
(туркум мақолалар)
3- мақола
ЎЗИНГ УЧУН ЎЛ ЕТИМ…
Бу мисоллардан маълумки, жаҳон стандартлари бўйича олиб қаралганда, меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилган. Масалан, БМТнинг 1948 йилда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” нинг, шу халкаро ташкилоти 1990 йили 18 декабрда қабул қилган “Барча меҳнат муҳожирлари ва улар оилаларининг ҳуқуқлари ҳақида”, МДҲ давлатлари 1995 йилнинг 26 майида қабул қилган “Инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари” каби Конвенцияларининг қатор бандлари бузилган.
БМТнинг “Барча меҳнат муҳожирлари ва улар оилаларининг ҳуқуқлари ҳақида” Конвенциясининг 1-бандининг 11 моддасида: “меҳнат муҳожири ва унинг оиласи қулликда сақланиши мумкин эмаслиги”, 2 бандда эса: “меҳнат муҳожири ёки унинг оила аъзолари мажбурий меҳнатга тортилиши мумкин эмас”лиги ёзилган. Аммо юқорида кўриб ўтганимиздай, халкаро қонунлар ишлаётгани йўқ.
Ўзбекистондан ўтган меҳнат муҳожирларининг миллати қозок ёки қорақалпоқ ҳатто ўзбеклардан бир қанчалари Қозоғистонга келиб яшашмоқчи, ўралмон мақомини олмоқчи бўлишади, аммо Қозоғистон қонунлари бўйича фақат қозоқ миллатига мансуб фуқароларгина ўролмон мақомига эга бўлишлари мумкин. Шунинг учун кўпгина корақалпоқлар, ўзбеклар паспортларига “қозоқ” деб ёздириб ўролмон бўлишмоқда. Қозоқлар эга бўлган имтиёзлардан фойдаланишмоқда.
Бир пайтлар Қозоғистонда туғилган, ота-оналари Қозоғистонлик бошқа миллат вакиллари, масалан, ўзбеклар бу мақомга эга бўла олмайди. Шу билан бирга Россиядаги ва Қозоғистондаги демографик аҳволни яхшилаш, меҳнатга яроқли аҳолини кўпайтириш учун ҳам чора тадбирлар кўрилмоқда.
Қозоғистон президентининг ҳар йили халққа қиладиган мурожаатидан келиб чиққанда, ўралмонлардан, илгари Қозоғистон фуқароси бўлган шахслардан тўлов бадали қонун бўйича сўралмаслиги керак. Аммо бу ишларга мутасадди бўлган расмийлар тўлов бадали сўрашни канда қилишмаяпти.
Россияда эса Қирғизистон фуқаролари учун икки фуқаролик таъсис этилган. Россия паспортини олган қирғизистонликлар улар билан тенг ҳуқуққа эга бўлиб, тенг ҳақ олиб ишлашмоқда.
БАЪЗИ АМАЛИЙ ТАКЛИФЛАР…
Меҳнат муҳожирларининг аҳволини тубдан яхшилаш мумкин бўлмаса ҳам озгина уларга кўмаклашиш керак. Келгусида ишга борадиган меҳнат мухожирларига ҳаминқадар осон бўлиши учун баъзи амалий таклифларимизни айтиб ўтайлик:
1. Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, керак пайтларда Қозоғистонда ва Россиядаги иш жойларининг адресларини айтиб, улардан хабар олиб тургувчи жамоат ташқилотлари тузиш ва улар божхона яқинида жойлашишлари керак.
2. Бу хил ташкилотлар меҳнат мухожирларига чет элда бўлганда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақидаги буклетларни тарқатишлари ва “ишга” деб ёздиришларини талаб қилишлари лозим.
3. Бу ташкилотлар меҳнат муҳожирларини ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишга ўргатиши керак.
4. Фақат божхона ёнидагина эмас, Россия ва Қозоғистон каби давлатларнинг меҳнат мухожирларига муҳтож жойларида ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамоат ташкилотлари тузилиши керак.
5. Ҳозирда Қозоғистондаги нодавлат ташкилотлар миграция муаммолари билан шуғулланувчи ва фақат президентга бўйсуниши керак бўлган алоҳида ташкилот тузиш таклифи билан чиқишмоқда ва биз ҳам шу таклифга қўшиламиз.
6. Ҳукуматлар агар ўз аёлларини, қизларини ҳимоя қилишни, уларнинг номусини, иффатини сақлашни истаса Сариоғоч, Туркистон томонлардаги жинсий эксплуатация билан шуғулланилаётган жойларни аниқлаб, ики ҳукумат аъзолари иштироуида амалий фаолият олиб боришлари мумкин.
7. Яширин йуллар билан ўтган меҳнат муҳожирларининг легалаштириш, ошкоралаштириш уларнинг аҳволини яхшилашга ёрдам беради. Бир пайтлар бу хил тажриба АҚШ, Юнонистон, Италияда кўлланилган ва яхши натижалар берган. Легаллаштириш туфайли меҳнат муҳожирларининг фаолиятини, миграция жараёнини назорат қилиш мумкин бўлган. Меҳнат муҳожирлари ноқонуний ишларга қўл уролмаган.
(тамом)
Ботир НОРБОЙ
2011 йил.



