КОНСТИТУЦИЯ МУҚАДДАС ҚОМУС БЎЛМОҒИ ДАРКОР

Шу кунларда Ўзбекситон оммавий аҳборот воситаларида, Конституция  қобул қилинган кун муносабати билан кўрсатувлар берилмоқда, мақолалар чоп этилмоқда. Бу кўрсатув ва мақолаларда Конституция  халққа  катта эркинликлар берганлиги  бирма-бир санаб ўтилиб, кўкларга кўтаритб мақталмоқда. Бирорта аҳборот воситасида «Бош Қомусни полон моддаси бажарилмаяпди. Сабаблари нимада? Бунга кимлар айбдор?» деган жумлаларни учратмайсиз. Гўёки асосий қонунни барча бандлари бажарилаяпди, ҳамма бунга амал қилаяпди, айниқса раҳбарлар… Ҳаммаси зўр. Михтак! Аслида ҳам шундайми? Конституциянинг ўзида «Чиқарилаётган қарорлар, фармонлар Конституциянинг бирор моддасига зид бўлиши мумкин эмас»лиги таъкидлаб ўтилган. Лекин биз шу нарсага гувоҳ бўлаяпмизки, ҳукумат раҳбарлари, вилоят, туман ҳокимлари бош Қомуснинг кўплаб моддаларига зид равишда қарорлар қабул қилмоқдалар. Аслида асосий қонуннинг бирор бир моддасига зид чиқарилган  қарорни амалда ишламаслиги  Конституцияда кўрсатиб ўтилган. Лекин иш  шу даражага бориб етдики, бирор бир раҳбар Конституцияга асосан эмас балки юқоридан келаётган оғзаки буйруқ  асосида ишлайдиган бўлиб қолди. Ҳали ҳам ёдимда, “Озодлик” радиосида ишлаб юрганимда  бир фуқоронинг шикояти юзасидан Фарғона вилоятининг Қувасой тумани пракратурасида бўлдим. Пракурор ёрдамчиси билан сухбатлашиб ўтириб унга Конституциянинг бир бандини эслатдим. Шунда у асабийлашиб, қўлига бош қомусни олди-да “Ҳо, ака, бу оддий қоғоз, қоғоз, қоғоз, тушиндингизми?! Бизда қонун бошқа,  иш бошқа»деб юборди. Бу сўзларидан ўзи ҳам қўрқиб кетди шекилли, ранги кўкариб «Диктафонга ёзмаяпсизми?»деди. Қонун устиворлигини назорат қилиши керак бўлган ташкилот вакили шундай фикрласа, оддий фуқороларни Ҳудо урибди деб ҳафсалам пир бўлиб пракратура биносини тарк этдим. Бош Қомусда шахсий мулк давлат томонидан гаррантияланиши айтилган. Амалда эса айрим хокимлар фуқороларни хусусий мулкларидан фойдаланишни чекловчи қарорлар чиқармоқдалар. Бунга масалан фуқороларни хусусий машиналаридан такси сифатида фойдаланишларини чеклаш хақидаги қарорларни мисол қилиб келтириш мумкин. Констиуцияда фуқороларни эркин равишда сиёсий партиялар тузишлари ва ҳоҳлаган партиясига аъзо бўлиши, сафига кириши гаррантиялаб қўйилган. Лекин амалда юқори ташаббуси билан ташкил қилинган сиёсий партияларгина рўйхатга олинган. Ҳозирги кунда парламентда мухолиф партиялар вакиллари Тожикистондаги каби номига бўлса ҳам йўқ. Шу боис депутатларни фаоллиги сезилмайди. Парламент фақат хукумат сиёсатини қўллаб-қувватловчи, бир ҳил фикрловчи шахслардан иборат бўлганлиги учун хар бир йиғилиш  давомли қарсаклар билан бошланиб, давомли қарсаклар билан тугайди. Қарама-қаршилик бўлмаган жойда эса ривожланиш бўлмаслиги исбот талаб қилмайдиган аксиомадир. Конституцияда хокимият тизимларида хатто мухолиф фикрловчи шахслар ҳам ишлаши мумкинлиги ёзиб қўйилган. Лекин амалда ҳали бунга гувох бўлганимиз йўқ. Конституция ва қонунларни амалда бажарилишида фуқороларни ўзлари ҳам фаолроқ бўлишлари керак. Хозир одамлар онгида «Барибир қонунлар бажарилмайди»деган фикр шаклланиб қолган. Бу нотўғри фикр. Қаердадир давлат органлари ходимлари ёки қайсидир раҳбар томонидан қонунлар бузилса тегишли органларга мурожаат қилишлари керак. Бу шикоятларга жавоб бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда уша орган мутасаддилари фуқороларни фаоллашганини биладилар-ку. Шунинг ўзи катта гап. Ўзбекистонда Конституция суди бор. Бу ташкилотнинг асосий вазифаси Конституцияни амалда бажарилишини назорат қилишдир. Лекин ҳозир одамлар бу ташкилот бор ёки йўқлигини билмайди. Ҳали бу ташкилот бирор бир фуқорони шикояти асосида Конституциянинг қайсидир моддаларини амалда бажарилмаётгани хақида бирор бир қарор қабул қилмаган. Айрим сиёсий муҳолифат вакилларини қилган мурожаатлари  ҳам жавобсиз қолганлиги хақида маълумотлар бор. Бунинг сабаби бу суд раисини ҳам, асосан фуқороларни хуқуқларини паймол қилаётган шахсларнинг ўзлари тайинлайди. Қонун устиворлигидан манфаатдор бўлган раҳбарлар бошқараётган жамиятларда, қонунларни бажарилиш  меҳанизими хақида алоҳида қонун мавжуд. Бундай қонун бўлмагунча қонун устиворлиги ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бундай қонун бизда ҳали вери чиқарилмаса керак.

 

Носир Зокир

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares