
Ўткир Ҳошимов
Азиз ўқувчим! Бу китобчани қарийб қирқ йил ёздим. Булар менинг Кузатувларим. Ўйларим… бир қадар армонли, бир қадар истеҳзоли, бир қадар табассумли. Хулосаларим… аслида, уларнинг ҳар бирини алоҳида асар қилса ҳам бўларди-ку… майли… Мен буларни узоқ ўйлаб ёзганман. Илтимос, Сиз ҳам китобни шошилмасдан, ўйлаб ўқисангиз…
ЎЙЛАР
Табиат. Жамият. Инсон.
“Табиат гултожи”
Кийик оч қолмаслик учун кўкат ейди. Амма бир-бирини ўлдирмайди. Шер оч қолмаслик учун кийикни ейди. Аммо бир-бирини ўлдирмайди. Одам кўкатни ҳам ейди. Кийикни ҳам ейди. Кўнгил ҳуши учун шерни ҳам ўлдиради… Кейин.. уруш қилиб, бир-бирининг бошини ейди…
Дарвинга эътироз
Дарвин таълимоти нотўғри. Одам маймундан эмас, маймун одамдан тарқаган. Оёғи ердан
узилмаганлар одам бўлиб қолган. Оёғи ердан узилганлар эса маймун бўлиб дарахтга чиқиб кетган… Бу жараён ҳамон давом этмоқда…
Eнг ақлли жонивор
Дунёда энг ақлли жонивор-балиқ! Биринчидан, соқов. Иккинчидан, муттасил думини ликиллатади!
Ҳақиқат
Шу қадар ширинки, тотиб кўргинг келади. Шу қадар аччиқки, тилингни куйдиради!
Қалдирғоч
Eътибор берганмисиз: қалдирғочлар файзсиз, ноаҳил хонадонга ҳеч қачон ин қурмайди. Гоҳо қалдирғоч одамдан ақллироқмикин, деб ўйлаб қоламан.
Атлантика океани устида
Тепада бир уммон, пастда бир уммон,
Икки денгиз аро кечар лаҳзалар.
Хаёлга толаман: мен ўзи кимман?
Ожиз ва нотавон зарра… алҳазар!
Ошкоралик
Ошкоралик шундай дарахтки, унинг мевасини энг аввал чинқироқ маймунлар ейди.
Хавфли одам
Яхшигаям, ёмонгаям бирдек яхши кўринишга уринадиган одам энг хавфли одамдир!
Инсон ва шайтон
Баъзиларга ҳайрон қоласиз. Қилғиликни қилиб қўяди-да, “билмай қолдим, шайтон йўлданурди”, дейди… Тўғри, одамзот қонида шайтон васвасаси айланиб юриши-бор гап. Аммо.. Шунақанги эркаклар борки, қирқта урғочи шайтонни болалатиб ташлайди. Шунақанги аёллар борки, қирқта эркак шайтонни алимент тўлайдиган қилиб қўяди… Ҳамма айбни шайтон шўрликка тўнкайверманг!
Аёл қалби
Аёл қалби тескари магнитга ўхшайди: яқинлашсанг-узоқлашади, узоқлашсанг-яқинлашади.
Ҳушёр бўлинг
Аёл сизни жуда қаттиқ севса, ҳушёр бўлинг. Оташин муҳаббат-рашкка, рашк- шубҳага, шубҳа- худбинликка, худбинлик-душманликка айланиши мумкин.
Гўдак иси
Аёл гўдак исини биринчи фарзанди туғилганидаёқ ҳис этади. Эркак эса гўдак иси нималигини неварали бўлганидан кейин англайди!… Биз-еркаклар доим кечикиб юрамиз…
Оталар ва болалар
У оддий одам эди. Ҳаммолчилик қиларди. Тўрт қиз, уч ўғилни оёққа турғазди. Ўғилларини уйлантирди. Қизларини чиқарди. Ҳаммасини уйли-жойли қилди.
Кўз юмаётганида “ҳаммаларингдан мингдан-минг розиман”, деди… Қарашса, кафанлиги йўқ экан…
Гумроҳ бандалар
Одамларга ҳайронсан. Ота-онаси тириклигида икки оғиз ширин сўзни текинга айтмайди-да, улар ўлганидан кейин минг-минг пул сарфлаб, ўша сўзларни қабртошга ёздириб қўяди…
Кулги ва йиғи
Кулишни билмайдиган одам-бахтсиз одам. Йиғлашни билмайдиган одам эса икки ҳисса бахтсиз!
Асл айнимас
Сопол товоғинг синса, дод сол: кесакка айланади. Тилла идишинг синса, парво қилма: баҳоси тушмайди!
Юк кўтарган…
“Юк кўтарган одам юзага чиқади”, дейдилар… Чиқади. Албатта чиқади! Фақат юк кўтарганни кўтариб юборадиган Қўл бўлса бас!
Бахтли ва бахтсиз
Бахтли одам худбин бўлади: бахтсизларга ачинмайди. Бахтсиз одам ҳам худбин бўлади:
бахтлиларга ғайирлиги келади.
Даъво
Донолик билан нодонлик шу қадар яқинки, одам доноликни қанча кўп даъво қилса, шунча
нодон бўлади!
“Билимдон”
“ Аёл қавмини ипидан игнасигача биламан”, дейсизми? О-о-о, сиз даҳо экансиз!
Айтингчи, шарқдан секундига беш-етти метр тезликда эсаётган шамол ўн дақиқадан кейин шимолга буриладими, жанубгами? Ярим соатдан кейин изғиринга айланадими, бўронгами?…
Худонинг қудрати
Табиат шунақанги қудратлики, ҳоҳласа, гулшаннинг қоқ ўртасида сассиқ алаф ўстиради.
Ҳоҳласа, ботқоқнинг қоқ ўртасида нилуфарни гуллатиб қўяди…
Лайлак
Она ёш эди. Она навжувон эди. Бола ғор эди, бола гўдак эди… Кунларнинг бирида она-бола қишлоққа –узоқ қариндошлариникига борадиган бўлишди. Она қаддини ғоз тутиб, тез-тез юриб борар, бола эса аланг-жаланг қилиб атрофдаги манзараларни томоша қилар эди. Қишлоқ гузарида ярмини яшин учириб кетган баҳайбат чинор бор экан. Бола дарахтни кўриб анграйибқолди: чинорнинг тарвақайлаб ўсган шохида супрадек каттакон уя қорайиб кўринар, уяда эса оёғи, тумшуғи узун бир қуш турар эди.
Бола мўжиза кўргандек таққа тўхтаб қолди.
– Анави нима, ойи?- деди ўша томондан кўз узмай.
-Лайлак, ўғлим, лайлак!- она ўғлининг бошини силаб қўйди. – Юра қол, жоним. Бола ҳеч қачон бунақа қушни кўрмаган эди. Қуш негадир бир оёқлаб турарди.
У яна тўхтаб қолди.
-Нима у, ойи? –деди тағин чинор учига кўз тикиб.
-Лайлак, ўғлим, лайлак.
– Нимага бир оёқда турибди?
Она кулди:
– Бир оёғи чарчагандир-да. Юра қол, жоним.
Бола ҳеч қачон бунақа қушни кўрмаган эди. Қуш негадир бўйнини чўзиб тумшуғини осмонга қаратиб силкитар, шунда “тарак-тарак” деган овоз эшитиларди.
Бола тағин тўхтаб қолди.
– Нима ўзи у, ойи?
Унинг кўзларида қувонч бор эди. Ҳайрат бор эди. Она шошиб турарди. Мингта юмуши бор эди. Ҳали шаҳарга қайтиши керак.
-Лайлак дедим-ку, жиннивой,- деб оҳиста эгилиб, ўғлининг юзидан ўпди. – сенга салом
беряпти-да.
Она ёш эди. Она навжувон эди.
… Орадан ўттиз беш йил ўтди. Бола йигит бўлди. Она кексайиб қолди. Оёғидан мадор, кўзидан нур кетди.
Кунлардан бирида она-бола иттифоқо яна ўша қишлоққа бориб қолдилар. Йигит қаддини ғоз тутиб тез-тез юриб борар, она эса толиққан оёқларини, оғир-оғир кўтариб босганча ҳарсиллаб келарди. Гузардаги ярмини яшин учириб кетган чинор ҳали ҳам бор экан. Буни қарангки, чинорнинг тарвақайлаб ўсган шохида ҳамон супрадек каттакон уя қорайиб кўринар, уяда эса оёғи, тумшуғи узун лайлак турарди. Йигит лайлакка бир қараб қўйди-ю қадамини тезлатди. Орқада келаётган она нурсизланиб қолган кўзларини чинорга, чинор шохида қорайиб турган уяга тикди. Шохда осилиб турган нарса кўзига ғалати кўринди.
– Анави нима, ўғлим? – деди тўхтаб.
-Лайлак, ойи, лайлак!
Она яхши эшитмади. Уч-тўрт қадам юриб яна тўхтаб қолди. Саватдек нарса ичида бир нима оқариб кўриняпти. Қизиқ…
-Нима, ўғлим? – деди кўзларини пирпиратиб. Ўгил таққа тўхтади. Ғаши келди. Ўзи шошиб турибди: мингта иши бор! Одам қариганидан кейин эзма бўлиб қоларкан-да!
-Лайлак! –деди жеркиб. –Лайлак деяпман-ку, кармисиз!
Шундай деди-ю, жаҳл билан тез-тез юриб кетди. Начора, йигит ёш, йигит навқирон. Унинг юмуши кўп. ҳали шаҳарга қайтиши керак… Унинг юмуши кўп. ҳали шаҳарга қайтиши керак…
Унинг ғор, гўдак болалари бор…
Тарих “хатоси”
Тўққизинчи аср. Муҳаммад ал- Хоразмий алгебра фанига асос солди.
Ўнинчи аср. Абу Наср Форобий Аристотелнинг “Метафизика” асарига эҳг мукаммал шарҳ ёзиб, “иккинчи устоз” унвонини олди.
Он биринчи аср. Абу Райҳон Беруний Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчади. Ибн Сино медетсина Қомуси- “Тиб қонунлари” ни яратди.
Ўн тўртинчи аср. Соҳибқирон Амир Темур Евроосиёнинг ярмини тасарруфга олди. Аҳли илм бошини силаб, ўлмас обидалар яратди.
Ўн бешинчи аср. Улуғбек 1019 юлдузнинг ҳаракат жадвалини тузди. Алишер Навоий ўлмас “Хамса” сини ёзди.
Ўн олтинчи аср. “Бобурнома” оламга тарқалди.
Ўн еттинчи аср. Шоҳ- Жаҳон дунёдаги ети мўжизанинг бири- “Тожмаҳал” ни бунёд этди.
Йигирманчи аср. Ўзбек-совет олимлари мисли кўрилмаган “ихтиро” қилдилар: тарих “хато” сини тузатиб, ўтмишда биз ёппасига “саводсиз” бўлганимизни исботлаб бердилар…
Умр
Танишдилар…
Севишдилар…
Турмуш қурдилар…
Фарзанд кўрдилар…
Тўнғичи нимжонроқ эди. Касал бўлиб, кўп куйдирди…
Ўртанчаси ўйинқароқ эди… Қамалиб чиқди…
Кенжаси қиз эди… Эркароқ ўсди. Турмуши бузилди…
Бир куни эркак кечаси уйғониб кетди. Узоқ ўй ўйлаб ётди. Қараса, аёли ҳам уйғоқ экан.
– Онаси,- деди. – – Дунёга келиб нима кўрдик ўзи?
– Билмасам, – деди аёли хўрсиниб…
..Боботоққа борганимда қуриб қолган иккита дарахтникўргандим. Иккаласи бир-бирига суяни- и-иб турарди…
Кучсизники-кучли
Кучли одамнинг ғазабидан қўрқманг. Ожизникидан қўрқинг! Кучли тўкса, ўз ғазабини тўкади. Ожиз эса ўз ғазаби биланбирга ўзгалардан кўрган ситамини ҳам қўшиб сочади…
Тарнов
Eрта баҳор эди. Ҳордиқ куни эди. Кеч турдим. Ҳовлига тушсам, ҳавонинг авзойи бузуқ. Ювуниб чиқиб қарасам, тунука том пешидаги тарнов бир томонга қийшайиб ётибди. Қишда ёққан қор залворидан қийшайиб қолган шекилли… Қатиқроқ шамол бўлса, тушиб кетадиган…
Йўлакда ётган нарвонни кўтариб келиб томга тирагунча тинкам қуриди, зах тортиб, зилдек бўп кетибди.
Нарвон зинасига оёқ қўйишим билан айвондан онам тушиб келди.
– Нима қилмоқчисан?- деди кўзимга термулиб.
– Ҳозир,- дедим бепарво қўл силтаб.- Тарнов қийшайиб қопти.
– Шошма, болам, аввал чойингни ичиб ол…
– Ҳозир тушаман.
Шундай дедим-у нарвонга тирмашдим. Томга чиқишим билан пастдан онамнинг хавотирли хитоби эшитилди:
– Эҳтиёт бўл, том лабига борма!
– Уйга кирсангиз-чи! – дедим оғриниб.
Тунука томни тарақ-туруқ босиб, қийшайган тарнов олдига келдим. Увалло уринаман, тарнов аънати ўнгланса қани! Занглаб кетганми, бўйўғи ёпишиб қолганми…
Аксига олиб, ёмғир шивилай бошлади. Аввалига томчилаб турди-да, кейин шиддат билан ёғиб кетди. Том лабида ўтирганча, тарновини қўшқўллаб суришга уриндим. Қилт этмайди!
Пастдан яна онамнинг овози келди:
– Менга қара, болам.
Нарвон олдига қайтиб келдим.
– Нима дейсиз?
– Жон болам, мана буни кийиб олгин…
Қарасам, онам бир қўли билан нарвонни чангаллаганча, иккинчи қўлидатўн ушлаб турибди. Юпқа рўмоли, нимчаси ҳўл бўлиб кетган…
Хунобим ошди.
– Ҳозир тушаман, дедим-ку! Мен ёш боламанми?
– Шамоллаб қоласан!
– Оббо! Сиз уйга кираверинг! Ҳозир тушаман.
Шундай деб, тағин тарнов олдига қайтдим. Жаҳл билан тарновни муштлай бошладим.
Бир маҳал пастдан яна овоз келди:
– Ада! Адажон!
– Ҳа! – дедим баттар хуноб бўлиб.
– Варрагим йиртилди!
Қарасам, етти яшар ўглим ҳовли ўртасида турибди. Оёғи остида йиртилиб, қамишлари
қовурғадек туртиб чиққан варрак лойга қўришиб ётибди. Ўзи кўйлакчан. Бошяланг. Ёмғир
остида дийдираб турибди.
-уйга кир, Фарруҳ!- дедим бақириб.- Уйга кир, шамоллаб қоласан!
Қулоқ солса қани! Гоҳ варрагига, гоҳ менга қарайди. Капалагим учиб кетди! Томда
сирғалиб сирғалиб, нарвон томон югурдим.
Уч-тўрт пиллапоя тушиб қарасам, онам ҳамон нарвон оёғини чангаллаб турибди. Рўмоли жиққа ҳўл бўлиб, сочларига ёпишиб қолган…
Бир қўли Нарвон оёғида. Бир қўлида тўн…
Инсон
Инсон шу қадар буюкки, унинг фазилатларини ўлчаш- дунёдаги энг баланд тоғнинг энг баланд чўққисига эмаклаб чиқиш заҳмати билан тенг. Инсон шу қадар тубанки, унинг иллатларини ўлчаш- дунёдагиенг баланд тоғнинг энг баланд чўққисидан эмаклаб тушиш заҳмати билан тенг.
“Отчопар” да
“Отчопар” бозорида эски дўстимни учратиб қолдим. Математик… Олим… Сигарет сотиб
ўтирган экан… Мени кўриб кўзини яширди. Мен ҳам бурилиб кетдим… Иккаламиз бир-
биримиздан нега уялганимизни билмайман. Негадир.. йиғлагим келди…
Фаришталар
Хонадонингизда кекса одам борми? Бахтли экансиз! Дунё ташвишларидан тўйиб кетсангиз шуларни зиёрат қилинг: ҳаёт абадий эмаслигини ўйлаб, таскин топасиз.
Хонадонингизда гўдак борми? Сиз ҳам бахтли экансиз… дунё ташвишларидантўйиб кетсангиз, гўдакни бағрингизга босинг: ҳаёт абадий эканини ўйлаб, таскин топасиз…
Eнг олий туйғу
Eнг тоза туйғу нима?
Биринчи маошингизни келтириб бериб, отангизнинг дуосини олганингизми?
Биринчи марта совға келтириб берганингизда онангизнинг кўзида қалқиган ёшми?
Биринчи бўсами?
Тўй кечасидаги ҳаяжонларми?
Ногаҳон кўз юмган онангизнинг қабрини силаб йиғлаганингизми?
Тўнғич фарзандингизни илк бор мактабга етаклаб борганингизми?
Ҳаммаси… ҳаммаси покиза туйғулар… Аммо…
Бола эмизиб ўтирган аёлга зимдан разм солинг… гўдагига термулиб бола эмизаётган онанинг кўзларига синчикла-а-а-б тикилинг…
Eнг олий туйғу нималигини шунда кўрасиз!__



