Мардлигини йўқотган эл- ўлғондир

 Ёдгор Обид

Ёлғон дунё ёлғонлиги ёлғондир,
Билмам бу гап ким- кимлардан қолғондир.
… » Бу дунёлик, у дунёлик сўранг» деб-
Яратган зот Китобига солғондир.

Руҳимизда икки дунё эшиги,
Бу дунёдир у дунёнинг бешиги.
Алдовларнинг бўлмас катта- кичиги…
Тинглай- тинглай қулоқлар ҳам толғондир.

Ҳарким гапни ўзига мос қурадир,
Сизни тергаб, ўзи даврон сурадир.
Тузоғига илинтириб юрадир…
Кўплар ҳоли шундан хароб бўлғондир.

Алдов сира динимизга хос эмас,
Бало келса- бўйин эгмоқ рост эмас.
Бу йўлларда адашганлар оз эмас…
Хатолардан диллар қонға тўлғондир.

Борлигимиз ёлғон эмас ё сароб,
Ҳақиқат бор. Ва унга бор ихтилоф.
Бул ҳаётни кимки қилмас эътироф-
Ҳам ўзини, ҳам ўзгани чолғондир.

Ёвга ёвлик- Бош Китобда ҳам ҳалол,
Бўйин эгмоқ келтиради кўп завол.
Эрк йўлида ханжар- тўғри сўз қурол…
Мардлигини йўқотган эл- ўлғондир.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares