ЯНА БИР ДЎСТИМИЗДАН АЙРИЛДИК

 

Носир Зокир

Инсоннинг  ўз эли, Ватан манфаатлари йўлида қилган мехнати  ҳеч қачон халқ ёдидан чиқмайди. Инсон ўз халқи манфаатлари учун нималардир қилар экан, унинг бу хизматларини халқ ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Унинг меҳнатлари тарих сахифаларига албатта зарҳал ҳарфлар билан ёзилади.

 

Ёқубжон ака Ҳолиқов мана шундай  инсонлардан бири эди. Ўзбекистонда дастлаб демократик ташкилот тузилганда унинг сафларида фаол қатнашди. Фарғона, Ўш фожеаларидан кейин совет армияси сафларида хизмат қилаётган ўзбек аскарларига қарши сиёсат авжига минган бир пайтда «Бирлик» ҳаракати номидан ўзбек йигитларини химоя қилиш учун  тузилган махсус камиссия таркибида улар ҳизмат қилаётган Россиянинг турли шаҳарларидаги ҳарбий қисмларда бўлиб қайтди. 1990 йилнинг Сентябрь ойига қадар  биргина Наманган вилоятининг ўзидан  35 нафар ўзбек ўғлонларининг тобути келди. Уйчи туманига охирги тобут келганди. Туман  раҳбарлари марҳум аскар йигитнинг ота-онасига   пул бериб, майитни тезда кўмишни буюришганини эшитган Ёқубжон аканинг  «Бу жафоларга қандай чидаб бўлади ука, ахир ўша раҳбарлар ҳам ўзбек-ку?!» деганлари ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди. Яна бир қизиқ воқеа. 1990 йили Б.Ельцин Рассия парламентини раиси этиб сайланганда Ёқубжон ака барчамизнинг номимиздан, ўша куниёқ Ельцин номига табрик телеграммасини жўнатиб, ўша куниёқ жавлобини олган эди. Ельцин Президент этиб сайланганда ҳам шу ҳолат яна такрорланди.Охирги телеграмманинг жавобида Президент ёрдамчиси шундай ёзган эди: “Табрикларингизни Борис Николаевичга етказдим. У киши кўп хурсанд бўлдилар ва барча «Бирлик» фаолларига миннатдорчилик билдирдилар».

Гарбачёв аҳолига 8 сотоҳдан томорқа бериш ҳақида қарор чиқарди. Бу қарордан келиб чиқиб, Ўзбекистон ҳукумати ҳам худди шундай қарор қабул қилди. Лекин маҳаллий раҳбарият бу қарорнинг бажарилишини пайсалга сола бошлади. Ҳудди отасидан қолган мулкдек аҳолига 8 сотох эмас, 4-5 сотохдан ер бера бошлашди. Мана шуборада ҳам Ёқубжон ака иккита туманда иш олиб бориб халқ дуосини олганди. Ёқубжон Ҳолиқов сиёсат одами эмас эди. Оддий, камсуқум, элини муаммоларигага бефарқ қараб тура олмайдиган инсон эди. Раҳбарларнинг, ҳатто муҳолифатчиларнинг ҳам найрангларини ёқтирмас эди. У  салкам 40 йил Наманган вилояти алоқа бўлимида ишлади. Фарзандларини ҳалол мехнатлари эвазига ўта қийинчилик билан боқди, тарбиялади. Фарзандалари ҳалқ орасида ҳурматга сазовор инсонлар бўлиб етишди.Хуллас манашундай элпарвар акамизни халқ куни кеча қабрга қўйиб келди.Тумонат одам йиғилди. Биз –  у кишини таниган билганларнинг  барчаси номидан, қолаверса ҳаракатимиз раҳбарияти ва фаоллари номидан Ёқубжон аканинг оила аъзоларига чуқур таъзия билдирамиз. Дўстимизнинг оҳиратлари обод бўлишини Оллохдан сўраб қоламиз.

 

Носир Зокир

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares