Боймирза Ҳайит: “Туркистон Русия билан Чин орасида”
Давлат кемасининг дарғалари, штурманлари ва ниҳоят оддий денгизчи бўлишни орзу қилувчи ёшларга!
Уста кемачи, денгизчи бўлиш учун кемангиз хусусияти, унинг двигателлари, сафар хавфсизлиги асбоблари, алоқа воситалари, қурол-аслаҳаси, зирҳи, тезлиги ва юк кўтариш қуввати замонавий талабларга қанчалик мос келиши каби тактик-техник маълумотлари ва кеманинг жанговарлигини синчиклаб ўрганиб чиқиш керак. Айни чоғда, кемангизнинг сиз хавас қиладиган крейсер, линкор ва сувости кемалари, ҳамда дунё океанлари тўлқинларини ёриб, сузиб юрган улкан учоқ кемалари орасидаги мавқеини аниқ билишингиз керак бўлади.
Давлат кемасининг дарғалари, штурманлари ва оддий денгизчиси бўлишни орзу қиладиган ёшлар ўз анъаналарини, маданиятини, қонунларини, иқтисодиётини яхши ўрганиш билан бирга, эътиқодли ва ахлоқий тамойилларга эга бўлиши ҳам лозим. Энг муҳими эса, олға силжиш учун географик харитани ва кема дафтарида ўтмишдошлари томонидан акс эттирилган йўналиш бўйича ўтилган йўл, мўлжалланган манзил ва экипаж ҳақида берилган қисқача маълумотларни яхши ўзлаштирган бўлиши даркор.
Дафтарда кемага хавф туғдирадиган тўфонлар, тайфунлар, маккор денгиз қароқчилари, туманлар, денгиз оқимлари, саёзликлар ва сув ости рифлари ҳақида ҳам хабарлар берилган бўлади. Шу билан бирга, аввало, олға силжиш учун кема турган жойнинг азимути, кенглиги ва узунлигини ҳам аниқлаб олиш зарурати бор. Буларнинг барчасини ўз тарихини билмасдан туриб амалга ошириб бўлмайди. Айнан ўз тарихимизни ва қўшни мамлакатлар тарихини чуқур билиш давлат кемамизнинг ҳозирги кенглиги ва узунлигини аниқлаш имконини беради. Яъни, бу бизнинг дунё уммонидаги манзилимизни, мавқеимизни белгилаб беради.
Тарих фани бизнинг йўлимизда учраган кемалардан қайси бири дўст, қайси бири дўст эмаслигини аниқлашимизга ёрдам беради. Қайси кемадан чўчиш ва нега чўчиш кераклигини, йўлда кимни четлаш кераг-у, кимга ҳеч қачон дуч келмаслик лозимлигини ўргатади. Масалани аммоси бор, ахир тарих тез-тез ҳукмрон тузумлар манфаатига мослаб қайта ёзилиб туради-ку!
Бунинг ягона бир йўли бор: давлатлар тарихини турли нуқтаи назардан акс эттирган воқеани ўз кўзи билан кўрган таниқли ёзувчилар, публицистлар, сайёҳлар, олимлар асарларидан тенг фойдаланиш керак, шунда сизда кемангиз ҳақида холис ва ҳалол маълумот, кемангизнинг сиёсий макон ва замондаги ўрни ҳақида тасаввур ҳосил бўлади. Шунда биз тушган кеманинг ўтмиши улуғ, келажаги буюк , ҳозири қуруқ бўлиб қолмайди.
Сиз билан биз давлат кемамизнинг аниқ координатларини белгилаб олишимиз учун турли мавзудаги ҳар хил уйғунлаштирувчи тарихий материалларни ихтиёрингизга ҳавола қила бошладик. Бу гал сизларга маълум ва машҳур ватандошимиз, ватанидан йироқда, халқидан узоқда бутун умрини, илми ва мушоҳадасини ватани ва миллати хизматига бағишлаган ўзбек олими Боймирза Ҳайитнинг “Туркистон Русия билан Чин орасида” китобидан парчалар бериб борамиз. Минг афсуслар булсинким «Мустакил Ўзбекистонимизда» бу улуғ инсоннинг асарлари чоп этилмади.
Бугун сизлар узбек тилига илк бор таржима килинган илмий изланишни биринчи ўқувчиларисиз.
Ёш, янги дарғалар! Кемангиз тошга қайта урилмаслиги учун, фалокатларга дуч келмай манзилга соғ-саломат етиб олишингиз учун нима қилмоқ керак деб ўйлайсиз?!
Марҳамат, ўқинг, уқинг ва билимингиз кўламини кенгайтиринг! Ўшанда сиз бугунги қисматимиз ва эртанги тақдиримиз борасидаги ўйларингизга аниқлик киритишга муяссар бўларсиз…
Абдулазиз Маҳмудов, кинорежиссёр.
****
ЎЗБЕКЧА НАШР УЧУН КИРИШ СЎЗИ
“Туркистон, Ўрусия ва Хитой оралигида; XVIII—XX асрларда ўруслар ва хитойлиларнинг истилолари давринда Туркистон Миллий давлатлари ва миллий мужодалалари тарихи” мавзули асар, биринчи дафъа олмон тилида Амстердам шаҳрида 1971 йилда нашр этилган эди. 1975 йилда турк тилида нашр этилди. Ушбу асар, Оврупо, Америка ва собиқ Советлар Иттифоқида кўп танқидларни кўрди. Советлар Иттифоқида ушбу асарга қарши кўп ёздилар. Совет — коммунизм мафкураси, бунинг ичида совет тарихшунослиги, бошқа асарларимдаги фикрларимни “ҳазм” қила олмагани каби, бу асарни ҳам ўзича хавфли ўлароқ кўрди. Ушбу асарни Совет Иттифоқида ўқимоқ ва ўқитмоқ берилажак жазоларнинг бир сабабчиси бўлар эди. Аллоҳга шукр ва миллатимизга раҳмат айтмоққа бурчлимизки: миллатимизнинг истиқлоли зулматни ўртадан кўтариб ташлади; руҳимизга ва фикрларимизга нур берди. Бунинг учундирки, ушбу асарни ўз тилимизда- ўзбек туркчасида нашр этмоқ учун йўл очилди.
Ушбу китоб миллатимизнинг фожиалари ва интилишларининг бир ифодасидир. Ўрусия ва болшевизм ҳамда Хитой сиёсатининг тазйиқи остида миллатимизга ўз кечмишини ўргатиш имкони бўлмаган эди. Истиқлол давримизнинг /Ғарбий Туркистонда/ бошланиши билан ушбу асарнинг нашр этилиши фақир ҳаётимиз янги бир муҳит ичига киришининг аломатидир. Ушбу китоб Туркия Култур Вақфининг тарихий тадқиқотлар армуғонини ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Чўлпон мукофотини қозонгандир.
Ушбу асарнинг ўзбек-туркчасини нашр этишга ташаббус кўрсатган юртдошларимга, айниқса, Ғафур Ғулом номидаги Нашриёт бирлашмаси мудирлигига жондан раҳматлар билдираман.Ушбу асарнинг чет мамлакатларда нашр этилганини ҳаммамиз биламиз. Асарда фойдаланилган манбалар чет мамлакатларнинг илмий кутубхоналарида сақланмоқда. Ўзимизнинг архивларимиз /ҳужжатхоналаримиз/ бугунга қадар илмий тадқиқотлар учун очилмади. Китобнинг нуқсонлари бўлиши табиий бир ҳолдир.
Ишонаманки, Туркистоннинг бугунги мустақил давлатларидаги олимларимиз келажакда бу асардан кўра жиддийрок, кўп манбаларни ўртага чиқармоқ йўли билан мукаммал асарлар ярата билажаклар. Агар ушбу асар кўпгина ҳаққоний илмий танкидларни кўтара билса, бунинг билан мағрурланаман. Холис танқидлар келажакда ўтмишимизни ўрганишга ва тадқиқотларнинг юксалишига ўз ҳиссасини қўшган бўларди.
Агар асарнинг ўзбек туркчаси нашрига 1970 йилдан кейинги тарих ҳам илова этилса, маъқул бир иш бўлар эди. Деярли сўнгги 20 йил тарихини китобнинг ушбу нашрига илова эта билмадим. Буни илмли одамларимиздан бириси ҳозирги замон қайноқлари ва руҳи билан, асарнинг давоми ўлароқ юзага чиқара олади, деган умиддаман.
Васиқаларни ўрганиш ва ўргатишда тўғри йўлда бўлган тарихчиларимиз, шоир-адибларимиз, файласуфларимиз ва журналистларимиз турли ҳукуматларнинг таёқларини едилар. Улар ўтмишдан келиб чиқиб келажак ҳақида, ҳозирдан эътиборан, ўз виждони, имони ва ҳақиқат асосида фикр юритмакка имкон топа олдилар.
Зулмдан эркинликка ўтиш даврида бир қанча қийинчиликлар кўзга ташланади . Лекин бундан қўрқмаслигимиз керак. Ушбу асар ўқув юртларимизда, токи бошқа бир мукаммал асар ёзилганига қадар, бир ўқув қуроли вазифасини бажарса, китоб ўз бурчини ўтаган бўлади. Агар ушбу китоб Туркистоннинг ҳамма шева ва тилларида нашр этилса, фойдадан холи бўлмас эди. Билмадим, онгимиздаги “маҳаллийчилик” /локализм/нинг сарқитлари бунинг амалга оширилишига имкон берармикан?
Шон-шарафлар Миллатимизникидир. Абадий ҳурматларим ила фалсафа доктори Боймирза Ҳайит.
Кёлн шаҳри,Олмония.
Апрел, 1992 йил.
****
У Ч И Н Ч И Б Ў Л И М
ТУРКИСТОНГА ЎРУС ҲУЖУМИНИНГ БОШЛАНИШИ ТАРИХИ
1.
Ўрусия Туркистон бўсағаларида Туркистоннинг кичик ва мустақил турк давлатлари теварагида кечаётганларни англаши ва шунга лойиқ тадбирлар кўришда ожиз бўлганликлари сабабли Осиёда етакчи давлат бўлиши имкониятини йўқотди. Шунинг учун шарқда, Ўрта Осиё йўналишида ўруслар жонландилар.
Ўрусия XVI юз йилликда Туркистоннинг таҳликали бир рақибига айланди;
Туркистон давлатлари буни фаҳмлай олмадилар. Ўрусия 1480 йилда турк-мўғул истибдодидан эндигина қутулган эди. Фақат ўша замонларнинг ўлчовига кўра Ўрусия тадрижий равишда Туркистонга қарши заминли юриш қила олишини ҳеч кимса тасаввур ҳам қила олмасди. Турк ерларини қўлга киритиш учун Москав шаҳзодалари режалар ҳозирлашар ва уни амалга ошириш учун фурсат пойлар эдилар. Осиёда йирик бир мустамлакачилик сиёсатини бошлашдан аввал Русия Оврупада мавқеини мустаҳкамлаш учун ҳаракат бошлади.Турклар 1453 йили Истанбулни (Константинополни) забт этгандан сўнг Москва раҳбарияти Византия императорлиги ерларини буйсундириш умидида эдилар. Чунки бу даврда Оврупада Византия императорлиги меросига ворис бўладиган даражада қудратга эга бўлган бошқа давлат йўқ эди. Шарқий Оврупада Москва шаҳзодалари орасида христианликни исломдан ҳимоя қилиш ғояси тарқалган эди. Шу тарзда III шаҳзода Иванда Византиянинг сўнгги қайсарининг жияни София Палеологга уйланиш фикри пайдо бўлди.
Никоҳ 1473 йили қайд қилинди. Шундан сўнг Венедик Сенатосу III Иванни Византия императорлигининг қонуний меросхўри, деган қарор қабул қилди. III Иван бу мерос ҳуқуқига биноан жуфт бургутни “рамз” сифатида ўзлаштирди- XVI асрнинг ўрталарида Московда “Москов 3—Румдир” деган фикр тарқатилди. Бу ғоя рус сиёсатида етакчилик қила бошлади. Шундан бошлаб Москов шаҳзодалари шу ишонч асосида ҳаракат қилдилар.
Ўрус раҳбариятининг Московни З-Рум даражасига етказиш хаёли уларни салтанат васвасасига солди. Ўзларини усмонлиларга (туркларга) нисбатан заиф ҳис этган Ўрусия “Византия” императорлигини шарқий ерларда-Ўрта Осиёда давом эттиришни режалаштирди. Ўрусия татарлар босқинидан энди қутулиб, мустақил давлат ташкил қилган даврдаёқ ўрус ҳукумати эътиборни Шарққа қаратди1-Ўрусия IV Иваннинг ҳокимияти даврида -1437 йили Олтин Ўрдадан ажраб, мустақил ислом-турк давлати бўлган Қозон хонлигини 1552 йилда, 1466 йилдан эътиборан мустақил бўлган Астрахан хонлигини 1556 йилда босиб олди2- ўруслар Идил (Волга) ва Ёйиқ (Урал) дарёларига ва бевосита Хазар (Каспий) денгизига туташдилар. Бундан кейин ўруслар Шарққа юришларини тўғридан-тўғри давом эттирди. 1558-82 йилларда Сибирия қўлга киритилди. Бу истилочилик сиёсати билан Кучумхон3 идорасидаги жанубий Сибирия туркларининг мустақиллигига ҳам барҳам берилди.
Ўрусия Туркистоннинг шимоли ва шимоли-ғарбида ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун славян4 ирқига мансуб бўлган казакларнинг 5 эътиборини қозонишга киришди. Казаклар ўрус қўшинлари ҳимоясида Ейиқ дарёсининг ўнг қирғоғига жойлашдилар. Улар бу ерларда Туркистонга қарши қаратилган юришнинг илғорига айлана бошладилар. Казаклар хотинларини ўзлари билан олиб келмаган эдилар. Шунинг учун мусулмон хотинларни олиб қочиш кундалик заруратга айланиб қолганди. Улар бундай ёввойи босқинчиликларни эркин амалга ошира олишга ишонар ҳам эдилар. Казакларнинг йўлбошчиси Нечай 1602 йилда Урганчда пайдо булди ва шаҳарни талади. Хоразм хони Араб Муҳаммад талончиларни таъқиб этиб, ҳаммасини асир олди ва қатл қилдирди. 1604 йили казаклар Шамай бошчилигида Хивага юрдилар. Мақсадлари бу шаҳарни ишғол этиш эди. Фақат Хива кучлари томонидан орқага қайтарилди. Кўринадики, казаклар Сибириянинг Ўрусия томонидан ишғол қилинишида жуда катта рол ўйнаганлар. Ўрус раҳбарияти Туркистонни истило қилишни казаклар ёрдамида амалга оширишларига ишонар эдилар. Шу мақсадда 1597 йилда Ёйиқ, казаклари ҳарбий нуктаи назардан етук бир ҳолатга келтирилди. 1775 йили Ёйиқ дарёсининг номи “Урал”га ўзгартирилди. Урал казакларининг ҳарбий бириклари ниҳоят XIX асрнинг ўрталаридан эътиборан қирғизлар (қозоқ турклари) Ўрта Осиё истилосида Ўрусия фойдасига буюк хизматлар кўрсата бошладилар. Худди шундай Сибирия казаклари ҳам 1808 йилда марказлашган ҳарбий маҳкамага буйсундирилдилар. Ўрусия аста-секинлик билан Туркистон заминига кира бошлади.
“Қозоннинг, Астраханнинг, Сибирия ва Ёйиқнинг Ўрусия тарафидан қўлга киритилиши Туркистонни унинг яқинига келтирди”8. Аслида Ўрусия XVI юзйилликдан бери қатъий бир истилочилик режалари билан Туркистон дарвозалари томон катта қадамлар ташламоқда эди.
Ўрусия билан Туркистон орасида савдо ва сиёсий муносабатлар. Туркистон савдогарлари ўрус бозорларини дастлаб кашф этганлардандир. Ўрус тарихчиларининг маълумотларига кўра, Туркистон савдогарлари 1364 йилда Нижний-Новгородга борганлар. Ўруслар ҳам Қозон ва Астраханни ишғол этгач, Ўрусия ва Туркистон орасидаги савдо муносабатларини йўлга қўйиш имконига эга бўлдилар. Бу икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар эса, фақат XVI юзйилликка келиб ўрнатилди. 1585 йилда Хива элчиси Маҳмудхўжа ва Бухоро элчиси Муҳаммад Али Московга келиб, чор Федор Ивановичга хонларнинг дўстлик мактубларини тақдим этдилар. Бухоро хони томонидан жўнатилган мактубда,чор ўз шахсига кўрсатилган ҳурматни етарли эмас, деб ҳисоблади. Ҳар холда чор Бухоро ўзбекларининг қудратини ва улар ватани буюклигини менсимасди. Хива ва Бухоронинг бу илк дипломатик миссиясининг натижасида аён бўлдики, чор ва унинг атрофидагилар Туркистон ҳукмдорларини майда ва кучсиз деб ҳисоблар экан. 1598 йили Борис Годунов ўз элчиси Бойбўри Тайшевни (татар) Бухорога жўнатиб, улардан ўрус ҳукмдорига бошқа ҳукуматлар каби чуқур ҳурмат кўрсатишни талаб қилди Бундай ҳурматсизликка нисбатан Бухоро хони ҳеч бир монелик қилмади.1616 йили Хива элчиси Московга келиб тижорат муносабатлари юзасидан учрашувлар ўтказди. 1619 йилда Московдан Бухорога элчи жўнатилди. Москов элчисига берилган кўрсатмада: хон элчини қабули вақтида тик туришлик, чорнинг номи тилга олинганда ва аҳволи сўралганда уни Қайсар (император) сифатида ҳурмат этиши талаб қилинди. Бухоро хони бу талабларга эътибор бермади9. XVII аср давомида Туркистондан (Бухоро ва Хивадан) Ўрусияга ўн олтита дипломатик ҳайъат борди.
Ўрусиядан ҳам Туркистонга тўққиз дипломатик ҳайъат жўнатилди. Туркистон ҳайъатларининг асосий вазифаси тижорат сиёсати эди. Ўрусия ҳайъатларида эса тижорат вазифалари қаторида сиёсий топшириқлар ҳам бор эди. Масалан, Бухоро ва Хивага юборилган ўрус ҳайъатига берилган кўрсатманинг матни шундай эди: “Зиёрат этилган мамлакатнинг сиёсати, иқтисодий аҳволи, ҳарбий тузуми ва қўшни мамлакатлар билан боғланган йўллар ҳақида маълумот тўпланиши керак” 10. I Петр Туркистонга ва Ҳиндистонга, айниқса, катта эътибор берар эди. У Ўрусиянинг Туркистондаги нуфузини савдо-сотиқ воситасида кенгайтира билишига ишонар эди. Хазар денгизининг бу мақсадни амалга оширишдаги сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий аҳамиятини яхши тушунган эди. Бу ердан Кавказ, Эрон, Туркистон ва Ҳиндистонга йўл очиларди-да!11. I Петр бу мақсадига эришмоқ учун Туркистонга мамлакатнинг аҳволини ўз ерида аниқламоқ ниятида мунтазам равишда дипломатик ва тижорат карвонлари юбориб турди.12 Ўрус савдо ва дипломатик миссияси то Туркистонни босиб олиш учун қатъий бир қарорга келгунча бу борадаги ўз ишларини давом эттирди.
Ўрус миссионерларининг ҳарбий мақсадидан ташқари ўзига хос бошқа ҳунарлари ҳам бор эди. Булар: “ишончли хабарларга кўра” каби уйдирмалар воситасида ҳукмдорлар билан қабилалар ўртасига нифоқ солиш, пора бериш, қўрқитиш, бўҳтон қилиш кабилардан иборат эди13. Ҳолбуки, Туркистон Ўрусия ҳужумидан аввал оғир бир
ғафлатга чўккан эди. Ўрусияда бўлган Туркистон вакилларига Ўрусиянинг тузуми, аҳволи ҳақида маълумот тўплаш учун Туркистон ҳукумати томонидан қандайдир бирон-бир топшириқ берилгани ҳақида манбаларда ҳеч қандай маълумот йўқ. Туркистон ҳукуматлари Урусиянинггина эмас, бошқа қўшни давлатларнинг ният ва мақсадлари ҳақида маълумот тўплаш тушунчасига эга эмас эдилар, фақат “душман билан майдонда қаҳрамонларча урушмоқ”, каби қадимий, эскирган фикрлар билан яшар эдилар.
Туркистон ҳукумати ташқи сиёсатга жуда кам эътибор берар эди. Асосан, ички масалалар билан ўралашиб қолар эдилар. Шу боисдан ўз иркдошлари ва диндошлари билан кўпроқ уруш қилар эдилар. XIX юз йилликнинг бошланишида Туркистонда тақдирга тан бериш ҳукмрон ғоя эди. Бу ҳолат ҳар қандай ҳодисани тақдирга йўйишга олиб келар эди. Бухоро ёки Хивага Московдан бирор ҳайъат келганида, “кофир”ларнинг самимиятига шубҳа қилардилар, аммо ҳеч кимсанинг ақлига Ўрусия ҳақида маълумот тўплаш фикри келмасди.
Чингизхон ва Темур даврида давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бўлган жосуслик ғайриахлоқий ҳодиса сифатида талқин қилинарди ва шу сабабли Ўрусиянинг шум ниятларини ўз вақтида ўрганадиган кимса топилмади. Натижада, Ўрусия Туркистонни истило қилиш учун душманлигини билдирмасдан, мақсадини усталик билан яшириб, фурсат кутди ва ҳар гал “нормал савдо муносабатлари ўрнатиш” баҳонасида Туркистонга кириб келди.
3. Истилодан аввал Ўрусиянинг Туркистонга юборган ҳарбий разведкалари
Ўрусия XVI асрдан бери Сибирия йўли орқали Хитойга, Туркистон йўли орқали Ҳиндистонга ва Кавказ йўли орқали Эрон ҳамда Туркияга чиқиш мақсадида бўлса ҳам, XVIII асрнинг бошларига қадар Туркистонга қарши тўғридан-тўғри ҳарбий юришни ташкил қила олмади . I Петр даврида Туркистонга юборилган ҳарбий разведка бўлинмаларидан мақсад ҳам юқорида зикр этилган ниятни амалга оширишга қаратилган эди.
Астархон валиси 1713 йилда Астраханга келган туркман савдогари Хўжа Нафаснинг берган маълумотига таяниб, 1 Петрга Хазар денгизи бир замонлар Амударё ўзани орқали Орол кўлига боғланганлигини; Амударёнинг ҳозирги қуйи қисмида ва Ёркент атрофида бой олтин конлари борлигини баён қилди. Бу хабар натижаси ўлароқ, Хўжа Нафасга “ўрус барони” унвони берилган эди.
Олтинга ўч бўлган I Петрнинг олтинни тез қўлга киритиш учун ҳарбий қисм жўнатишдан бошқа чораси йўқ эди. 1714 йил 22 майда у Буххголцга Тобол ва Иртиш дарё йўллари орқали Ёркентга (Шарқий Туркистон) юриш уюштириш амрини берди. Бу қисм 1716 йили Иртиш дарёсига етишди, лекин ойратларнинг қаршилиги туфайли ўз мақсадига эриша олмади. Шу йили Буххголц Омск қалъасини қурдирди. Буххголц отрядининг мағлубияти I Петрга Урусия Иртиш ҳавзасини ўз ҳокимияти остига олиши учун кучли қалъалар бунёд қилиши кераклигини англатди. Шу сабабли 1720 йилда генерал Лихаревни Иртишга юборар экан, Еттитом (Семипалатинск) ва Уст-Каменогорск қалъаларини иншо эттирди.
1714 йил 29 майда I Петр Хивага ҳарбий разведка уюштиришга қарор қилди. Бу ҳарбий разведкага раҳбарликни I Петрнинг мураббийси бўлмиш Б.А.Галинцевнинг куёви ва христианликни қабул қилган Александр Бекович Черкасскийга (асли исми Давлат Киздан Мирзо бўлиб, қабардали мусулмонлардан эди) топширди. Черкасский 1713 йилдан бери I Петрнинг “Шарқ масаласи” буйича маслаҳатчи мутахассиси эди.
1714 йил 28 сентябрда бу ҳарбий разведка (қўл илғор) 1900 нафар аскар билан Оксус (Амударё) атрофида ҳаракат бошлади. Разведканинг бир қисми 25 апрель 1715 йилда Манғишлоқ ярим оролига келди ва Ўрусия тарихида илк бора Оксуснинг (Амударёнинг) қуйи оқимидаги ҳарбий-илмий изланишини ўтказди. 1715 йилнинг сентябрида бу ҳарбий қисм Астраханга қайтди ва Черкасский 1 Петрдан ҳарбий разведкага янги кучлар жалб қилишни илтимос қилди. 1716 йил 14 февралда Петр Хивага жўнатилаётганган ҳайъат учун янги фармон ва Черкасскийга амалий ҳаракатлари учун 13 моддадан иборат кўрсатма берди. Бу кўрсатмага биноан : Черкасский Хива хонлигидагиларга билдирмай, Амударёнинг эски ўзани (Узбой ўзани ҳақида ran боряпти) да 1000 аскарга мўлжалланган қалъа қуриши; хонликнинг Ўрусия ҳимоясига киришини таъминлаши ҳамда Хива воситасида Бухорони асоратга олиш имконларини ва Ҳиндистонга борадиган йўлларни аниқлаши керак бўлган .
1716 йилнинг илк баҳорида 6565 аскардан ташкил топган отряд (буларнинг орасида 500 татар, 32 қалмоқ, 22 черкас бор эди) ҳамда 31 инженер ва 50 нафар фуқаролик маъмурлари, таржимонлар, дипломатлар ва бошқалар, 138 кема билан Хива ерларида ҳаракат қила бошлади. Ҳужум чоғида юқорида номи зикр этилган Хўжа Нафас ва қозонлик Ураҳмед Аҳмедовлар бошловчилик қилдилар. Рус кучлари Хивага етмасидан олдинроқ Хива хони калмоқлар хони Аюку хон тарафидан огоҳлантирилиши эса, кўҳна тарихнинг бир жилваси эди. Чунки, бир турк ва мусулмон бўлган ҳукмдорга ўрус отрядининг шум нияти ҳақида маълумот берган, огоҳ этган одам бирор туркий ёки мусулмон эмас, балки буддист бўлган бир хукмдор эди.
1717 йилнинг илк баҳорида Черкасский 3500 аскари билан Хивага кирди. Шерғозихон (1715—1727) Черкасскийдан бунча миқдордаги аскарларни жойлаштирадиган алоҳида жой мавжуд бўлмаганлиги боис аскарларни уйларга тарқатишни илтимос қилди. Черкасский бу таклифни қабул этди. Фақат мингбоши Франкенберг Черкасскийнинг бу қарорига қарши чиқди, аммо унинг сўзи ўтмади. Рус аскарлари уйларга жойлаштирилгач, хон уларнинг барчасини ўлдиришга фармон берди. Ҳақиқатан, Черкасский ҳам бошқа бирон аскар ҳам соғ қолмади. Бундай тадбир Хоразм тарихида кўрилмаган эди; зеро, хоннинг нияти ва амрига ҳеч ким хиёнат қилмади. Бу босқинчиларни маҳв этиш билан Хива Ўрусияга мамлакатни истило этишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат шу аҳволга тушади, деган сабоқ бергандай бўлди. Ўруслар бу фожиадан кўп нарса ўрганиб, хулоса чиқардилар Ҳарбий разведканинг ачинарли оқибатини кўнглига тугиб, дастлабки қулай фурсатдаёқ Хивани жазолаш ,ундан ўч олиш йўлини излай бошлади.
Урусия бу мағлубиятдан сўнг Хивага жавоб зарба бериш учун ҳозирлана бошлади. Бу ҳозирлик зимдан, шов-шувсиз давом этди. Ўрус ҳукумати, аввало, Орол кўлининг шимолида назоратни ўз қўлига олишга интиларди. Шу мақсадда Оренбург ҳарбий чизиғини яратишга киришилди.
1717 йилдан 122 йил ўтгач, Ўрус раҳбарияти 1839 йили Хивага қарши янгидан куч ишлатиб, хонликни ишғол этишга қарор қилди. Орадан ўтган 122 йил давомида, бироз танаффуслар билан бўлса ҳам, Хива тузуми, мамлакат аҳволи ҳақида маълумот тўпладилар. Шу ниятда 1824—25-йилларда П. Циалковский бошчилигидаги қуролли бир карвон Хивага жўнатилди. Бу карвон Хива хонлиги томонидан асир олинди. 1826 полковник (албай) Берг Орол кўлининг соҳили картографиясини ҳозирлади. Рус хукмдорлари 1838 йилда Хива хонлигини рус қуроли кучи билан бўйсундириш вақти етилганлигига ишонди.
1839 йилда генерал Перовский қўмондонлигида Хивага сафар уюштиришга қарор қилишди. Бу ҳарбий бирлашма 1839 йил 14 ноябрда 5217 аскар ва 8000 нафар бошқирдлардан ташкил топган ёрдамчи куч билан бирга 30.000 от, 20000 туя ҳамда 22 тўп билан Хивага тўғри юра бошлади. Генерал Перовский: “Ўрусия ивани кўз кўриб, ҳеч қулоқ эшитмаган тарзда жазолаяжак” деган ўрон (парол) ни берди ва “Биз икки ойда Хивада бўламиз ва хонликнинг бошкентида биринчи навбатда хоч (крест) ва Инжил олдида ўрус подшосининг саломатлиги ҳамда ватанимиз шуҳрати учун дуо қиламиз”, деди.19. Бу сафардан мақсад кўп эди: аввало, Хивани ўрус назорати остига олиш, ўрус савдогарларига хонлик ҳудудида эркин ҳаракат ҳуқуқини олиб бериш, ўруслар қўл остида яшаёган туркман ва қозоқларни хоннинг таъсиридан узоқ тутиш; Сирдарё атрофидаги хонлик қалъаларини йўқ қилишга хонни мажбур этиш ва ҳк. 20
Ўрус қўшини Хива лашкари билан илк дафъа 1 декабрь 1839 йилда Уст-Юртдаги Беш Тумак воҳасида тўқнашди. Дастлабки жанг 5 декабр 1839 йили бўлди. Ўруслар бу жангни бой бердилар. Ўрус аскарларининг руҳияти тушиб кетди. Бундан ташқари, Уст-Юрт баландлигининг совуғига чидай олмадилар. Туякаш қозоқлap ҳам қиш совуғида чўлда дайдиб юрган ҳарбий бирликларни кузатиб боришдан бош тортдилар. Аскарлар орасида хасталик ҳам бошланиб қолганди. Дастлабки жангда ютқазган аскарларнинг жангарлигига ҳам путур етди. Перовский Оренбургга қайтишга мажбур бўлди. Урус бирликларининг тирик қолганлари 1840 йили 1 февралида Оренбургга қайтиб келдилар.
Иккинчи мағлубиятдан сўнг ўруслар эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилишга мажбур бўлдилар. 1852 йилгача Хива ва Қўқонга қарши йирик ҳарбий ҳаракатдан тийилдилар. Тўқнашувлар фақат чегара шаҳар ва қишлоқлар билан чегараланди. Шунда ҳам то 1852 йилга қадар Ўрусия Сирдарёнинг қуйи оқимида ўз мавқеини ҳимоя этишга муваффақ бўлди. Масалан, 1847 йилда Райим қалъасини қурилиши, Орол кўли ва Сирдарё ҳавзасида ҳарбий нуқтаи назардан мавқеларини мустаҳкамлаш учун ҳаракатлари бунга бир далилдир. 1854 йили Хивага уюштирилган янги бир юриш ҳам юқоридагилари каби мағлубият билан тугади .
4. Туркистон чегаралари бўйлаб ўрус ҳарбий чизиқлари
1722 йилда I Петр: “Қирғиз (қозоқ)ларнинг ўрдалари бутун Осиё мамлакатларининг калити ва дарвозасидир. Шу боисдан бу ўрдалар ўрус ҳимояси остига олиниши керакки, улар воситасида бутун Осиё мамлакатлари билан алоқа ўрнатилсин ва Ўрусия учун фойдали ва мос тадбирлар амалга оширилсин” 23,— деганди. Бу таълимотга мувофиқ ўрус раҳбарияти ҳар уч ўрда билан алоқа қилишга киришди. Мақсадини амалга ошириш учун 1552 йилдан бери ўруслар асоратига тушиб қолган туркий жамоалар билан (бошқирд ва татарлар билан) чегарадош бўлган Кичик Юз танланди.
1734 йили Кичик Юз доирасида ўрис ҳомийлиги амалга оширилди. Юзаки қараганда, бу дашт давлатини ҳимоя қилиш учун Урусия бир мустаҳкам қалъа барпо қилиш учун мос бир ер излар эди. Бу мақсадга Ўр дарёси мавзеси мос деб топилди. Қалъани қуришдан аввалги тайёргарлик ишларини олиб бориш ва назорат қилиш учун 1734-37-йилларида Урал ва Ўр дарёларига Иван Кирилов бошчилигидаги ҳарбий разведка жўнатилган эди. Қалъа иншооти ҳақидаги топшириқда Ўр дарёсининг Талқала қишлоғида бир қалъа-шаҳар бунёд қилиш, Ўр дарёси атрофидаги табиий маъданларни тадқиқ қилиш ва Орол кўлида бир порт (бандаргох) қурилиши билан аскарларни у ерга жойлаштириш акс этган эди. Кириловга ҳарбий топшириқдан ташқари яна бир “дипломатик сиёсий вазифа” ҳам юклатилганди. Бошқа курсатмалардан ташқари бу топшириқда шундай дейилган эди: “Бошқирдларга ва қирғизларга (қозоқларга) ишонмангиз. Бу миллатлардан бири Ўрусияга қарши қўзғалган тақдирда, бошқасини унга қарши гиж гижлангиз; фақат бунинг учун тарафлардан ҳеч бирига қурол бермангиз. Урусияга қўшни бўлган барча давлатлар ҳақида маълумот тўплангиз. Жунғорларнинг ҳатти-ҳаракатларини кузатингиз. Хива хонлигига қарши курашда Кичик Юзга ёрдам беринг. Фақат аскар бермангиз”24.
18 май 1734 йили подшо Анна Ивановнанинг разведка ҳайъатига берган топшириғига биноан қозоқлap Урал дарёсидан кечиб ўтиши учун рухсат берилмаган. Абулхайрхонга Оренбургда бир уй қуриб берилиб, ундан олдин эса сафарга чиқариш баҳонаси билан тутилиб, ўша уйда назорат остида сақланиши лозим эди. Қозоқ хонларининг садоқатига баъзан мукофотлар билан, баъзан таҳдид воситаси билан эришилар эди.25.
Денгиз офицерлари (субай), картографлар, муҳандислар (жаъми 200 киши) иштирок этган бир разведка 15 июн 1734 йилда йўлга чиқди ва 15 август 1734 йилда Ўр дарёсига етишди. Аскарлар қалъа қуришни бошлади. Татишчев қўмондонлигидаги аскарлар 1738 йил октябрида Оренбург қалъасига жойлашдилар. Урал дарёсида деворлар билан ўралган янги бир шаҳар — Оренбург иншооти тамомланганидан кейин, бу қалъанинг оти 1734 йили Орск (аввалига Талқала) деб ўзгартирилди. Кейинги даврларда Оренбург Туркистонни босиб олишда бир муҳим ҳаракат нуқтаси сифатида алоҳида рол ўйнади26.
Мустаҳкам Оренбург шаҳрини қуриб бўлгач, Оренбург ҳарбий қисмини ташкиллаштириш бошланди. 1100 верст (1 верст—1, 067 км) узунликдаги чегара чизиғи 1759 йилгача ҳосил қилинди. Бу чизиқ тўғридан-тўғри Туркистон чегараларида бўлиб, 88 қалъани ўз ичига олар эди. Айни замонда Ишим дарёси бўйлаб ҳам иншоотлар қуриларди. (Ишим дарёсидан Иртишгача ундан Омскка қадар чўзилган чегара чизиғи). Бу чизиқ, асосан, 1752-55 йилларда майдонга келтирилиб, 6000 верст узунликда эди. 1771 йили бу ерларда 9 дан ортиқ қалъалар бор эди. Бу чизиқ кейинроқ Иртишга қадар узайтирилди ва “Иртиш чизиғи” номини олди. Бу чизиқ ҳам 1100 верст узунликда бўлиб, Иртиш дарёсидан Зайсан кўлига қадар бўлган ерларни ўз ичига олар эди. 1745 йилда Иртиш чизиғида 45 қалъа мавжуд эди. XIX асрнинг дастлабки ярмида, сўнгги икки чизиқнинг номлари бирлашиб, “Сибирия чизиғи” отини олди.
Ўрусия Қўқон хонлиги истилосини бошламасидан аввал Оренбург ва Сибирия чизиғида 141 дан ортиқ қалъага эга эди. 1855 йилда Оренбург чизиғида ҳаммаси Туркистонга қарши қаратилган 10 суворий полки; 1867 йилда 12 суворий полки ва 9 та тўпчилар баталони, 6 та казаклар полки бор эди27, Сибирия чизиғи 1854 йили Или дарёсигача кенгайтирилди. Мустаҳкам чегара чизиқлари қуриш билан бирга Орол кўлининг ва Сирдарёнинг қуйи оқими картографик ишларига жиддий аҳамият берилди ва бу ишлар 1855 йили тугалланди.Аслида Ўрусия 1850 йилга қадар Туркистоннинг шимолида (Оренбург атрофидан Или дарёсига қадар- ғарбдан жанубий-шарққа қараб) ўз “хитой девори” ёрдамида, ҳар қандай восита билан Туркистонга қарши ҳарбий юриш учун ҳозирланганди. Фақат Қрим уруши (1853—56) ва Урусиянинг бу урущдан мағлуб ҳолда чиқиши Туркистон юришига тўсиқ бўлди.
Қрим урушидан сўнг Ўрусия ташқи сиёсатини ва ҳарбий сиёсатини тамоман ўзгартирди. Урусия раҳбарияти Буюк Британияга орқадан зарба беришга қарор қилди, яъни унинг Ҳиндистондаги салоҳиятини сусайтиришга уринди. Ҳақиқатан, “Урусиянинг Қрим урушидаги мағлубияти, Урусиянинг ташқи сиёсатидаги оғирлик марказини Болқон ва Яқин Шарқдан, асосан, Ў рта Осиёга қаратишига сабаб бўлди”29. Шундай қилиб, Туркистон Урусиянинг халқаро сиёсати қурбонига айланди. Туркистонни босиб олиш муаммоси асосий режага айланди. Қрим урушининг ўртасидаёқ- 1853 йилда ўруслар Қўқон хонлигининг 0қ мачит қалъасини босиб олдилар. Бу муваффақият Урусияга бундан кейин кенг йўсинда Туркистон ичига юришни давом эттиришга жасорат берди. Қўқон хонлигига қарши урушнинг ашаддий ташвиқотчиларидан булмиш Д.А.Милютиннинг ҳарбий нозир ва бошқа яна бир уруш тарафдори булган Игнатевнинг 30 ўрус ташқи ишларининг Осиё Бўйича нозирлиги бўлимининг бошлиғи бўлиши Урусиянинг Туркистонга қарши ҳарбий сиёсатини 1861 йили энг юқори нуқтага кўтарди. Ялпи ҳужум бошлангунга қадар Урусия Туркистоннинг даштларида ҳокимиятни ўз қўлига олишга эришди.
5. Кичик Юзда рус ҳокимияти ўрнатилиши сабоқлари
Қозоқ туркларининг жунғорлардан енгилиб қочиши фожиаси бошқа бир фожианинг вужудга келишига сабаб бўлди. Кичик Юз қозоқлари рус истилочилик сиёсатининг илк қурбони бўлди. Ўрус раҳбарияти қозокларга таъсирини кучайтириш ва уларни-нг орасига кириб олиш учун бошқирдларни қўллаб қувватлашни лозим кўрдилар. Кичик Юз хони Абулхайрга Урал дарёси ўнг қирғоғидаги бошқирд қабила бошлиғи Алдарбой воситасида “қозоқлар бошқирдлар билан иттифоқда яшамоқ истасалар, Русиянинг ҳимоясига ўтиши лозим,”-деган талабни етказдилар. 1730 йил 8 сентябрда Абулхайрхон подшо Анна Ивановнага қуйидаги мазмунда хат битди: “Уралнинг нариги томонидаги бошқирдлар билан яқин муносабатимиз йўқ,. Ўрусвассали бўлган Алдарбой биздан бошқирдлар билан тинч-тотув яшашимиз учун жаноби олийларимизга бир элчи юбориб, ҳимоянгизни сўрашимизни талаб қилди”32.
Абулхайрхоннинг элчилари Сеитқул, Кундақул ва Қутлумбет Қўштойлар 1730 йилнинг октябрида Московга келдилар. Ташқи ишлар вазирлигида Абулхайрхоннинг юқоридаги илтимосини кўришди ва 30 сентябр 1730 йилда қозоқ 40000 юрт)нинг зодагонлари тобе бўлиш ҳақидаги истакларини билдирди. Фуқароликни қабул қилишни истаганлар дарҳол фуқароликка қабул қилиндилар. Сўнгра ташқи ишлар нозирлиги подшо хонимга Абдулхайрнинг устунлигини эътироф қилган икки хоннинг (Бароқхон ва Абдулмамбетхон) мавжудлигини ҳамда Тошкент (ҳукмдори — Абдулхайрхоннинг биродари Жўлбарс), тинч яшаши ҳақида ваъдаси Туркистон (ҳукмдори Семекехон) ва Сайрам (ҳукмдори Кучумхон) нинг қозоқларга қарамлигини билдирди. Ташқи ишлар нозирлигининг назарида юқорида номи зикр этилганлар ҳам уларга тобе бўлишни истарди. Шунинг учун юқорида номи зикр этилган шаҳарлар ва даштни руслар Абулхайрхон ёрдамида осонликча мустамлакага айлантирмок, фикрига келдилар. Бу ширин хаёлни амалга оширмоқ учун Ўрусияга 100 йилдан ортиқ вақт керак бўлди.
Ўрус ҳукумати Абулхайрхонни ўз ҳимоясига олишга қарор қилди. Подшо Анна Ивановна 19 февраль 1731 йилги бир қарори билан Абулхайрхонни ва унинг кузатувчиларини “ўрус фуқароси” деб эълон қилди. Бу буйруқда хоннинг Ўрусияга садоқат билан хизмат қилиши, солиқ тўлаши ва Ў русиянинг бошқа фуқароларига зарар етказмаслиги кабилар акс эттирилган эди. Подшо хоним эса қозоқлapra ташқаридан содир бўладиган ҳар қандай ҳужумга қарши ҳимоя воситаларини қўллаш ваъдасини берди. Алоҳида ҳужжатда бошқирдлар босиб олган қозоқ ерларини ўз эгаларига қайтариш, хоннинг қалмоқлap ва бошқирдлар билан ни олиш топшириқлари берилди.
19 февраль 1731 йили подшо хоним асилзода бир бошқирд, яъни исмини ўзгартирмасдан аввал Мирзо Қутли Таваккал ўғли деб аталган, сўнг христианликни қабул қилгач, Александр Иванович Тевкелов33 дейилган зотни Кичик Юзга элчи сифатида тайинлади. Тевкеловга садоқат ҳақидаги қасамга Абулхайрхонни имзо чектириш вазифаси топширилганди. Қозоқларнинг тили ва дилини жуда яхши билган бу шахс 1731 йил 3 октябрда Иргиз дарёси бўйидаги Мани Тубе воҳасида жойлашган хоннинг саройига келди. Бу ерда ўзининг христианлик исмини эмас, балки мусулмонлик давридаги оти билан Мирза Қутли Муҳаммад деб таништирди.
Тавкеловнинг шахсий ҳимояси учун бошқирдлар34 ва қозорқлардан қуролли қўриқчилар ажратилган эди. Тевкелов 6 октябрь 1731 йилдан 24 ноябрь 1732 йилгача Абулхайрхон ва унга тобе булган Кичик Юз султонлари билан музокаралар олиб борди. Бу музокаралар натижасида хон қарорининг кучга кириши учун султонлар томонидан маъқулланиши шартлиги, хон эса, султонлар билан келишмасдан, ўзича подшо хонимга мурожаат эта олиши имкониятлари борлиги билиниб қолади. Тевкелов бу тарздаги ҳаракатларнинг сабабини сўраганида, Абулхайрхон рус ҳимоясини қабул қилишда барча султонларнинг розилиги ҳақидаги ran нотўғри эканлигини, зеро, бундан сўнг ҳар ким ўзича мурожаат қилган тақдирда, подшо унинг илтимосини эътиборга олмаслигини назарда тутиб, шу ишга қўл урганлигини эътироф этди.
1732 йил 10 октябрда содиқликка қасам кенгаши уюштирилиши муносабати барча султонлар тўпланди. Бу қурултойда 27 киши қатнашиб, аксарияти Русияга бир ҳайъат юборилиши ва русларга: “Биз сиз билан сулҳда яшашни истаймиз, аммо фуқаронгиз бўлишни истамаймиз”, дейилиши тарафдори бўлишди. Қурултойда фақат Абулхайрхон, Букенбой ботир ва Худойназарлар Ўрусияга садоқат қасамини қабул қилдилар, бошқа ҳозир бўлганлар эса, Ўрусияга садоқат қасамини қатъий бир тарзда рад этдилар35. Тевкелов Урусиянинг ҳимоясини қабул қилишни қозоқлар учун афзалликларини санаш билан бирга қатъий бир тарзда шуни ҳам илова қилди: “Урус императорлиги козоқлардан қўрқмайди ва машҳур қиролларнинг сиз дашт қароқчилари билан сулҳ тузишининг ўзи имконсиздир. Агар қозоқлар Урусиясининг фуқароси бўлмаса, Урусияга тобе бўлган қалмоқлap, бошқирдлар ва Сибириянинг шаҳар халқи билан Ёйиқ казаклари томонидан мағлуб этилиб, қиличдан ўтказиладилар”. Абулхайрхоннинг бу ҳатти-ҳаракати анъанага хилоф эди38. Чунки анъанага кўра,хон бу хилдаги қарорларни фақат қурултойнинг қўллаши билан қабул қила оларди.
Ўрусия Абулхайрхоннинг садоқат борасидаги қасамига кўп ҳам ишонмади.Ўғли Хўжа Аҳмадни Ўрусияга гаров тариқасида жўнатишга мажбур бўлди. Аслида у ўз одамларидан қўрққанлиги учун ҳам ўрус ҳокимиятига таяниш заруратида қолган эди. Ўз-ўзини Ўрусия тузоғига илинтирган хон ундан қутулиш йўлини билмасди.1740 йилда Абулхайрхон собиқ душмани жунғорларга (бу этнос номи турки адабиётда “қалмоқ” дейилади) бир мактуб ёзиб, унда агар жунғорлар Туркистон (Ясси),Тошкент шаҳарларини босиб олишига рухсат беришса, жунғорлар ҳимоясига ўтишга тайёрлигини баён қилган эди. Аммо бу хусусда бирон бир муваффақиятга эриша олмади.



