“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан 7 декабрь куни “Олойда – ош” хайрия лотериясини ўтказишга аҳд қилганди. Бугун “Олойда – ош” тадбири қисман бўлиб ўтди. Қисман дейишимизга сабаб шуки, Олой бозори остонасига ташриф буютган “Бирдамлик”чилар тадбирда ўтган-қайтган фуқароларга рус тилида чоп этилган Конститутция китобини туфҳа этиш ва 40 дақиқа давомида уларга “Конституцияни ўқинг, фарзандларингизга ҳам уқтиринг. Қонунларнинг ҳаётга тадбиқ этилишини талаб эта билинг ва назорат қилинг” дейиш билан чекланишди, холос. Гап шундаки, “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати раҳбарияти Конституция куни муносабати билан хайрия лотерияси ўтказиш таклифи билан чиққанида, Ҳаракатнинг Ўзбекистон бўлими раҳбари М. Эшонқулова яъни мен бошлиқ бир гуруҳ фаоллар бу фикрни бир овоздан қўллаб-қувватлаган эдик. Шу аснода пухта ҳозирлик ҳам кўриб қўйилганди ҳисоби. Мен бир нарсани, мамлакатимизда валюта операциясига жиддий қаралишини, ҳатто бу борада Жиноят кодексида махсус модда ҳам қайд этилганини билардим. Шу сабабли Ҳаракатнинг АҚШдаги қароргоҳи ( бош офиси) билан боғланиб, ютуққа қўйилган АҚШ долларларини қай тарзда ғолибларга етказиш масаласини муҳокама қилишига тўғри келди. Провардида, ютуқларни биз эмас, балки АҚШдага Ҳаракат раҳбарияти банк кўмагида ўз эгаларига етказиш масъулиятини зиммаларига олишди. Бу келишув тадбир баҳона биз – Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган “Бирдамлик”чиларга қўйилиши мумкин бўлган жиноят кодексининг валютага оид моддасида кўзда тутилган жавобгарликдан соқит қилгандек туюлганди менга.
Тан олишим керак, навбатдаги “Олойда – ош” хайрия лотерияси тадбирининг қайсидир маънода муваффақиятсизликка учрашида, хусусан, хайрия лотерияси ўтказилмай қолишида менинг мухолифат йўлида эндигина тетипоя қилаётганлигим, шошма-шошарлигим, энг ачинарлиси, Ҳаракатнинг Ўзбекистон бўлими раҳбари сифатида сиёсий ва ҳуқуқий савиямнинг саёзлиги бош сабаб бўлди деб ўйлайман. Чунки ўтказилажак хайрия лотерияси тадбири борасида сайт орқали элга овоза қилингач, ҳамкасблар томонидан турли саволлар ёғила бошлади. “Лотерия ўтказиш учун махсус русатнома ёки лицензия олинганми?”. Ҳуқуқий билимимнинг пастлиги оқибатида бу каби саволларга “Наҳотки мамлакат Конституциясини тантана қилиш учун ҳам махсус рухсат олиш лозим бўлса? Ҳуқуқий демократик жамият сари одим отишни истаётган мамлакатда ҳар бир фуқаро байрамларни, хусусан, Конституция кунини истаганича нишонлаши, шод-хуррамлик қилиши мумкин эмасми?” дея баралла жавоб ҳам қилишга улгургандим, хатто. Бироқ бу тадбир нафақат менинг, балки Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган кўп сонли “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати аъзоларининг ҳаётини, тақдирини ё у, ё бу маънода ўзгартириб юбориши ҳам мумкинлиги ҳақидаги ҳадик мени юқорида берилган савол борасида жиддийроқ мушоҳада қилиб кўришга ундади. Раҳбар сифатида Ўзбекистондаги “Бирдамлик”чилар тақдирига жавобгарлик ҳисси мени Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, шунингдек, Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини диққат билан кўздан кечиришга мажбур қилди. Буни қарангки, Жиноят кодексида “Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш” борасида махсус модда мавжуд экан. Жумладан, ЎзРесЖКнинг 190- модасида Лицензия олиши шарт бўлган фаолият билан махсус рухсатнома олмасдан шуғулланиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, – энг кам иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорида жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки мол-мулк мусодара қилиниб ёки мусодара қилинмай, уч йилгача муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади” деб белгилаб қўйилган экан. Ва яна “… бир гуруҳ шаслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, – энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорида жарима ёки мол-мулк мусодара қилиниб, ёки мусодара қилинмай, олти ойгача қамоқ жазоси билан жазоланади” дейилган. Биринчидан, биз – “Бирдамлик”чилар байрам муносабати билан хайрия лотериясини бир гуруҳ бўлиб ташкил этаётганлигимизни иносбатга оладиган бўлсак, бизга иккинчи бандддаги жазо чорасини, яъни … юз бараваригача миқдорида жаримага тортиш, ёхуд олти ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашлари нақд эди. Бу масаланинг бир жиҳати. Иккинчи томони шундаки, биз “Бирдамлик”чилар халқни қонунларни урганишга ундаймиз, фуқароларни қонунга итоат қилишга чақирамиз, оммага қонунлар ижросини талаб этишни уқтирамиз. Модомики шундай экан, хайрия лотериясини ўтказиш орқали мамлакат қонунини четлаб ўтадиган бўлсак, у ҳолда сўз ва иш бирлиги қаерда қолади деган истеъҳолали ўй ўтади кўнгилдан. “Хайрия лотерияси ўтказамиз!” дея жаҳонга жар солиб қўйдик. Навбатдаги “Олойда – ош” хайрия лотерияси ҳам таназзулга юз тутадиган бўлса, эл олдида нима деган одам бўламиз? Субитсизга чиқамиз. Бурдимиз кетади, ахир! Уят ўлимдан қаттиқ дейишади. Энди нима бўлса ҳам, каллани кундага қўйсак ҳам ўтказишимиз шарт. Шовла кетса кетсин, обру кетмасин” қабилида иш тутсак, ор учун курашсак бўлмасмиди? Бўларди! Аммо бу тўғри бўлармиди? Мабодо шу йўлни тутгудек бўлсак, бу ҳаракатимиз орқали оммага “мулланинг айтганини қил, қилганини қилма” дея сабоқ берган бўлардик, шундай эмасми? Тўғри, биз, шахсан мен қонунни чуқур билмай, урганмай хато қилдим. Эҳтимол эшитган чиқарсиз, донишмандлар нима дейишган? “Хато қилишдан қўрқиш хавфли эмас, аммо хатони тан олишдан қўрқиш минг чандон хатарлироқ” дейишмаганмиди? Биз худди ана шу иборага амал қилишни афзал билдик. Хатоимизни тан олишдан ҳадиксирашимиз оқибатида туғилиши мумкин бўлган хатардан халос бўлишни истадик, холос. Бор ҳақиқат шу?

Ҳали юқорида айтиб ўтганимдек, гарчи қисман бўлса-да, “Олойда – ош” тадбирининг режадаги бир қисми амалга оширилди десак, лоф бўлмас. Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах хатто узоқ Хоразмдан “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати аъзолари тадбирга ташриф буюршиди. Олой бозори остонасида фуқаро кийимидаги ўнлаб махсус хизмат ходимларининг жонли девор ҳосил қилган бўлишига қарамасдан, “Бирдамлик”чилар бозор ҳудудига ҳайиқмай кириб боришди, бора олишди. Атрофдагиларга Конституция китобларини туҳфа этишди. Озми-кўпми фуқарлар билан суҳбатда бўлишди. Адашмасам, махсус хизмат ходамлари бор-йўғи 40 дақиқача давом этган шу тадбиримизда бир эмас, иккита фильмга асос солишди, видеотасвирлар орқали кўп қисмли фильм яратишди. Бутун бир бошли фотолар галлериясини бунёд этишди, ишонаверинг. Уларга ҳеч бир эътирозим йўқ, улар ҳам биз каби ўз вазифаларини адо қилишди. Бироқ чекка-чеккадан, ҳали дўконлар деразасидан мўралаб, ҳали дов-дарахтлар панасидан пусиб “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати аъзоларини ўз хаёлларида хуфёна кузатаётган, тасвирга олаётган, суратга тушираётган махсус хизмат ходимлари бир нарсага – бизни “жиноят устида” қўлга олишга шай турганлигини ҳис қилдим. Йўқса, бу жараёнга 20 нафардан ортиқ ходим сафарбар қилинармиди? Фикру ожизимча, ҳукумат расмийлари бир нарсани – “Бирдамлик” фаолларининг лицензия олмаган ҳолда хайрия лотерияси тадбирини бошлаб юборишини интиқлик билан кутишди. Ҳатто бунга имкон ҳам яратиб беришди. Сукут сақлашди, жим туришди. Арқонни узун ташлашди. Хайрия лотерия ўйинини бошласак бўлди, шунда улар бизни “ноқонуний ҳаракат” устида қўлга олмоқчи, арқонни секин тортмоқчи бўлишди. Аммо улар хомтама бўлишди. Ким нима деса десину, аммо менимча, биз қайсидир маънода муваффақият қозондик. Ғалаба қилдик. Ютуқ шундаки, мазкур тадбир баҳонаи сабаб озми-кўпми барча вилоятлардаги фаолларимиз, фуқароларимизнинг бошини бириктира олдик, бу бир. Туҳфа учун атаганимиз – Конституция китобларини аҳолига тортиқ қилишга улгурдик. Бу икки. Оз бўлса-да фуқаролар билан мулоқатга киришишга эришдик. Мақсад ва муддаолар хусусида имкон қадар сўз очдик. Атрофдаги одамларни жипсликка, фаолликка чақирдик. Кишиларни қонунларни ўқишга, урганишга ундадик. Токи биздек адашиб, қоқилмасин, хатога йўл қўймасин дедик. Ҳа, биз қайсидир маънода ғалаба қозондик. Энг асосийси – биз ҳаракатдамиз. Шунинг ўзи ғалаба. Ҳаракатдаги кишигина хато қилиши мумкин. Бу табиий. Хато қилиб қўйишидан чўчиган одам эса ҳаракат қилмайди. Хатога йўл қўйишни фожеа деб билиш керак эмас. Аксинча, ҳаракатсизлик, сукут сақлаш фожеа. Токи дунё тараққиёт пағонасида экан, одамзод бир умр ўқиб, урганиб яшайди. Шундай экан, хатолардан тўғри хулоса чиқара билиш ва уни ўз вақтида тўғрилай олишнинг ўзи ҳам бир ғалаба аслида. Хато ва камчиликларимизни эрта англаганимиз ғалаба. Қусурларимизни тан олишдан ҳайиқсалигимизнинг ўзи бу – бизнинг ютуғимиз. Энг асосийси, “қуда” томоннинг қопқонига, макрдан тўқилган тўрига тушиб қолмаганимизнинг ўзи ҳам катта бир ютқу, агар билсангиз. Ҳа, ишонасизми, йўқми, гарчи “Бирдамлик”чиларнинг “Олойда – ош”и таназзулга юз тутди дея эътироф этилаётган бўлса-да, биз маълум маънода ғалаба қилдик, бу бор гап.
Мен бу гаплар билан ўзимни оқламоқчи ёхуд вазиятни унгламоқчи эмасман. Шунчаки, кўнглимдан ўтганларини тўкиб солгим келди. “Бирдамлик”чиларнинг барбод бўлган хайрия лотерияси ҳақида ким қандай ўйлайди, ким қандай сўйлайди, билмадиму, аммо шу ўринда шоирнинг хўп топиб айтган сатрларини эслатишни истардим:
Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё….
Бирор кимса ёки бирор бир воқеа-ҳодиса ҳақида ҳолисона гап айтилаётганида, фикр билдирилаётганида, шу сатрларни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Менинг назаримда шундай….
Малоҳат Эшонқулова
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари




