Гапнинг сирасидан айтганда, Хоразм ва Қорақалпоғистон диёрида қиш жуда қаттиқ бўлади. Қировли кунларда иссиқликнинг табиий манбаи – газ йўқ. Электр токи узатадиган ускуналар йиллар давомида қайта-қайта таъмирланиб, эскирганлиги сабабли қишлоқ жойларида ёруғлик суткасига кўпи билан 3 соат берилади. Аҳоли қишнинг аёзли кунларини муқим булут ва қоронғиликда ўтказишга маҳкум.
“Водопровод” деган оби ҳаёт тури фақат амалдорлар уйига ва туристик меҳмонхоналарга ўтказилади. Етмиш йил “қуллик”да тирикчилик қайғуларидан ҳалос яшаган халқ ҳозирда зулмат асоратида, эртангги кунга ишончсиз назар билан яшаяпди. Муаммолар жудаям кўп. Озиқ-овқат маҳсулотлари, қишги кийимларнинг нархи кундан кунга ортиб, нафақахўр ва оддий халқнинг қўли етмайдиган даражага кўтарилаяпди. Ойлик маошлар ўн фоизга ошса, нархлар икки хисса кўтарилаяпди.
Ўзбек сўмининг қадрсизланиши оқибатида одамларнинг турмуш тарзи тобора оғирлашиб бормоқда. Ойда бир бор гўшт истеъмол қимайдиган оилаларбор. Ишсизлик муаммоси тобора ривожланмоқда. Эски амалдорлар нафақага чиққан бўлсалар-да, ўз иш ўринларини бўшатиб беришни истамаяпдилар. Мансабдан тортиб ҳамма нарса порага сотилади. Ҳатто виждон, қасамёд, лафз. Иш берувчилар фақатгина минимал маошни мўлжалга оладилар. У билан яшаш минимумини амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ўзбек йигитлари яқин хориж мамлакатларига, асосан Россия Федерациясига ўғрин-тўғрин ошиб ўтиб, у ерда чиқинди тозаласалар-да, бу ердаги турмуш фаровонлигини бирмунча яхшилаб, кўпчилиги иморатлар қуриб, тўйлар қилиб, ҳаттоки қиммат бўлса-да, енгил машиналар сотиб оляпдилар.
Машина олган билан ёқилғи муаммоси оёқдан чалади. Газ ёқилғиси аҳоли сонига нисбатан кам ажратилганлиги сабабли кўпинча амалдорлар пулини тўлашмаса-да, ўзлаштириб олиб, пул тўлови айбини авом халққа газ берилмаса-да қинғирлик билан юклаб, ўз бекаму кўстликларини қоплаяптилар. Авом халқ эса ёқилғи тақчиллигини ўтин билан эплаш учун далалардаги дарахтзорларни қийратиб, далалар яйдоқ шўр чўлистонга айланмоқда.
Сув етишмаслиги, айниқса, ирригация, мелиорация тизимига ажратилган маблағни амалдорлар ўзлаштириб олганликлари туфайли далаларда кўлоб шўрхоклар тобора уйғунлашиб, кенгайиб ёйилмоқда. Бу ҳолат ипакчилик, деҳқончилик амалларига болта уриб, кейинги йил даромадига қаҳатчиликни келтириб чиқаради. Чорва соҳасидаги фермерлар ўгай ҳисобланиб, уларга қаровсиз шўр шўлтоқдан майдон ажратилмоқда, ҳатто кучли кимёвий ўғитлар ажратилишида муаммолар туғилмоқда, натижада гўшт, сут нархи тобора ошиб, истеъмол камайиб, кўпгина касалликлар тарқалмоқда.
Ўртача умр эркакларда 67, аёларда 73 ёш дейилмоқда. Бу умуман, ҳақиқатга ёндашмайди. Чунки ҳар йили чет мамлакатларга озиқ топиш илинжида ишлашга кетаётган йигитларимизнинг айримлари нимжонликдан юртига ё етиб, ё етмасдан қазо қилаяпди. Ўзбекистонда эса яшаш шароити ёмонлигидан кексалик нашидасини суриб улгурмаган катталар ва улғайишга улгурмаган болалар, чақалоқлар турли хил касалликларга дучор бўлиб, тўсатдан қазо қилмоқдалар. Ушбу муаммоларни фақат халқ орасига иймон, эътиқод, инсоф, диёнат, виждон, лафз, қасамёдга эътиборни жамлабгина ечиш мумкин.
Мисол тариқасида бир ҳолатни келтириб ўтмоқчиман: Хива туман ҳокими юксак минбардан туриб халққа қарата “Менга газ, электр, водопровод керакмайди, кимга зарур бўлса изласин, топсин” дея оташин утқ сўзлади. Шу ерда буюк аллома Алишер Навоий каломини эслаш жоиз: “Одамий эрсанг демагил одамий, Ониким халқ ғамидин йўқ ғами”. Алишер Навоий оддий бир инсонга мурожаат қилган. Туман ҳокими эса ҳокимлик даражасида бўлса ҳам халқ ғами ўзи учун ортиқча эканлигини эътироф этиб, фақат ўз ғамини ейишга мойиллик билдраяпди. У яна “Социализм ўтиб кетди, биз капитализмда яшаяпмиз, шунга мослашишимиз керак” деб фақат ўз ғамини ейиш ғоясини мустаҳкамламоқда.
Валерий НАЗАРОВ, “Бирдамлик” ҳаракатнинг Хоразм вилояти бўйича раиси




