Маълумки, Ватанимиз Ўзбекистоннинг ён қўшниси бўлмиш Қирғизистонда салкам бир миллион ўзбек яшайди. Уларнинг кўпчилиги шу ерда туғилган, аммо уларнинг орасида Ўзбекистонда туғилиб, турли сабаблар билан Қирғизистонга келиб қолган одамлар ҳам бор.Уларнинг баъзиларини тирикчилик ташвиши Қирғизистонга олиб келган бўлса,баъзилари ўқишга келишган.Улар орасида Қирғизистон фуқаролари билан оила қуриб Қирғизистонда қолиб кетган ўзбеклар ҳам бор. Қирғизистондаги ўзбекларнинг яна бир каттагина гуруҳи ҳам борки, уларни Қирғизистонга тирикчилик ташвиши ёки билим олиш иштиёқи, ҳатто оилавий ришталар ҳам эмас, бутунлай бошқа сабаб ўз жонажон Ватанларини ташлаб бу ерларга келишга мажбур қилган. Бу гуруҳ – ўзбекистонлик қочқинлар гуруҳи. Улар жонажон Ўзбекистонимизни ўзининг шахсий томорқасига айлантириб олган диктаторнинг зуғумидан қочиб келган инсонлардир.
Уларнинг айби – қуллик занжирини бўйнига тақишдан бош торишгани, ҳақиқат учун курашишгани, оқни-оқ, қорани-қора дейишгани, лаганбардорлик қилишни исташмагани. Халқни қўрқувда ушлаб туришни ўзининг асосий қуроли қилиб олган Каримов режими бундай инсонларни ёқтирмайди. Уларни туҳмат айбловлар билан айблаб қамоқларда чиритишга ёки мамлакатдан қувиб чиқаришга ҳаракат қилади. Бу қочқинлар орасида қўлида эмизикли боласи бўлган ёш жувону ҳали мўйлаби чиқмаган ёш йигитлардан тортиб сочига оқ оралаган онахону-отахонлар бор. Уларнинг энг ҳимоясизлари,яъни қочқин аёл ва болаларнинг бир қисми қочқинларни қабул қилиш марказида яшайди. Бу ерда яшайдиган қочқинларнинг айтишича, марказда яшаш осон эмас. Тез- тез электр энергияси, газ узиб турилади ва бир неча соатлаб берилмайди. Қочқинларни ичимлик суви билан таъминлашда ҳам муаммолар мавжуд. Хоналар совуқ..Қочқинлар қишнинг совуқ кунларида ўтин ёқиб, ўчоқда ўзларига овқат пиширишга мажбур. Қочқинларнинг мактаб ёшидаги фарзандлари мактабга бориш имкониятидан маҳрум. Шундай оғир шароитларда яшаётган ватандошларимизнинг кўнглини бир оз бўлсада кўтариш мақсадида 2011 йилнинг 30 декабр куни “Бирдамлик” Ҳаракатининг Қирғизистондаги фаоллари Тангриев Адхам ва Маматқулова Муборак Қорбобо ва Қорқиз бўлиб марказга ташриф буюришди. Марказда яшайдиган ватандошларимиз, айниқса ёш болалар уларни хурсандчилик билан кутиб олишди. Улар Қорбобо ва Қорқизга турли шеър ва қўшиқлар айтиб, рақсга тушиб беришди.Турли кулгили саҳналарни уюштиришди. Қорбобо ва Қорқиз қочқинларни ва уларнинг фарзандларини кириб келаётган Янги йил билан самимий қутлашди. Қаерда бўлса ҳам ватандошларимиз ўзлигини унутмасликни, қандай оғир шароитга тушиб қолишса ҳам тушкунликка тушмасликни, Ўзбекистонга ҳам ёруғ кунлар албатта келишини,адолатсизлик ва таъқблардан қочиб чиққан барча муҳожир ватандошларимиз жонажон Ўзбекистонимизга бемалол қайтишига имконият туғиладиган кунлар тез орада келишини айтиб қочқинларнинг кўнглини кўтаришди. Болалар билан бирга рақс тушишиб,турли топишмоқлар айтишиб, даврани қизитишди. Сўнг эса болаларга олам – олам қувонч бағишлаб, байрамона безатилган арчанинг ёнида уларга турли – туман совғалар улашишди. Бу байрамни ташкил қилишда ва ўтказишда қатнашган БМТ ходимлари ва маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам барчани кириб келаётган Янги йил билан табриклашди. Қорбобо ва Қорқиз иштирокида ўтган бу байрам жуда қувноқ ва кўтаринки руҳда ўтди. Марказда яшаётган қочқин аёллар болаларига қувонч олиб келгани учун Қорбобо ва Қорқиз бўлиб марказга ташриф буюрган “Бирдамлик” Ҳаракатининг Қирғизистондаги фаоллари Тангриев Адхам ва Маматқулова Муборакга самимий миннаторчиликларини билдиришди. Эсингизда бўлса,Тангриев Адхам ва Маматқулова Муборак, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўзбекистонликлар ўрганиши учун, 2011 йилнинг 8 декабрида, яъни Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 19 йиллиги байрами куни,Қирғизистондаги ўзбекистонликларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясини бепул тарқатишган эди.
“Биз Ўзбекистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлган қочқин ватандошларимни бироз бўлсада хурсанд қилган бўлсак ўзимни бахтиёр ҳис қиламиз,чунки уларга Ватандан йироқда яшаш қанчалик қийин эканлигини жуда яхши биламиз.Энг асосийси – биз ўзбекистонликлар, ўзаро бирдамликни мустаҳкамлашимиз, бир – биримизга ёрдам қўлини чўзишга доимо тайёр бўлишимиз керак. Бирдамлик бор жойда албатта ғалаба ҳам бўлади” – дейди Тангриев Адхам ва Маматқулова Муборак.
Шу ўринда “Бирдамлик” фаоллари – Тангриев Адхам ва Маматқулова Муборакнинг бу сўзларига қўшилмасликнинг ҳеч иложиси йўқлигини биз таъкидлаб ўтмоқчимиз, чунки фақат бирдамлик халқимизни ғалабага олиб келади.
Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Матбуот Маркази.













