ЎЗБЕКИСТОН: “ОЛОЙДА – ОШ” ТАДБИРИ ИШТИРОКЧИЛАРИ БИТТАГА КАМАЙДИ

Малохат Эшонкулова

             7 декабрь куни “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати “Олойда – ош” хайрия лотериясини ўтказишга бел боғлаганини биласиз. Мазкур тадбирга Республиканинг барча вилоятларида фаолият олиб бораётган Ҳаракат фаоллари таклиф этилганидан ҳам хабарингиз бор. Қиш ҳавоси, айтиб бўлмайди. Бугун қўёш кулиб турган бўлса, эртага тизза бўйи қор ёғиб бермайди деб ҳеч ким айтолмайди.  Қорли кунларда эса узоқ сафарга чиқишнинг ўзи бўлмайди. Шу сабабли вилоятнинг узоқ туманларида истиқомат қилаётган “Бирдамлик”чилар  йўловчига йўл яхши деб 6 декабрь куни Тошкентга отланишган эди. Маҳаллий вақт билан кундуз соат 11.00 ларда Ҳаракатнинг Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Башорат Хидировадан  қўнғироқ орқали хабар келиб қолди. Маълум бўлишича, Қашқадарё шаҳридан чиқаверишдаги  давлат автомобиль назорат  (ДАН) постида  Башорат Хидирова ўтирган йўловчи машина “ГАИ” ходимлари томонидан номаълум сабабларга кўра тўхтатилган. Аввалига ишни киракаш ҳайдовчининг ҳужжатларига эътироз билдиришдан бошлаган ДАН ходимлари кейинчалик йўловчи Башорат Хидировага “ташланиб” қолишган. Яна ўша – Ўзбекистонда ҳамиша содир бўладиган одатий ҳол намоён бўлган: Б. Хидировага “хужум” уюштириш учун аёл кишини ( Башорат опага, яъни аёл  йўловчига эркак кишини қарши қўйишга ҳижолат бўлишган, ёхуд воқеа жиддий тус олиб кетишидан чўчишган чамаси)  “ташлашган”. Бу ёғи ўзингизга маълум: шантаж.  Воқеалар ривожи эса Қарши шаҳар биқинида жойлашган Чироқчи туман ички ишлар бўлимида давом этган. Башорат Хидировага кўра уни асозсиз  равишда Чироқчи туман ИИБсида кеч соат 20.00 дан ўтгунга қадар ушлаб туришган.

            – Ишонасизми, мени қилт эттиришмади. Негадир қаттиқ назоратда ушлаб туришди. Ҳатто 8 соат давомида ҳожатхонага боришга ҳам рухсат этишмади, – дейди Б. Хидирова телефон орқали биз билан бўлган суҳбатда.

            Башорат Хидировани Тошкентга бораолмаслигини таъминлаш мақсадида уюштирилган бу текин томоша уни кеч соат 20.30 ларда махсус машина ва кузатувчилар назоратида Қарши шаҳрига – ўз уйига  қайта элитиб қўйиш эпизоди билан якун топди.

        – Кун бўйи биздан мажбуран турли мазмунда тушунтириш хатлари олишди. Энг ёмони эртага –  7 декабрь куни соат 10.00 да яна Чироқчи туман ИИБсига келишим шартлиги ҳақида огоҳлантиришди, – дейди айби нимада эканлигини билмай лол бўлаётган Хидирова.

            Бир сўз билан айтганда Қашқадарё музофотидаги ҳукумат идораларининг аралашуви билан “Олойда – ош” тадбирининг иштирокчилари биттага камайди. 

            Маълумот ўрнида шуни ҳам айтиш жоизки, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги фаолларимиз билан кун бўйи  алоқа қилиш имкониятидан маҳруб бўлдик. Уларнинг мобиль телефонлари “хизмат доирасидан ташқарида” , “ўчирилган” дейишдан нарига ўтмади. Бугун уларни қандай кургуликлар кутган, бехабармиз. Эртага улар ҳақида имкон қадар маълумот олишга уринамиз ва албатта сиз азиз ўқувчилар билан қўлга киритган маълумотларимизни баҳам кўрамиз.

 Малоҳат Эшонқулова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares