ЎЗБЕКИСТОН: УЧАСТКА НОЗИРИ УЙИМГА СИМ ҚОҚДИ

Малохат Эшонкулова

                        Бугун кун бўйи “Олойда – ош” хайрия лотерия тадбирининг ташвиши, ташкилий ишлари билан елиб юрдим. Аниқроғи, кун узоқ Конституция китобини қидирдим десам, муболаға бўлмайди.

             Китоб дўконлари беркилганида, қош қорайганида тинкам қуриб уйга кириб  келдим.

            Аксига олиб бугун телефон улгур ҳам тинай демади. “Жиринг-жиринг” қилгани-қилган. Ҳали қўл телефоним, ҳали уй. Муболаҳға бўлмаса, юздан ортиқ одам билан гаплашдим-ов. Энди тин оламан, ҳордиқ чиқараман деганимда,  маҳаллий вақт билан соат нақд 22.дан   21 дақиқа ўтганида яна  уй телефоним жиринглаб қолди. Гўшакни қизим кўтарганди, “Аяжон, Тўра деган участкавой экан” деди. “Айт, қўл телефонимга қила қолсин” имо қилдим унга. Зум ўтмай, қўл телефоним ҳиргойи қилиб қолди.   Кўтарсам, ростдан ҳам ўзимизнинг Тўра. “Участкавой”. Бир умр саргузаштлар оламида яшаётган одам эмасманми, учаcтка нозирини анча бунча таниб қолганман. Рақамга назар солсам, хизмат телефони – 2740497.  Фидойи йигит кеч бўлишига қарамасдан ўз постида –  тер тўкиб ўтирибди.

Участка нозирининг кутилмаган йўқловидан ҳайрон қолдим.

– Тинчликми, Тўра ака?, – дедим ажабланганимни яширмай.

– Опа, ҳозир ишлаяпсизми?, – саволимга савол билан жавоб қилди у.

– Йўқ, бир йил бўлди, мени “академический отпуска”га чиқариб юборишганига, – жавоб қилдим ҳазил аралаш, – нима эди?

– Почча уйдами?, – гапни бошқа томондан олди у.

– Э, ҳали эшитмадингизми? Поччангиз Самарқандга кетиб қолганлар-ку? – яна ҳазил қилдим.

– Алдаманг, яқингинада кўргандим-ку?

– Ҳа, энди фарзандларини соғинганда келиб турадилар-да…

– Опа, уйингизда меҳмон бор экан? – қуққисидан кутилмаган саволни берди участка нозири.

– Меҳмон? Қанақа меҳмон? Тушунмадим, Тўра ака? – дедим ҳайратимни яширмай.

– Яна олдаяпсиз-а, опа, – гина қилди Тўра, – Ёлғон гапирманг, бугун уйингизга Жиззахдан меҳмонлар келишган…

– Ким экан у меҳмонлар? – дедим янада таажжубланиб.

– Саида опа деган меҳмонингиз борми шериклари билан? – участка нозири суриштирувга ўтди.

             “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Жиззах вилоят бўлими раҳбари Саида опа Қурбонованинг бугун Тошкентга келганидан хабарим бор эди. Бироқ қаерга қўнганидан, очиғи, бехабар эдим. Тавба, буларнинг айғоқчилари на бунча тезкор ишламаса-я? Ҳайратдан қотдим.

– Адашаяпсиз, уйимда меҳмоним йўқ, ишонмасангиз келиб кўришингиз мумкин, Тўра ака, икки қизим билан ўтирибман? Тушунмадим? Нима эди? Бирор ким қидирувдами? Йўқолиб қолибдими? – дедим саволларни қалаштириб.

– Сизам гапни жа-а обқочасиз-да опа. Айтингчи, Жиззахда қариндошларингиз, танишларингиз борми? – сўроқни давом эттирди Тўра.

– Ака, мен Самарқандликман. Жиззахда ҳеч кимим йўқ. Сизга нотўғри маълумот беришибди. Меҳмонларим келишади, фақат эртага, ҳозир эса уйда болаларим билан ўзими холос. Яхшиси, келиб кўра қолинг, – дедим  ишонтириш учун уни уйга таклиф қилиб, – Барибир саволларимга жавоб қилмадингиз? Кимни излаяпсиз ўзи? Нимага?

– Жиззахдан бир киши Саида опа деган аёлни қидириб келибди. У аёл Сизнинг хонадонингизда меҳмон бўламиз деб чиққан экан уйидан. Шунинг учун шу ерга, сизникига излаб  келишибди.

– Билмадим, ҳеч нарсадан бехабарман. Ким экан ўзи  кимнидир қидириб келган киши? – сўрадим қизиқсиниб.

– Барибир танимайсиз-ку? Бир кекса чол киши, – кулди участка нозири, – Мен сизга ишонаман опа. Уйингизда меҳмон йўқлигига ҳам. Узр кеч бўлганда безовта қилдим. Вақт топиб идорага бир келиб кетинг, – дея гўшакни қўйди Тўра.

            Бемаҳалда участка нозири билан бўлган бу қисқа суҳбатдан англадимки, тадбир олди кимлардир, ҳа, ўша, сиз билган, хаёлингизга келган одамлар ғимирлаб қолишган. Йўқса, 3 йилдирки бир бор йўқламаган, телефон қилмаган участка нозири қўққисидан менга сим қоқиб қолармиди?

            Бугун-ку, “погонли”лар билан бўлган суҳбат енгил кечди, шукур.  Аммо… Қалтис вазиятда қитмир одамлардан ҳар нарса кутиш мумкин… Эртага охири бохайр бўлсин-да ишқилиб….

                  

 Малоҳат Эшонқулова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares