«Ўтмиш ва келажак оралиғида»

Абдулазиз Махмудов                             хужжатли фильмнинг адабий нусхаси.    

     Муаллиф, продюсер ва режиссёр – оператор   Абдулазиз Махмудов.     

     «Абдулазиз М» киностудияси махсулоти  2012 йил.                                      

                                                                                                                     

                                                  иккинчи фильм

Москва. 2011- йилнинг августи. Бутун Россия кўргазмалар маркази. Оппоқ булутлар қоплаган зангори осмон остида СССР Халқлар дўстлигининг рамзи бўлган маҳобатли иншоот қад кўтариб турибди. Кўргазмалар марказига кираверишда, турфа рангдаги шарлар сотаётган Марказий Осиёдан келган гастербайтерларни кўрамиз. Россияда энг баланд ҳисобланган “Томоша чархпалаги”  атрофида турли тоифадаги кишилар сайр қилиб юришибди. Маҳаллий аҳолидан ташқари, бу ерда хитойлик, жанубий кореялик, лотин америкалик туристларга кўзимиз тушади. Кичик фаввора атрофида бир-бирларининг сочларини турмаклаётган “панк”ларни кўрамиз. Майдон марказида эса ҳамон Ленин ҳайкали виқор тўкиб турибди. Ёдгорлик атрофида хитойлик туристлар суратга тушишмоқда. Уларнинг ёнидан  ерли халқ эса бефарқ ўтмоқда. Бугунги  авлод  аксарияти учун, коммунизм ғоялари хеч қандай қийматга эга эмас.              

Диктор: “Бу Бутунроссия Кўргазмалар Маркази, 20 йил аввал бу ерда СССР Халқ хўжалиги Ютуқлари Кўргазмаси жойлашган эди. Ҳозир  давр бошқа, бошқа чеҳралар, бошқа ғоялар… Фақат ёдгорликларгина яқин ўтмишни эслатади. Бу ўтмиш катта авлодга мансуб инсонларнинг хотирасида  ҳамон яшамоқда.”

Кўргазмалар комплексиинг марказида асосий обида ҳисобланган, ҳашаматли “Халқлар Дўстлиги” фаввораси жойлашган. Фавворанинг ички халқасида  август қуёши остида олтиндай товланиб, СССРнинг иттифоқдош республикаларини ифодаловчи, 15 миллатга мансуб аёл суратидаги баҳайбат хайкаллар ўрнатилган. Ташқи айлана атрофида эса, иссиқдан паноҳ излаб, фавворадан пуркалаётган муздай сув эпкинида ўтирган зиёратчиларни кўрамиз. Фаввора саҳнида бир рус оиласи суратга тушмоқда.

Диктор – “Бу эса халқлар дўстлиги фаввораси. Бугун ҳам унинг атрофи гавжум. Илгари у пролетар байналмилаллиги ва СССР халқлари дўстлигининг рамзи эди. Лекин халқлараро дўстликдан фарқли ўлароқ, фаввора ҳанузгача аъло даражада сақланган.”

Экранда СССРнинг рамзлари ва жўғрофий харитаси кўринади. Унинг ўртасида эса, ўтган асрнинг 30-йилларида суратга олинган халқлар дўстлигига бағишлаган хроникал кадрлар намойиш этилади    

Диктор – “Барбод бўлган давлатнинг байроғи, герби, харитаси. Халқлар дўстлиги ҳақидаги фильмдан лавҳа. Ташвиқотчилар халқлар дўстлигини, ана шундай байрамона ва осуда тасвирлар эди. У пайтлар оммавий қувғинлар ҳақида кинолар суратга олинмасди.”

Халқлар дўстлиги фаввораси ёнида эса, СССРнинг абадийлиги рамзи бўлган бино қад кўтарган. Бу баҳайбат бино фиръавн пирамидаси услубида қурилган бўлиб, бинонинг биринчи қаватини 10та йўғон-йўғон бетон устун кўтариб турибди. Пештоғида эса, 15 иттифоқдош республиканинг герблари акс эттирилган. Уларнинг тепасида 15та бронзадан ясалган байроқ қотиб турибди. Композиция марказида СССР байроғи ва герби жойлашган. Бинонинг ундан юқоридаги қисмида эса, 8та устунга жойлашган  катак саҳннинг бурчакларида эркак ва аёл ишчи-деҳқонлар хайкаллари ўрнатилган. Энг тепадаги қисми эса, тўрт устундан иборат бўлиб, унинг бурчакларига СССР байроғи ўрнатилган. Ва ниҳоят бинонинг энг тепасидаги найзасимон чўққисида эса, оппоқ булутлар ва зангори осмон фонида, буғдой бошоқлари устига ўрнатилган чарақлаб турган беш юлдузни кўрамиз.       

Диктор – “Бу маҳобатли иншоот СССР халқлари дўстлиги абадийлиги ва бузилмаслигининг рамзи эди.”

Кўргазма комплекси ҳудудида жойлашган кўп сонли ошхоналардан бири. Бу ерда бир гуруҳ Марказий Осиёликлар тамадди қилиб ўтиришибди. Ошхона яқинидан гастербайтерлар бошқарувидаги башанг безатилган карета ўтиб кетмоқда. Шу аснода, камерамиз қаршисидан “Пппууууууп”деган овоз чиқариб  зиёратчиларни сайр қилдириб юрган бир неча вагончадан иборат паровоз ўтиб кетяпти.     

Диктор – “Мана бу одамлар –  собиқ иттифоқчи республикаларнинг фуқаролари. Улар бу ерда ишлайдилар.”

СССР давридан кейин ҳам аяб-асраб келинаётган Арманистон ва Қирғизистон павильонлари ёнидан зиёратчилар тўдаси ўтмоқда. Бу ерга ўрнатилган қирғиз ўтови пештоғига “Қирғиз республикаси савдо-кўргазма марказига хуш келибсиз!”- деган ёзув илинган. Қирғиз павильонининг асосий биноси олдида Қирғизистон байроғи ҳилпираб турибди.    

Диктор – “Бугун бу ерда Россия билан дўстлиги синовдан ўтган мамлакатларнинггина павильонлари сақланиб қолган. Айрим қўшни давлатлар эса, бир-бирлари билан дўстона муносабат   ўрната олмадилар.”

Шом. “Томоша чархпалаги”тепасидан туриб умумий планда суратга олинган кўргазмалар маркази фонида “ЭТНИК МИЛЛАТЧИЛИК” деган ёзув пайдо бўлади.

Кадрда СССРнинг жўғрофий харитаси  кўринади. Ва харита секин-аста қизил тусга кира бошлайди. Харитадаги Таллин, Вильнюс, Рига, Киев, Минск, Ленинград, Москва, Кишинёв, Тирасполь, Грозний, Батуми, Цхинвал, Тбилиси, Ереван, Сумгаит, Степанакерт, Боку, Ходжайли,  Тошкент, Олма-ота, Ўзган, Ўш   шаҳарлари тўполонлардан дарак бераётгандай,  ёниб-ўчади.           

Диктор – “Ўтган асрнинг 80-йиллари ўртасида СССРда демократик ўзгаришлар бошланиши билан сохта “халқлар дўстлиги” тўзиб кетди. Кўплаб минтақаларда оммавий тартибсизликлар ва миллатлараро низолар юзага чиқди.  Биринчилар қаторида Кавказорти Республикалари жунбушга келди.”

Камера харитадаги Кавказорти ҳудудига яқинлашади. Степанакерт ва Боку оралиғидан Арманистон ва Озарбайжон ўртасида кечган уруш тасвирлари акс этган хроникал лавҳа чиқиб келади. Кадрда қўлига қурол олиб, жангга отланаётган кишилар, ёнаётган уйлар, ярадор ва ҳалок бўлган инсонлар тасвирланган. Шу билан бирга,харбий қисмлар, ўт очаётган танклар, замбараклар ва осмондаги вертолетлар ўзаро содир бўлган даҳшатли урушни ифодалайди.  Қўлларида тугун ва ёш болаларни кўтариб олган, бошпанасиз қолган, қалби яраланган қариялар, аёллардан иборат, йўлларни лиқ тўлдирган қочқинлар кўринади.    

Диктор – “Тоғли Қорабоғ худуди учун Арманистон ва Озарбайжон ўртасида кечган қонли урушда ўн минглаб инсонларнинг ҳаёти барбод бўлди.  Юз минглаб инсонлар яраланди, ногирон бўлди ва азалдан яшаб келган ерларидан қувилди. Уруш Тоғли Қорабоғ муаммосини ечиб беролмади.”

СССР харитаси ўрнини Ўзбекистон ССР харитаси эгаллайди. Ва йирик шрифтда 1989 йил ёзуви чиқади. Фарғона вилояти 4-9 июнь кунлари.  Ёқиб юборилган уйлар, ҳалок бўлган туркларнинг жасадлари, Фарғона аэропорти яқинидаги қочқинлар лагери, қурбонларни кўмиш жараёни ва фиғон кўтараётган кишиларнинг суратлари харита ичидан чиқариб кўрсатилади.

Диктор – “1989 йилнинг июнида Фарғона вилоятида месхети туркларининг оммавий қирғини юз берди. Партия йўлбошчиси бўлган Рафиқ Нишонов “зиддият  маҳаллий бозорда қулупнай туфайли келиб чиққан, деб эълон қилди.”

 Кўрсатилган кадрлар фонида партия йўлбошчиси бўлган Рафиқ Нишоновнинг сурати чиқиб келади. ИЛ-76 самолётларида туркларнинг  оммавий тарзда Ўзбекистонни тарк этаётгани кўрсатилади.

Диктор – “Бундай фожеалар бекордан бекорга содир бўлмайди. Месхети туркларининг ўз фуқаролик ҳуқуқлари учун курашлари асносида  ўзбек ва турк ёшлари орасида жанжал ва оммавий муштлашувлар  содир бўла бошлаганди. Ҳокимият эса лоқайд эди.”

 Жабрланган туркларнинг гаплари берилади.  Улар бўлажак тўполондан ҳукуматнинг хабари бўла туриб, вақтида чора кўрмаганини, бу ҳодисаларнинг ҳаммаси юқоридан уюштирилганлигини, улар ўзбеклардан буни кутмаганликларини, бу фақатгина ҳукуматнинг изни билан амалга оширилганини таъкидлайдилар. Уларга ота-боболари яшаган Месхетияни беришни талаб қиладилар.        

Диктор – “Гуржистондан бир вақтлар сургун этилган бу жафокаш халқ яна қувғинга учради.”

Ўзбекистон ССР харитаси ўрнини, Қирғизистон ССР харитаси эгаллайди. Энди йирик шрифтда 1990 йил ёзуви чиқади. Харитада Ўш, Ўзган ва Жалолобод шаҳарлари ажратиб кўрсатилган. 1990 йил  4-6-июнь кунлари Жанубий Қирғизистонда юз берган ўзбекларга қарши оммавий қирғин акс эттирилган, ўша пайтдаги “Московские новости”, “Труд”, “Комсомольская правда” газеталарида чоп этилган мақолалар ҳамда жабрланганларнинг фототасвирлари ва Қирғизистон ҳукуматининг қарорлари кўрсатилади. Қирғизистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Апсамат Масалиев сурати пайдо бўлади.

 Диктор – “Бир йилдан сўнг Жанубий Қирғизистонда ўзбекларга қарши оммавий қирғин бошланди. Қирғизистоннинг ўша пайтдаги  раҳбари Апсамат Масалиев зўравонликнинг сабаби колхозлар ерига эгалик  борасидаги низо, деб кўрсатди.”

18-июнда Ўзган туман партия қўмитасига Апсамат Масалиев келганида, Ленин майдонида ўзбеклар уюштирган намойиш. Камера, қирғиндан талофот кўрган ва намойишга йиғилган жабрланган ўзбеклар оммасини кўрсатишдан оҳиста ўрта планда Лениннинг хайкалига қаратилади . Жабрланган ўзбек аёли босқинчи қирғизлар унинг эрини тириклайин ёқиб юборишганини чуқур изтиробда гапириб беради.  Яна бир  ўзбек аёлининг интервьюсида шунга ўхшаш фожиа ошкор этилади. Ўзбек оналарининг нолаю-афғони тасвирлари берилади.                  

Диктор – “Ўзган партия қўмитаси биноси олдида ўзбеклар намойиш уюштирмоқда.”

Аскарлар туман партия қўмитасини намойишчилардан қўриқлашаяпти. Намойишчилар қўлларида қирғин уюштирувчилари бўлмиш туман раҳбарлари – “Нацист Асанов, Боромбаева, Карашов ва Эргашевларга ўлим!” – деган ёзувларни кўтариб туришибди. Йирик планда “5-июнь фожеасини, ўзбек халқи ҳеч қачон унутмайди” ёзуви берилади. Ва бу ёзувни кўтариб турган икки ўзбек аёли –  “Қирғизлар босқинчи, қирғизлар билан ярашишни хоҳламаймиз!” – дея хитоб қилишмоқда. “Литературная газета” да чоп этилган, журналист Юрий Ростнинг “Колокол по тем, кто пока жив” (Тирикларга чалинган қўнғироқ) номли мақоласи кўрсатилади. Сўнг Юрий Ростнинг сурати чиқиб келади.   

Диктор – “Воқелар шоҳиди Юрий Рост “Литературная газета”да қуйидагича ёзганди – «Шафқатсизлиги жиҳатидан Ўш вилоятидаги воқеаларнинг муқобили йўқ” бу “Қирғизистондан ўзбекларни сиқиб чиқаришига қаратилган режали акциядир”. “Қирғинларнинг ўта шафқатсизлиги қонхўрларни ҳар қандай жавобгарликдан озод этилганлигидан далолат беради”- деб таъкидлайди журналист.”

Москва. 2011-йилнинг августи. “Новая газета” таҳририяти, журналист Юрий Рост билан суҳбат.

 Юрий Рост воқеалар ҳақида шундай дейди: «Қотиллик ҳеч қачон жазосиз қолмайди! Бу мамлакатга сингишиб у билан яхлитлаша олмаган  давлат тузилмасига сезилмаслиги мумкин, аммо инсоннинг ўзи ва атрофидагилар  пайқамай қолиши мумкин эмас. Табиат ўз- ўзини ҳимоя қилади, азалий қонунларни поймол этганларни аяб ўтирмайди. Қонунлар шундайки, инсонга ҳаётни  сен ато этмагансан ва уни ҳаётдан маҳрум этишга ҳам ҳаққинг йўқ. Бирор инсоннинг қандай яшаётгани сенга ёқадими, ёқмайдими – у билан келишиб яшайсан, бошқа йўл йўқ!»

Москва. Йирик планда Кремл мажлислар зали гумбазидаги Россия байроғи ҳилпираб турибди. Қизил майдондан тўда-тўда одамлар ўтмоқда. Кимдир суратга тушяпти, кимдир экскурсоводнинг ҳикоясини тингламоқда, яна кимдир Ленин мавзолейини томоша қилмоқда. Кремл чўққисига ўрнатилган ёқутдан ясалган беш қиррали юлдуз ва унинг остидаги курант соатлари. Япон туристлари гуруҳи Кремл фонида суратга тушишмоқда. Пирамида услубида қурилган, Лениннинг мумиёланган жасади сақланадиган мавзолейга, тўда-тўда бўлиб кираётган, Жанубий-Шарқий Осиёлик туристларнинг тасвирини кўрамиз. Йигирма йил вақт ўтганига қарамасдан, бу ерда собиқ Совет Иттифоқининг нафаси уфуриб турибди. Энди мавзолей остонасида аввалгидай дабдабали фахрий қоровуллар йўқ. Уларнинг ўрнига, соддагина ФСБ назоратчиси турибди. Коммунистлар фираъвнининг жасадини томоша қилиб чиққан туристлар, Кремль девори га дафн этилган большевик доҳийлар қабристони бўйлаб юриб, Сталин хайкалини томоша қилишяпти.             

Диктор – “1990-нчи йилги Ўш қирғинидан сўнг 20 йилдан зиёд вақт ўтди. Бугун иттифоқдош республикалар, шу жумладан Россия ҳам, суверен давлатлардир. Бирлари мустақиллик юбилейини тантанали равишда  нишонлашди, бошқалари нишонлашмоқда. Аслида, бир жойга йиғилиб эришилган  натижалардан хулоса чиқариш  учун асос бордай, афсуски, дўстлаша олмаяптилар.”

Москва 1990 йилнинг 10-сентябри.  Кремль Съездлар Саройида СССР Олий Кенгашиниг сессияси бўлиб ўтаяпти. Президиумда М.Горбачев ўтирипти.   Кремл ёнига ўрнатилган чодирлар шаҳарчаси. Бу ерда очлик эълон қилган Ўш,Ўзган қурбонларининг яқинлари ҳамда “Бирлик” халқ ҳаракати фаоллари ўтиришибди. Олий кенгаш мажлислар залидаги 3-микрофон орқали ўзбекистонлик депутат Ахмаджон Мухторов нутқ сўзлаяпти. Қизил Майдонда жойлашган Тарих музейи ёнида қўлларида шиорлар ва чақириқлар кўтарган, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари туришибди. Уларнинг қўлларидаги: “Ўш қирғинидаги, минглаб болалар, қариялар ва аёлларнинг ўлимига ким жавоб беради!” “Қирғизистон раҳбар лари суд этилсин!”, “Йўқолсин большевик хонликларнинг қўғирчоқ ҳукуматлари!”, “Ўшдаги геноцидга чек қўйилсин!” ҳамда “ Ўзбекистон ва Қирғизистонинг қўғирчоқ депутатлари йўқолсин!” – чақириқлари йирик планларда кўрсатилади.  Пикетчилар ёнидан СССР Халқ депутати Владимир Одилов, Тўлепберген Қаипбергенов ва Ўлжас Сулейменовлар ўтиб боришяпти.  Тириклайин ёқиб юборилган, отиб ўлдирилган ва бошқа ваҳшийликлар туфайли халок бўлган ёш болалар, қариялар, аёлларнинг суратларини намойишчилар депутатларга кўрсатиб улардан жавоб исташмоқда.

 Диктор – “1990 йилнинг сентябри. Кремлда СССР Олий Кенгашининг навбатдаги сессияси  бўляпти. Қирғинда жабрланганлар ва Ўзбекистоннинг мухолифати Халқ депутатларини пикет қилишмоқда. Улар Қирғизистон жанубида содир этилган геноцид масаласини мажлис кун тартибига киритишни, фожеага сиёсий баҳо берилишини, мустақил текширувлар ўтказилишини ва жиноятчилар жазоланишини талаб қилмоқдалар.”

Қирғистоннинг собиқ президенти Аскар Акаевнинг сурати пайдо бўлади.

Диктор – “Қирғизистоннинг собиқ Президенти Асқар Ақаев РБК журналига берган интервьюсида шундай дейди: Сабаб ҳамиша битта – ҳокимият учун кураш… Ўш вилоят партия қўмитаси котиби Усен Сиддиқов миллатчилик кайфиятидаги қирғиз ёшларига, сайловларда унга овоз беришлари эвазига, ўзбекларга тегишли ерларни ваъда қилган… Табиийки, ўзбеклар норози бўлдилар, қирғизлар эса ўн минглаб одамларни тўплаб, ҳужумга ўтдилар. Милиция аралашди, отишма бошланди. Икки минг инсоннинг ҳаётига зомин бўлган низо шу тариқа бошланганди.”

Кадрда Ўш ва Ўзган шаҳарлари кўчаларидаги блокпостлар. Бронотранспо тёрлар, танклар ва ерли аҳолини паспорт текширувидан ўтказаётган аскарлар.

Диктор – “Айнан ҳарбий қўшинларнинг  аралашуви туфайли зўравонликнинг янада авж олишига йўл қўйилмади. Ўшга СССР Бош Прокуратурасининг тергов гуруҳи йўлланди.”

Москва. 2011-йилнинг августи. Юқори нуқтадан суратга олинган, ривожланаётган Россиянинг рамзи – Москва Сити комплексининг осмонўпар бинолари. Бутунроссия Кўргазмалар марказида жойлашган “Балиқчилар қишлоқчаси”даги ошхоналардан бири.  1990-йилги Ўш қирғинини ўрганиш бўйича тузилган тергов гуруҳи раҳбари (1979-1991 йиллар давомида СССР Бош Прокуратурасининг ўта муҳим ишлар бўйича бош терговчиси вазифасида фаолият юритган) Владимир Калиниченко билан суҳбатдан парча.    

1990-йил 4-6 июнь воқеалари ҳақида Владимир Калиниченко шундай дейди: «  Ҳақиқат айтилишини, адолат тикланишини исташмасди.Зеро бу ҳодисаларнинг манбаи ҳокимиятнинг энг юқори поғоналарида эди. Шунинг учун  ўзаро бир-бирини айблашларга йўл бериларди. Ҳолбуки, бу очиқчасига ўзбекларга қарши қаратилган акция эди, бу ҳақда рўй-рост айтилиши керак эди. Мен ҳодисани борича айтайлик, десам, йўқ, сен бу ишинг билан миллатлараро низоларни авж олдирасан, дейишарди».

 

Москва шаҳрининг умумий манзарасида шитоб билан кетиб бораётган поезд. Пойтахтнинг Кузминка тумани марказида пойига гуллар  қўйилган Ленин хайкали теварагида, катта авлодга мансуб инсонлар сайр қилиб юришибди. Кўчалар турфа миллатли  одамлар билан гавжум. Бу ерда бетон ишлари билан банд гастербайтерлар ҳам бор.         

 

Диктор – “Нега Москва қонхўрликнинг ташкилотчиларини жазолашни истамади? Бу низолар юқоридан режалаштирилган, деган гап тасодифий эмас. Оммага ошкор қилмасдан жазолаш ҳам мумкин эди. Ахир ортда ГУЛАГтажрибаси ва қатағон уюштириш малакаси катта эди.”

 

Москва. 2011-йилнинг августи. «Правое дело» партиясининг ҳамраиси, Леонид Гозман билан бўлган суҳбатдан парча.

 

Леонид Гозман Ўш қирғини ҳақида шундай дейди: «Биринчидан,  Совет Иттифоқининг раҳбарларини инсон масаласининг ўзи умуман қизиқтирмасди, уларнинг фожиаларга муносабатлари фақат  ўз ҳокимиятига хавф солиш–солмаслиги билан ўлчанар эди.  Улар бу воқеаларнинг ташкилотчилари билан  жанжал чиқса вужудга келадиган тарангликлар ҳокимиятимизга хавф солади,  деб ҳисоблаганликлари учун  уларни жазолашга ҳаракат ҳам қилмадилар.  Иккинчиси, энг муҳими! Совет Иттифоқи бу пайтда емирилиб бўлган эди ва раҳбарларда боршқарув мадори қолмаганди, уларда қудрат бор эди, дейиш эса  хом хаёлдир, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмай қолганди».

 

Оппоқ булутлар ва зангори осмон. Кремл миноралари ҳамда узоқдан кўринаётган Покровский черковининг тилларанг гумбазлари. Кремль девори остидан оқиб ўтаётган Москва дарёсида йўловчи теплоходлар сузиб юришипти. Бу теплоходларда пойтахт меҳмонлари сайр этмоқда.                  

 

Диктор – “Агар бу ходисалардан сўнг Апсамат Масалиевни Марказий Қўмита Сиёсий Бюроси аъзоси  қилиб олишмаганда, Ўш вилоят партия қўмитаси котиби Усен Сиддиқов янада юқорига кўтарилмаганда эди,  бу фикрга қўшилса бўларди.”

Кўп ўтмай теплоходлар Москва дарёсининг нариги соҳилида жойлашган Исо Масиҳ Эҳроми рўпарасидаги бекатда, “Пупппууууп” деб тўхташади.

 Диктор – “Бугун барча постсовет мамлакатлари демократияни танлаганликларини эълон қилдилар. Қирғизистонга “демократия оролчаси” номи берилди. Москвада қайтадан тикланган Исо Масиҳ Эҳроми эса, маънавий тикланаётган Россиянинг янги рамзига айланди.”

 Москвада марказий эҳром ҳисобланган Исо Масиҳ Эҳроми умумий планда кўрсатилади. Эҳром Москванинг собиқ мэри Юрий Лужков даврида янги рус бойлари пулига қурилган. Бино тўртбурчакли бўлиб, унинг тўрттала бурчагига ҳам кичик-кичик миноралар ўрнатилган. Ҳар бир минора сапсариқ тилларанг гумбазга эга. Эҳромнинг гумбазлари ўртасида эса, бош гумбазни кўрамиз. Барча гумбазлар чўққисида  чарақлаб турган хочлар бор. Зангори осмон билан уйғунлашган бош гумбазнинг дабдабали  хочи, йирик планда кўрсатилади. Эҳромнинг ички деворларида эса, иконалар сурати, пештоқидаги нақшинкор безаклар ҳамда улкан осма чироқларни кўрамиз. Эҳромнинг ертўласида жойлашган маросимлар залида никоҳдан ўтаётган келин-куёв, уларнинг қариндошлари ва ёшларни никоҳлаётган черков руҳонийларини кўрамиз.    

Диктор – “Советлар қулаганидан кейин туғилган авлод ҳам никоҳ ёшига етди. Қирғизистонда Совет ҳокимияти содир этган жиноятларни титкиламасак ҳам бўларди …”

Экранга Қирғиз республикасининг янги харитаси чиқади. Хаританинг энг юқорисида АҚШнинг “Манас” ва Россиянинг “Кант” ҳарбий базалари кўрсатилган. Композиция марказида Қирғизистон байроғи. Ва Ўш, Жалолобод, Ўзган шахарларининг ўт ичида қолгани акс эттирилган. Йирик ширифтда 2010 йил ёзуви чиқади. 

Диктор – “Кошки, “демократия оролчаси”да яна навбатдаги давлат тўнтариши бўлмаса, бу тўнтариш кетидан Ўш, Жалолобод, Бозорқўрғон ва бошқа ерлардаги ўзбекларга нисбатан янгидан қирғин бошланмаганда эди!”

Қирғизистоннинг аланга ичидаги байроғи, камерага яқинлаша бошлайди ва бутун экранни эгаллайди. Тасвирда қирғиз босқинчиларининг хужумга ўтаётгани, ўзбек махаллаларига бостириб кираётгани, ўзбек аёлларининг изтиробли қиёфалари, деворларга ва кўчаларга ёзилган “SOS” ёзувларининг суратлари, кетма-кет пайдо бўла бошлайди. Энг ачинарлиси, юзларида ғолибона табассум билан қирғиз харбийлари бронетехникалар устида тиржайиб туришибди.     

Диктор – “2010 йил июнида 1990 йил июнидаги ўзбекларни қирғин қилиш сценарийси айнан такрорланди. Фақат қурбонлар сони, қонхўрликлар ва ваҳшийликлар даҳшатли тус олди.” 

Сўнг суратлар кетма-кетлиги яна давом этиб, жабрланган ўзбеклар, уларнинг вайрон этилган уйлари, босқинчиларнинг жазава ҳолати ва ҳарбийларнинг қирғизлар қўли баланд келаётганлигидан мамнун ҳолда, шаҳар кўчасидан  танкда ўтиб кетаётгани кўрсатилади. Қирғизлардан иборат оломон, Қирғиз республикаси байроғини кўтариб турибди. Ҳалок бўлганлар жасади, қабристонда жасадларнинг дафн этилишида иштирок этаётган юзлаб инсонлар, юзлаб қабрлар. Ёндирилган уйлар харобасида 3-5 ёшли болалар жасадлари. Кўчларда ёниб кул бўлган машиналар. Қирғинларга алоқадорликда айбланган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг панжара ортидаги сурати. Юқоридан кўрсатилган планда, ёппасига вайрон этилган, ёқиб юборилган ўзбек маҳалласи.          

Диктор – “Мустақил манбаларнинг маълумотларига қараганда, минглаб инсонлар ўлдирилган. Ўн минглаб кишилар ярадор ва ногирон бўлганлар. Юз минглаб одамлар бошпанасиз ва сариқ чақасиз қолишди.”

Ўзбекистон ва Қирғиз республикаси чегараси орасига тортилган тиканли сим олдида ўзбек онахони икки невараси ва келини билан ўтирибди. Чегарада қирғинлардан паноҳ истаб, Ўзбекистонга юкуниб келган минглаб қочоқлар ва уларга ёрдам қўлини чўзаётган ўзбек чегарачиларни кўрамиз. Қочқинлар Ўзбекистон ҳудудига қабул қилиняпти. Москвада, ҳукумат уйи олдида Қирғизистон фуқаролари намойиш уюштиришмоқда.

Диктор – “Ўзбекистон юз мингдан зиёд қочқинни қабул қилди, аммо уч кундан сўнг улар азалий ватанига қайтарилди. Лекин ўзбекларни сиқиб чиқариш акцияси барбод бўлдимикан?!”

Қирғизистон байроғининг марказидан, ўзбек оналарининг жаҳон ҳамжамиятига қараб турган  илтижоли нигоҳи мухрланган сурат чиқиб кела бошлайди.

Диктор – “Қирғизистоннинг фуқаролари Россия ҳукуматига мурожаат қилмоқдалар. Жаҳон жамоатчилигига юзланмоқдалар.”

Москва. 2011 йил августи. Кўчалар хар доимгидек серқатнов. Йўл четида эса, дам олиб турган  гастербайтерлар. Машиналар Минск шоссесида жойлашган Янги Москва масжиди томон ҳаракатланмоқдалар. Масжиднинг осмонга бўй чўзиб турган улкан минораси.        

Диктор – “ Айни шу пайтда Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити бўлаётган эди. Аммо, Ўш фожеасига эътибор берилмади. Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти раҳбари бўлиб турган Остона ҳам ташвишланмади.”

Россия Мусулмонлари Диний Идораси  Раисининг Биринчи ўринбосари Ҳазрат Дамир Мухитдинов билан суҳбат. Унинг суҳбати давомида йирик планда масжид имом-хатиби, ибодат қилаётган оддий кишилар, мусулмонлик рамзи бўлмиш “Ярим ой” ва умумий планда масжид фонидаги осмонўпар бинолар кўрсатилади.     

Ҳазрат Дамир Мухитдинов шундай деди: «Бирор бир миссия, на ЕХҲТ(Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти), на БМТ(Бирлашган Миллатлар Ташкилоти), на бошқа бир диний арбоблар ўша кунларда ўзбек жамоаси, ўзбек маҳалласи орасига бормадилар, биз бордик ва кўрдик, тингладик, ўзбек оналарининг улкан қайғусига қўшилиб йиғладик. Балки, хатони биз руҳонийлардан излашимиз керакдир, бизнинг уламоларимиз яхши ишламаётгандирлар, исломнинг инсонпарварлик тамойилларини мамлакатларимизнинг барча аҳолисига, барча тақво аҳлига етказа олмадик. Ахир  Аллоҳнинг расули исломнинг миллатустун дин эканлигини исботлаган эди. Ислом – ота ва оналаримизнинг дини, у тор миллий манфаатлардан юқоридир. Албатта, мусулмон бўла туриб ҳам, биз ўз миллий илдизларимизни, анъаналаримизни унутмаслигимиз керак. Ҳар бир халқ ўз она тилини ўрганишга, эҳтимол, ўз халқи маданиятини ўз фарзандлари ва набираларига етказиб бериш учун ўз мухториятига ҳам эга бўлишга ҳақлидир».     

Экранга йирик планда, Қирғизистон Муваққат ҳукумати раҳбари Роза Отунбаеванинг сурати  билан биргаликда “ОБСЕ- Астана-2010” ёзуви ,Остонанинг умумий кўриниши ҳамда ОБСЕнинг ўша пайтдаги раиси Қозоғистон Ташқи ишлар вазири суратлари пайдо бўлади. Сўнг, фожеаларни ўрганиш бўйича тузилган Халқаро комиссия раиси фин дипломати, доктор Киммо Кильюнен сурати чиқиб келади.     

Диктор – “Муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаеванинг Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига мурожаатидан сўнг ташкилот парламент Ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили, фин дипломати, доктор Киммо Кильюнен бошчилигида Фожеаларни ўрганиш бўйича Халқаро комиссия тузилди.”

2011-йил май. Бишкекдаги марказий майдонлардан бири, гўё хеч қандай қирғин юз бермагандай, фавворалар бир маромда ишлаб турибди. Унинг атрофида эса, маҳаллий аҳоли хотиржам сайр қилиб юрибди. Айни чоғда, Халқаро комиссия хулосалари эълон қилинаётган мажлис трибунасида ўтирган Киммо Кльюнен сурати чиқиб келади. Ва бирин-кетин Қирғиз парламенти, Роза Отунбаева йирик планда, Бишкек марказида ҳанузгача виқор билан қўл кўтариб турган, Лениннинг ҳайбатли ҳайкали намойиш этилади. 

 Диктор – “2011 йилнинг май ойида комиссия хулосалари эълон қилинди. Унга кўра: «инсонийликка қарши жиноят содир этилган, зўравонликлар ва одамларнинг ўлими учун Муваққат ҳукумат айбдор. Куч ишлатар тизимлар низога аралашиб кетганлар ва зўравонларга қурол тарқатганлар. Қирғиз полицияси эса бир томоннигина очиқчасига қўллаб-қувватлаган».”

2011 йилнинг августи. Москвадаги “Измайлов” истироҳат боғи марказидаги хиёбондан Киммо Кильюненнинг камера томон юриб келяпти. Йирик планда унинг ташвишли қиёфаси кўринади. 

Диктор – “Комиссия хулосаларини мушоҳада этиш ўрнига, Қирғиз ҳукумати комиссияни бирёқламаликда айблади, Киммо Кильюненни эса персона НОН ГРАТА деб эълон қилди.”

Москвадаги “Измайлов” боғидаги сунъий кўл бўйида Киммо Кильюнен билан бўлган суҳбатдан парча.

 Киммо Кильюнен воқеалар ҳақида шундай дейди: «Мен тушунмадим, мутлақо тушуна олмадим! Қирғизистонда персона нон-грата эмишман!  Бу мамлакатни яхши кўраман! Мен Қирғизистоннинг дўстиман! Мен бу мамлакатда кўп йиллар ишлаганман. Бу ерда дўстларим кўп, ҳатто парламентдаги кўплаб депутатларни танийман – улар менинг яхши дўстларим эди. Бу яна қанақаси бўлди?.. Мен келажакда ҳам бу мамлакатга ёрдам беришни истардим. Агар ярашув жараёни жиддий  бошланса, ҳамкорлик қилишим мумкин, ҳозир эса бунинг иложи йўқ! Афсус!»

Боғ ҳудудида бунёд этилган сунъий кўлда, қаердадир оммавий қирғин рўй бергани, унинг натижасида минглаб одамлар ўлдирилгани ҳақидаги фикрлардан жуда узоқ  ерли аҳоли қайиқларда сузиб юришипти.   

Диктор – “Бишкек  қирғиннинг айбдорлари сифатида ўзбекларнинг ўзини кўрсатди. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишларича,энди қирғинлар  қонуний тус олди.”

 1990-йилги Ўш қирғинини ўрганиш гуруҳи бош терговчиси Владимир Калиниченко билан бўлган суҳбатнинг давоми.    

Владимир Калиниченко шундай дейди: -2 «Агар ўшанда масалага чек қўйилганида эди, фожеалар нега юз берганлиги борасида бор  ҳақиқат айтилганида эди, ўйлайманки, бу воқеалар такрорланмасди. Бугун нимадан қўрқамиз? Ўзимизга ва бошқаларга айтишдан қўрқамизми? Бу қанақа ўйин бўлди?!» 

 

Хорижий русумдаги машиналар билан тўлган пойтахт кўчаларидан бири. Бу ойнаванд бино Россия Нано-технологиялар маркази бош офиси.

                                                    

 Диктор – “Айни пайтда, Европа Иттифоқи, АҚШ, БМТ, Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти  комиссия хулосаларини қўллаб-қувватладилар.”

Рос Нанонинг бош офисида «Правое дело» партиясининг собиқ раисдоши, Леонид Гозман билан бўлган суҳбатнинг давоми.

 

Леонид Гозман шундай дейди: «Ростини айтганда, комиссия хулосалари жуда юмшоқ. Назаримда, хулосалар ўта юмшатилган, парламентнинг муносабати эса ҳеч қандай изоҳсиз ҳам тушунарлидир! Ҳатто жудаям тушунарли.Уларга бир эски рус мақолини  эслатиш керакка ўхшайди: «афтинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама!»

Юқоридаги рус мақолига иқтибос сифатида, Москва дарёси қирғоғидаги балчиқланиб турган сув тасвири тўлалигича экранни эгаллайди. Дарёдан янгиланаётган Россиянинг рамзи бўлмиш замонавий теплоход “Пууппппуууп” чинқириғи билан йўловчиларни чорлаб, шитоб билан ўтиб кетмоқда. Теплоходни кузатиб қўярканмиз, дарёнинг шундоққина нариги соҳилида жойлашган Россия Ҳукумати Оқ уйи кўз ўнгимизда намоён бўлади. Унинг тепасида эса, Россия байроғи мусаффо осмон шаббодасида ҳирпираб турибди.             

Диктор – “Россия Федерацияси ҳам эҳтиёткорлик билан, жамоатчиликка сезилмас тарзда маърузани қўллади. Бироқ бу борада бошқача фикрлар ҳам бор.”

Москва Давлат Думаси. 2011-йилнинг августи. Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича Қўмитаси раиси, Россия Либерал Демократик Партияси аъзоси Алексей Островский билан бўлган суҳбат.

Алексей Островскийнинг Ўш воқеалари ва Халқаро комиссия хулосаларига муносабати: «Ўш  воқеалари, энг аввало Қирғизистон ва Ўзбекистонга, қолаверса, Марказий Осиёга дохил   ходиса сифатида постсовет майдонида, Россия Федерациясининг етакчилигида  ҳал этилиши лозим. Зотан,Марказий Осиёдан узоқда жойлашган давлатларнинг резидентлари вакиллик қилган комиссия аъзолари бошқа мақсадларни кўзда тутишади. Шу маънода, мен минтақада Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) тузилганини олқишлайман. Биз Россияда бу ташкилотга жиддий  умидлар боғлаганмиз. Лекин шуни ҳам кескин айтиш керакки: низонинг бир томони ташкилотга кирган бўлса-ю, бошқа томони кирмаган бўлса, ташкилотнинг ўзи муайян даражада вазиятнинг асирига айланиб қолади».

 

Туркистоннинг Чор-Россияси мустамлакаси бўлган давридаги жўғрофий аҳволини англатувчи харитаси бутун экран хажмида намойиш этилади. Чор Россиясининг вассаллари бўлган Бухоро амирлиги, Хива хонлиги яшил ва  пушти рангда ажратиб кўрсатилади.       

                                                             

Диктор – “Бу нуқтаи назар ҳам ўз тарихига эга. Туркистон хонликлари  худуди юз йилдан ортиқ Россия империяси исканжасида бўлиб келган.”

 

Йирик планда  1917 йил ёзуви чиқади. Хаританинг ўртасида, Ленин сурати пайдо бўлади. Тасвирни, Бухородаги собиқ амирнинг аркидан чиқиб келаётган маҳаллий большевиклар ҳақидаги хроникал кадр давом эттиради.   

 

Диктор – “1917 йилги Октябрь тўнтаришидан сўнг, кун тартибига Осиёдаги Россия худудларининг сиёсий тузилмаси масаласи қўйилади. Ленин маҳаллий большевикларнинг ягона Туркистон республикасини барпо этиш лойиҳасини рад этиб ўз таклифини киритади.”

 

Худди ўрта асрларни эслатадиган, муҳит ва кўриниши жуда юпун авом халқ. Миллий тузилма масаласини муҳокама қилаётган маҳаллий большевик амалдорлар, уларнинг етакчиси Файзулла Хўжаев нутқ сўзлаётган  мажлисга гувоҳ бўламиз.

 

Диктор – “Ўрта асрлар хонликлари ўрнида маҳаллий большевиклар мадади билан Бухоро ва Хива Социалистик Республикалари ҳамда Туркистон Мухтор Совет Социалистик Республикаси ташкил топади.”

 

Энди харитадан 1922 йил ёзуви  чиқиб келади. Хроникал кадрда эса, Москва марказидаги машҳур “Большой театр” биноси. Унга кираверишда, қўриқчи қизил аскарлар съезд қатнашчиларининг рухсатномаларини текшириб, бита-битта ичкарига киритишмоқда. Иштрокчилар орасида, осиёликлар, кавказликлар, умуман, кечаги империянинг бошқа чекка ҳудудларидан ташриф буюрган вакилларни ҳам кўрамиз.           

 

Диктор – “1922- йилнинг декабри. Москвадаги “Большой театр” биносида Советларнинг Биринчи Бутунроссия Съезди. Унга собиқ Россия империясининг чекка ўлкаларидан ҳам делегатлар таклиф этилган.”

 

Театр залида вакиллар, мухториятларнинг миллий элиталари большевик раҳбарлар нутқини диққат билан тинглашмоқда. Президиумда Михаил Калинин бошчилигида арбоблар ўтиришипти. Съезд воқеаларини ёритган ўша давр газетаси. Совет Социалистик Республикалар Иттифоқи тузилганини мажлис қатнашчилари гулдурос қарсаклар билан қарши олишмоқда.  СССР ташкил қилингани ҳақидаги декларация ва уни имзолаган Россия Федерацияси, Украина ҳамда Кавказорти республикалари раҳбарларининг имзолари.

      

Диктор – “Пролетариат ғалабасининг муқаррарлиги ва миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи борасидаги ғоялардан руҳланган большевик раҳбарлар улкан Россия империяси патирини, миллий элитанинг сонига қараб, кичик бурдаларга бўлдилар. Большевикларда росмана мустақиллик ҳадя этиш истаги бўлмаганлигидан, патирнинг парчаларини ягона Совет Социалистик Республикалари Иттифоқига бирлаштирдилар.”

 

Туркистон харитасида 1924 йил ёзуви. Пайдо бўлган хроникал кадрда, юқори нуқтадан Бухоро шаҳрининг 1924-йилги умумий кўриниши. Тор кўчаларда авом. Бухорога келган М.Калинин Ф.Хўжаев раҳбарлигидаги Бухоро Ҳалқ Республикаси ҳукумати аъзолари билан учрашмоқда.   

 

Диктор – “1924 йилга келиб Совет Иттифоқи ҳукумати бу йўлда янада илгарилади. Туркистонда миллий-худудий чегаралаш кампанияси бошланди.”

 

Чамаси бир неча мингдан иборат маҳаллий авом халқ шиорлар ва қизил байроқлар кўтарган ҳолда, М.Калинин раҳбарлигида келган делегацияни  қутламоқда.

 

Диктор – “Бухорога Михаил Калинин бошчилигидаги делегация келди. Туркистон патирининг тотли  парчаларига эгалик  учун кечган узундан-узоқ музокаралар ва хийлалар натижасида, харитада олтита сунъий-қўғирчоқ тузилмалар юзага келди. Кейинчалик  бу тузилмалар Марказий Осиёнинг бешта бўлажак дунёвий давлатларига асос бўлиб хизмат қилди.”

 

Туркистон харитасида олтита маъмурий-ҳудудий тузилма кетма-кет турли рангларда ажратиб кўрсатила бошлайди.    

 

Диктор – “Тожикистон мухтор вилоят

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares