
Чекка бир қишлоқнинг чекка уйида меҳнаткаш оқкўнгил бир инсон уч нафар қиз фарзандидан кейин ўғил кўрди. Яратган эгамнинг мархамати кенг, кўп вақт ўтмай орқасидан яна бир қизалок дунёга келди.Шамолдай елиб йиллар кетидан йиллар ўта бошлади. Фарзандлар кетма-кет вояга етишди.Ота-она фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб ҳаммасини олий маьлумотли қилишди. Қизларини орзу – ҳавас билан тўй қилиб узатишди ва ниҳоят улар зориқиб кутган кун ҳам келди. Туйлар муборак садолари остида ёлғизгина ўғиллари Шералижоннинг бўй –бастига мос cулув бир келин остона хатлаб кириб келди. Яхши кунлар кетидан яхши кунлар кела бошлади.Шералижон қизчали бўлганида ота-онаси қанчалар қувонишганди, чунки фарзандингдан ҳам невара ширинроқда.
Бу ширин ҳаёт кўпга чўзилмади. Шералижон тўсатдан бу дунёни тарк этди.Маҳаллада Шералижон вафот этибди деган шум хабар бир зумда тарқалди.Ёлғиз ўғил вафот этгач шўрлик ота-она букчайиб қолди. Онаизорнинг нолалари еру-кўкни титратиб юборди. Дунёда ҳеч ким фарзандим деб куймасин.Фиғони фалакка чиқиб менинг олдимга келган Ҳалима ая ич-ичини кемираётган дардларини бирма-бир тўкиб солди.Кўзларидан оқаётган шашқатор ёш юрак -бағримни ўртаб юборди. Ҳалима ая Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманига қарашли Лалмикор қўрғонида истиқомат қилади. Ёлғиз ўғлидан ажралиб қолгач рўзғорнинг барча ташвишлари чолу-кампирга қолди.Аянинг рўзғорига қарилик нафақасидан бошқа ҳеч қандай ортиқча даромад келмайди. Нафақани ҳам ҳеч қачон ўз вақтида олиша олмаган.Қачонки почтальон банкдан пул ололсагина аҳолига нафақа пули тарқатади. Нафақа тарқатиш вақтида албатта коммунал тўлов учун ҳар ойда мажбурий равишда пул ундирилмоқда. Аядан ва турмуш ўртоғи Яхшибой отадан ҳар ойда коммунал тўлов учун 35-40 минг сўмдан ундирилмоқда. Пластик карточкалар муомалага киритилгандан буён чолу-кампирнинг нафақаси пластик карточкаларга ўтказиладиган бўлди. Пластик карточкага ҳеч қачон бозорда ҳохлаган нарсангизни ўз нархида ололмайсиз. Қандай маҳсулот бўлмасин устида ҳохлайсизми йуқми 20 фоиз устама нархи бор.Бозордан ҳохлаган нарсасини сотиб ололмагач ҳар бир фуқаро пластик карточкадаги пулнинг 18 -20 фоизидан кечиб маьлум бир “точка”ларда карточкадаги пулини нақд пулга алмаштириб олмоқда. Деҳқон бозорининг ўзида бу каби 15та “точка” аҳолига “беминнат” хизмат кўрсатишмокда.
Тадбиркорликни ҳам эплаган қила олади. Бозорнинг ўртасида мана мени кўрдингми дегандек керилиб ўтириб кундуз куни халқни очиқчасига талаётган юлғичларга ҳеч ким ҳеч нарса дея олмаяпти. Бундан ким манфаатдор, нима сабабдан бу ноқонуний вазиятга ҳеч ким чек қўймаяпти? Қараб кўриб туриб ақлинг шошади. Албатта, зиён кўриш ҳаммага аччиқ.Ҳалима ая ҳам қарилик нафақасини келаси ойдан нақд пул қилдириш ниятида шу йилнинг 20 декабр куни Губдин қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Жўрақулов Ғофур аканинг олдига боради ва пластик карточкадан унумли фойдалана ололмаётганлигини айтиб нафақасини нақд пул қилиб беришини илтимос қилади.Маҳалла раиси Ғофур ака Ҳалима аяга қараб: “Бу нима деганингиз ? Сиз давлат сиёсатига қарши чиқаяпсиз ! Бу элга келган бир тўйда” – деб айтибди. Раис яна аяни огоҳлантиришни ҳам унутмабди. У: “Опа, шошмай туринг, ҳали менинг олдимга кўп маротаба ялиниб келасиз. Мен билан уйнашманг, мен кичкина одам эмасман, ўзимга яраша ошна –оғайниларим бор. Мен йулимга тўғанок бўлганларни қўймайман, тушундингизми? Тушунмаган бўлсангиз яхшилаб тушунтириб қўяйми?” – деб хонасидан беҳурмат қилиб аяни чиқариб юборибди. Ўзбек халқида семизликни қўй кўтаради деган нақл бор. Албатта, маҳалла фуқаро йиғинлари томонидан аҳолининг кам таьминланган қатламлари учун моддий ёрдам, ҳамда 2 ва 16-18 ёшгача бўлган болалар учун болалар нафақаси тайинланади. Мана шу нафақа тўғирлаш учун қайси бир маҳалла раиси олдига борманг бир ойлик нафақа пулини олдиндан бермасангиз ҳеч қачон фарзандингиз учун нафақа ололмайсиз. Бунинг исботи ҳар бир маҳаллада ҳар ойда бўлиб турибди. Кўриб турганимиздек, маҳалла раислари милионлаб пулни
ойма- ой уз чўнтакларига урушмоқда. Шунча даромад қилаётган одам Ҳалима аядек беозор аёлни албатта оёқ ости қилиши аниқ. Ҳа, замон зўрники дейишган. Губдин қишлок фуқаролар йиғини Ғофур бойваччага қолибди.
Бу шоввоз на Ҳалима аядан, на Яхшибой отадан нафақаларини пластик карточкага ўтказилишига рози эканлиги тўғрисида ариза олган. Бундай ариза мавжуд бўлмаса ҳам ўзи бир иложини қилган.Бирор маротаба ҳам на ая, на отадан сўраб шу вақтгача нафақаларини пластик карточкага ўтказиб келишди.Илтимосини айтиб маҳаллага келган аяга нима гаплар гапирилмади дейсиз.Бу ҳақоратларга чидай олмаган ая ҳақиқат излаб сарсон-саргардон. Аяга сабр тоқат, маҳалла раиси Ғофур бойваччага Худодан инсоф тилаб қоламиз.
Г.Бердиева.
Жиззах.



