ЎЗБЕКИСТОН: ФАРҲОД БОЗОРИДА ТУХУМ ОЛИБСОТАРЛАР ҚЎЛИГА ЎТДИ

     Бир йилдирки, Тошкент шаҳрининг Фарҳод деҳқон бозорида “Элга хизмат” савдо ташкилоти томонидан арзон нархдаги тухум савдо растасига қўйилганидан хабарим бор эди. Якшанба куни мен ҳам арзон тухум харид қилиш учун вақт ажратдим. Борсам, гуё  текин тамоқ берилаётгандек, тумонат одам. Навбатда турганлар уч юзтача боро-ов. Соат 11.00, аммо ҳали тухумдан дарак йўқ. Ҳали йўқ тухумга шунча!

Мен ҳам уч юз биринчи бўлиб, навбат олдим.

                – Тухум бўлармикин  ўзи?, – сўрадим ёнимда турган аёлдан.

                – Ким билсин, ҳар куни соат 10.30 ларда келарди. Бугун   негадир кечикаяпти. Илгарироқ навбат олиш учун эрталаб 8.00 да чиққандим. Ҳавонинг заҳрини қаранг, оёғимдан ўтиб кетди, – нолиди суҳбатдошим. Навбатни олиб, ул-бул харид қилиш учун бозорга кирдим. Қайтганимда соат 14.00 бўлганди. Ҳартугул тухум келибди. 150 сўмдан тухум харид қилиш илинжида эрталабдан келиб, совуқ еб ўтирган одамлар ўртасида ур-тўпалон. Негаки, битта дамас русмли машинада 50 “решотка” тухум келтирилган. Одам бошига 16 дона тухум сотиш миёр қилиб белгиланган бўлишига қарамасдан, турнақатор навбатда турганларнинг барчасига етмай қолиш эҳтимоли бор. Харидор кўпу, тухум кам. Шу сабабми, навбатсиз харид қилиш истагида ўртага ўзини урганлар билан навбатда турганлар ўртасида бақир-чақир бошланиб кетди. Худди мана шу тартибсизликни кутиб тургандек, ўрта ёшлардаги башанг кийинган киши пайдо бўлди.

              – Тинчланинглар, бўлмаса, тухум сотилмайди, – навбатда турганларга бақирди  у амирона овозда,  кейин, – Орангизда бозорчилар борми, бўлса, қани, олдинга ўтсин, – деди тантанавор.

           Шу пайт “гув” этиб 40-50 тача аёл ўзини олдинги қаторга урди. Эрталабдан то соат 14.00 га қадар совуқда дириллаб навбат кутиб турган фуқаролар чапак чалик қолаверишди.  Бўлди жанжал, бўлди тўпалон.  Бироқ барибир одамлар башанг кийинган кишига ботиниб бир гап айтишолмади. Сабаби аниқ, унинг бурни оша гапиришса борми, шу ондаёқ дамснинг эшиклари беркилади, тухум савдоси тўхтатилади, қўяди. Шунинг учун ҳам тухумдан қуруқ қолишни истамаган харидорлар тилларига эҳтиёт бўлишаркан.

         Мен бу талатўпда янги эмасманми:

–          Менга қаранг ака, бозорчилар одаму, бошқалар одаммасми? Нега тонг саҳардан навбатда турганларни таҳқирлаяпсиз?, – дея эътироз билдиришга журъат этибман денг.

Бир маҳал башанг кийинган эркан менга ёвқараш қилди:

–          Сизга нима? Бу ерда хужайин менман. Менинг айтганим бўлади. Санларга сув текин савдо ташкиллаштириб берсанг  ҳам ёмонсан. Сиз иссиққина уйингизда ўтирасиз. Бу бозорчи бечоралар халқни тўйдириш учун туну-кун, қиш демай, қор, совуқ демай бозорда.  Сиз ҳозир тухумни оласизу, ўзингизни иссиққина уйингизга урасиз, бу шўрликлар эса яна 4-5 соат совуқда дирдираб ўтиришади, сотишади, бўлдими, тушунарлими? Э-э, Боринг, боринг,  навбатингизда туринг – дея иддо қилди.

       Бу тортишувдан хавотирга тушган навбат кутиб турган харидорлар мени тортқилаб, орқага, навбатимга элитиб қўйишди.

–          Диминг, ҳозир сизни деб, боридан ҳам маҳрум бўламиз, – дея мени тартибга чақирди кекса онахонлардан бири.

         Бозорчи аёлларнинг нафси қонди, чамаси, навбат оддий фуқароларга келди. Шу пайт башанг кийинган олифта одамнинг яна дўриллаган овози эшитилди:

–          Минг марта айтдим санларга, ёш болаларга тухум сотилмайди деб! Қулоқларинг карми? Биласан, билиб нега навбатда турасан!, – деди у иллат билан, кейин навбати келган қизчанинг елкасидан турткилаб, четга чиқариб қўйди. Арзон тухум харид қилиш  бахтидан” мусавво бўлган қизнинг ёши тахминан 16-17 ёшларда эди. Бундай муносабатдан, ноҳақликдан қизнинг кўзлари ёшланди:

–          Мен кичкина қизча эмасман, коллежда ўқийман, илтимос, бу кишига айтинглар, менга ҳам тухум сотишсин, – деди қиз навбатда турганларга зорланиб. Ҳамма жим.

–          Акамисиз, укамисиз, менга қаранг, нега харидорнинг ҳукукини паймол қилаяпсиз? Биринчидан, бу қизалоқ эмас, шундоққина кўриниб турибди-ку? Нима, ёки арзимаган нарса харид қилиш учун бозорга  паспорти билан келсинми энди? Ёшларга тухум сотилмасин, деган қонун қаерда бор экан? Нима, бу спиртли ичимликмиди? Қочинг йўлдан, қизчага изин беринг, тухум олсин. Бор йўғи 16 дона тухум экан-ку? Одамнинг жонимиди, ака? 5-6 соатдан бери совуқда соғлиғини хатарга қўйиб, навбат кутди ахир, –  хитоб қилдим “амалдор”га.

–          Ҳа, яна сизми? –  у менга норози қаради, – Ўз фабрикангизда тухум ишлаб чиқиб, келтирсангиз, кимга ҳоҳласангиз, шунга сотасиз, қўшилманг дедим сизга, – деди мени жеркиб, – Агар ҳозир яна шунақанги жиғимга тегиб, жаҳлимни чиқарсангиз, сотмаймиз, барчасини бозорчиларга тарқатиб кетамиз!

         Башанг кийинган бу бойваччанинг нописанд муомаласи иззат-нафсимга тегди.

–          Кимсиз ўзи? Исм-шарифингиз? Мамлакат қонунларини, харидорларнинг ҳуқуқларини  бузганингиз учун сизни судга бериш керак! Мен сиз билан  бу масалада то охиригача баҳслашаман, истаган идорангизгача бораман. Бош вазирга устингиздан арз қиламан. Шикоятга мана шу ерда турганларнинг барчасига имзо қўйдираман, – дея мен ҳам пўписага ўтдим.

–          Кимлигимни билсангиз нима қиласиз? Мен бозоркомман. Жасур Зоирович деганлари мен бўламан. Қаерга борсангиз бораверинг, кимга арз қилсангиз, қилаверинг. Ўқигансиз, шекилли-да-а, бозорлар Бош вазирнинг тасарруфида эканлигини биларкансиз. Йўқса, нега Президентга эмас, Бош вазирга арз қиламан дейсиз, – беписандлик билан захарханда қилди у, – Мана шу 150 сўмлик тухумга ўхшаган мол-махсулотлардан мисқоллаб йиққанимизни едирамиз, томчилаб тўплаганларимиз билан суғорамиз сиз айтаётган ўша юқоридагиларнинг барчасини, билдингиз!!! Боринг, тўрт томонингиз қибла, истаган ерингизга боринг!

        Тухум савдоси тугагач, “бозорком” Жасур Зоирович билан яккама-якка, юзма-юз гаплашиш учун бозор маъмуриятининг идорасига йўл олдим.

–          Жасур Зоирович, бозорком шу ердами, – сўрадим эшик олдида турган ички ишлар ходимидан.

–            Жасур Зоировичми? У киши бозорком эмас, Фарҳод бозоридаги “Элга хизмат” шуъбасининг раҳбари-ку? Бозорком Шавкат ака бўладилар, – деди ИИБ ходими.

          Вой, муттаҳам-ей, “бозоркоммман” деб алдаганини қаранг!  Ортга қайтдим. Журналист эмасманми, “мисқоллаб йиққанини Вазир даражасидаги одамларга қўшқуллаб тутиб, “узатиб” турадиган” Фарҳод бозоридаги “Элга хизмат” савдо ташкилоти раҳбари Жасур ( афуски, фамилиясини билолмадим. Ҳатто эшигининг тепасига ҳам зикр этилмаган экан) Зоировичнинг аслида ким, қандай одам ва қанақанги раҳбарлиги хусусида бозор расталарида турли маҳсулотлар сотаётган сотувчилардан секингина суриштирб, билдим.

        Бозорнинг пасту-балантидан хабардор кишиларнинг, сотувчиларнинг гапларига кўра, Жасур Зоировичнинг “Бозорчилар борми, олдинга ўтсин!” дея, бозордаги аёлларга навбатсиз тухум сотишга изин бериши бежиз эмас экан.

– Мана бу олдига фартук тақиб олган бозорчи аёлларнинг бари тухум блогида  туришади. Тухум сотишади. Дамасчадан 150 сўмдан харид қилишади-да, тухумчиларнинг онабошиси бозор тугагач, барча тухумфурушлардан  тухумнинг ҳар бир донасига 50 сўмдан йиғиб чиқади. Яъни тухумфурушларга бу арзон тухум 150 сўмдан эмас, 200 сўмдан тушади. “Шапка”сини Жасур Зоировичга элтиб беришади. Кейин ўзлари ўтириволиб кун бўйи майдароқларини 300, йирикларини 350 сўмдан сотишади, – дейди картошка бозоридаги деҳкқонлардан бири, – Қани, сабзи, картошка сотиб ўтирган биздек бозорчиларга ҳам беришсинчи, беришмайди. Фақат тухумфурушларгагина навбатсиз беришади. Чунки улардан “доля”сини олишади-да!

            Картошка сотаётган деҳқонинг бу гаплари ҳақиқатга нечоғлик яқн, ёки йўқ, билмадиму, аммо бир нарсани аниқ биламан, ўзим айланиб, кўриб чиқдим: тухум расталаридаги тухумфурушлар сотаётган тухумларда қора буёқнинг изи бор. Нега? Чунки “Фарҳод” бозоридаги  “Элга хизмат” савдо ташкилоти томонидан ташкил этилган савдо растасида сотувга чиқарилаётган арзон нархдаги тухумларнинг барчасига қора ручка билан чизиб чиқилган.

          Айтишларича, тухумфурушлар аёллар тирноғидаги лакни кетказишда ишлатиладиган суюқлик бор-ку, атестон, ўша суюқлик кўмагида бу қора чизиқларни ўчиришга муваффақ бўлишаркан.

         Ҳа, яна бир гап. Жасур Зоировичнинг “Тепадаги арбобларнинг, катталарнинг барини  томчилардан ҳосил қилган   “денгиз”имдан суғораман” еган гаплари ҳам ёлғон-ов. Бозорда мисқоллаб йиққанини у  арбобга, бу арбобга ҳадя қилганида, ЖИП деган “тулпор”да юрармиди? Янаям билмадим….

 

 Орзигул Худоёрова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими фаоли

 

             

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares