилдан бери азоб чекаяпди. Бундай заиф аҳволда унинг тани иккита зарбага бардош бера оладими? Ҳурматли ўқувчилар, ушбу ҳолат тақвимидан келиб чиқиб адолатли фикр билдиришингизни сўрайман.”

Юқоридаги мақолам мазкур сайтнинг олдинги сонларидан бирида ёритилган эди. Энди шу мавзуга доир навбатдаги мақоламни шошқатор кўз ёшлари ва дарду алам билан битаётирман. У кетди. Қирқ бир йиллик вафодарим кетишидан бир сония олдин, Ўзбекистоннинг буюклиги бормикан ё бошқа сабабми, уйимизга газ келди ва электр чироғи ёнди. Қанийди у тирик даврида ўша буюклик ўзини кўрсатса, сўнаётган кўзларига нур бағиласа. Афсуски, бундай бўлмади. Вужуди иссиқ тафтини илғаб ололмай, кўзлари ёруғликни хис қилолмай, жон таслим қилди.

Етти нафар фарзанди гарчи ўзларида тафт бўлмаса ҳам уни ўз вужудлари билан иситишга интилаётганликларини кўриб, кўнгли баттар хижил тортди. Хонадоннинг истеъмол шукуҳини ўз заҳиралари билан тўлдиришга ҳаракат қилаётганликларини илғаб олиб, барибир келишим йўқлигини ҳис қилиб, фарзандлари заҳирасига шерикликни афзал кўрмай, у дунё фаришталари сафига, жаннатда кўрмак бору емак шарт эмас наздига қўшилиб, руҳи фалак сари парвоз қилди.

Во дариғ! Бу дунёда ҳақиқат борми ўзи? Аслида унинг аҳволи яхшиланиб, соғайиб бораётганди. Бироқ Азроил нафаси уфуриб турган ўша машъум совуқ хабар руҳиятига салбий таъсир кўрсатди. Оқибатда кундан кунга мажолсизланиб, бу дунёдаги ризқи шафқатсизларча қирқилаётганини, шу давргача ўзи ишониб келаётган Ўзбекистоннинг келажаги порлоқлиги сароб эканига ишонч ҳосил қилиб, ўзининг эмас, еттита фарзанди ва невараларининг ҳаётини қайғуриб, бирламчи, ўз нафсини тийишга, иккиламчи, ўша касалини даволайман, деб, хонадон хазинасига раҳна солаётган шифокорларга ўзини даволатмасликка қарор қилди.

У бир куни шундай деганди: “Ахир ўзи миллион чиқди, яна харажат қилиб юрамизми? Устига устак, шифохонаси қурсин, салқин, мана бир касалимга иккинчиси қўшилди, шамоллабман. Турқи совуқ дўхтирлар Азроилнинг ўзгинаси. Касалхона эса охиратга олиб борадиган даҳлизга ўхшайди. Яхшиси, ўз уйимда тинчгина қазо қилганим маъқул”. Эй, шафқатсиз, ёлғончи дунё! Бу ҳолатларни бошдан солгунча, менга ҳам марҳума аёлим сингари қазони раво кўрсанг бўлмайдими? Ахир менинг тиригим эмас, ўлик вужудим тебранаяпди, холос.

Йўқ, чидам билан яшашга ўзимни мажбур қилиб, Ўзбекистонимиз келажаги буюклиги сароб эмаслиги тасдиғини ризқим тўкилган кунда охиратда кутиб ётган марҳума аёлимга суюнчилаб, боришим керак. Ушбу ҳолатга эришиш учун ўзимни аямасдан шайтони лаин қусурларига қарши курашишим керак. Оллоҳ белгилаган бўлса, ғолиб чиқарман. Шаҳидликни афзал кўрса ҳам розиман.

 

 Валерий НАЗАРОВ, “Бирдамлик”нинг Хоразм вилояти бўйича раиси.

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares