ЎЗБЕКИСТОН: ҲУКУМАТ “ОЛОЙДА – ОШ” ТАДБИРИНИНГ ОММАЛАШУВИГА ХАЛАЛ БЕРДИ….

Малоҳат Эшонқулова

         Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 19 йиллиги муносабати билан “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати томонидан мамлакат пойтахти Тошкентнинг Олой бозорида ўтказилиши режалаштирилган “Олойда – ош” хайрия лотериясининг оммалашиб кетишидан қаттиқ  ташвишга тушган ҳукумат тадбирни барбод қилиш илинжида минг бир қаллобликка қўл урди. Тўғрисиям-да, моддий қийинчиликлар кекирдагидан олган омманинг шусиз ҳам қишнинг қахратон қунларида  электр токи-ю  табиий газнинг тақчиллиги қийнаб қўйган. Жамиятдаги ноҳақликлар ҳиқилдоғига келган, сабр косаси лиммо-лим бўлган оммани бир жойга тўплаб бўларканми? Албатта ҳукумат хавотирга тушади-да. Билиб бўладими? Улар бир нарсани, халқнинг лиммо-лим бўлган сабр косаси бир кун тошиб тўкилишини жуда яхши билишади. Худди ана шу нарса Ҳукумат расмийларини саросимага солади. Йўқса, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Республиканинг турли вилоятларидан Тошкентга – “Олойда – ош” тадбирига отланган фуқароларга йўлтўсарлик қилармиди?

Башорат Хидирова

“Олойда – ош”га ташриф буюриш кўп қатори Қашқадарёлик фуқароларга ҳам қимматга тушди. Хусусан, Тошкентга бориш учун сафарга отланган Башорат Хидирова ўтирган такси Қарши шаҳар автомодиль назорат постида тўхтатиганлигидан ҳам,  оқибатда Чироқчи туман ИИБ ходимлари Хидировани  ярим тунда ўз уйига кузатиб қўйишганидан, ортига қайтариб юборишганидан илгариги хабарларимиз орқали воқибсиз. Бир сўз билан айтганда махсус хизмат ходимлари йўлтўсарликнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган усулларини ўйлаб топишди.  Айниқса, Шаҳрисабз туманида истиқомат қилувчи Бекзод Чориевга кўрсатган нағмалари ҳаммасидан ошиб тушди. Бекзоднинг рафиқаси Нишон туман туғриқхонасида кўзи ёриганди. Хотини ва фарзандининг ҳолидан хабар олгач, тўғри Тошкентга – тадбирга ўтиб кетишни режалаштирган Бекзод Нишон туманига йўл олди.У ерда тунаб, 7 декабрь куни саҳар соат 5.00ларда, ғира-шира қоронғуликда Нишон автошоҳбекатига яёв йўл олган Бекзодни фуқаро кийимидаги 4 нафар нотаниш йигитлар ўртага олди. Аввалига  ишни “Чекишдан ол”, “Телефон борми?” деган “дежурниый” гап отишдан бошлаган тўртовлон йўлтўсарлар кутилмаганда тапур-тупур қилиб Бекзодни дўппослай кетишди. Бошига қаттиқ тушган зарбдан у хушуни йўқотди.

Бекзод Чориев

– Саҳарда ёлғиз эдим. Уларнинг гап оҳанги, авзойидан бу уюштирилган уйин эканлигини кўнглим сезди-ю, ўзимни четга олдим. Бироқ барибир бўлмади. Хавфнинг олдини ололмадим. Дуч келган жойимга тепиб, савалай бошлашди. Кейин нима бўлганини билмайман. Бир пайт хушимга келсам, Қарши шаҳар ички ишлар бошқармасининг қоровулхонасида ётибман. Ҳамма жойим қонга беланган. Уст-бошимни, юз қўлимни ювиб-тозаладим. Кейин билсам, мени калтаклаб, бехуш қилиб шу ерга ташлаб кетишган экан. Кетай десам, навбатчи милиционерлар рухсат беришмади. “Ўтиринг, аввал бошлиғимиз келсин, сиз билан суҳбат ўтказсин. Кейин сизга жавоб берилади. Токи суҳбат бўлмас экан, сизга жавоб йўқ, кетолмайсиз” деб туриб олишди. Қарши шаҳар ички ишлар бошқармасининг атрофи темир панжара билан ўралган. Кириш-чиқиш дарвозасида “поставой”лар бор. Бу ердан қочиб кетишнинг ҳам имкони йўқ эди.  Начальникни кутишга мажбур бўлдим, –  дея ҳикоя қилади Бекзод.

Кун бўйи, аниқроғи соат 17.00 ларга қадар Қарши шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғининг келишини кутиб вақтини бесамар сарфлаган Бекзод шу аснода Тошкентга – тадбирга келиш, қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлди. Қош қорайдиямки, “начальник”дан  дарак бўлмади. Ҳеч қандай суҳбат ҳам ўтказилмади. Қоронғи тушгачгина, уйига кетиш учун Бекзодга жавоб беришди.

     Худди мана шу ҳолатнинг ўзиёқ Бекзоднинг “Олойда –ош” тадбирида иштирок этшига монеълик қилиш мақсадида маълум доира ва шахслар томонидан унга қарши  ёлланма йўлтўсарлар сафарбар этилганидан далолат бермайдими? Бундай эмаслигига қани кафолат?

Энг ачинарлиси, қаттиқ калтаклар зарби натижасида юзага келган ички жароҳат Бекзодга азоб бермоқда.  У шифокор кўмагига муҳтож. Шу сабабли айни дамда у даволанишга, соғлиғини таклашга мажбур бўлмоқда.

 Афсусли жиҳатларидан яна бири шундаки,  кўча “қароқчилари”нинг кўмагида тадбир иштирокчиларининг сонини яна биттага камайтиришга эришилди.  

“Олойда – ош”  хайрия лотерияси – бу норозилик намойиши эмас, пикет эмас, бу – айтиш жойиз бўлса,  байрам баҳона ташкил этилган шунчаки кўнгил очар бир ўйин эди, холос. Омманинг тўпланиши, халқнинг жам бўлиши наҳотки ҳукуматни шунчалар ташвишга солса? Модомики, жамоанинг жам бўлиши ҳукуматда ҳадик уйғотар экан, билингки, Ҳукумат расмийлари тамоман талвасада…

 

 Малоҳат Эшонқулова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares