КОНСТИТУЦИЯ КУНИДА: ЎЗБЕКИСТОНДА КОНСТИТУЦИЯ ЙЎҚ

Малохат Эшонкулова

           Маълумингизким, жорий йилнинг 7 декабрь куни “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19 йиллиги муносабати билан “Олойда – ош” хайрия лотериясини ўтказиш режалаштирилган эди.  “Олойда – ош” хайрия лотерияси  дастурига кўра ўша куни 200 дона конституция китоби тадбир иштирокчиларига байрам туҳфаси сифатида тақдим этилиши кўзда тутилган эди.  Энди билсак, “Бирдамлик”чилар бу борада хомхаёл қилиб, хомтама бўлишган экан.

            Гап шундаки, Хайрия лотерияси тадбирига тайёргарлик ишлари бошланибдики, Тошкентдаги “Бирдамлик” фаоллари ишни конституция харид қилишдан бошлашга енг шимаришганди. Улар Конституция китобини қидириб яланг оёқ бўлиб пойтахт Тошкенту азимнинг бу бошидан кириб у бошидан чиқишди ҳамки, Қомусдан дарак йўқ. Кирилмаган, суриштирилмаган китоб дўкони қолмади ҳисоби. Ҳатто пойтахтнинг аҳолига машҳур ўша “солнечный”даги китоб-дафтар бозори ҳам қолмади. Ерга кирганми, осмонга учганми, ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг, лоақал иримига бир дона Конституция китоби топилмади. Ёлғон бўлмасин, қидира-қидира ноумид қайтаётиб, шаҳар кўчасидаги  “концтовар”  олди-соттиси билан шуғулланувчи савдо расталарининг бирида “хафа” бўлгандек мунғайибгина турган Конституция китобига кўзим тушиб қолди. Бориб қарасам, рус тилида экан. Шунисига ҳам шукур қилдим. Ишонсангиз,  дунё топган кишидек севиниб кетдим. Сўриштирсам, афсуски, ўзбек тилида нашр эттирилган варианти йўқ экан. Нима қиламиз энди, илож қанча, рус тилида бўлса ҳам харид қилишга мажбурмиз-да!

– Менга шу китобингиздан 200 дона беринг, – сўрадим сотувчидан.

           Қўли-қўлига тегмай савдо қилаётган йигит мийиғида кулиб деди:

           – Опа, Конституция китобларининг ҳам борини янги таҳрирда чиқарамиз деб йиғиштириб кетишган. Аммо ҳали қайта чиққан эмас. Тошкентдаги бирорта савдо дўконидан кундуз куни чироқ ёқиб, тополмайсиз. Биздагиси, бу  қолиб кетган “остаток” мол. 200 та эмас, 20 дона чиқсаям жон денг.

          Бахтимга 20 та эмас, нақд 35 дона қолган экан. Мана сизга 19 йиллик сана арафасидаги Ўзбекистоннинг ҳақиқий қиёфаси. Қизиқ, нега энди Конституция китоблари сотувда йўқ, китоб дўконларига чиқарилмаган? Нима, Конституция китоблари сотувга чиқарилса, халқ  уни ўқиб, уқиб қўядими?  Кейин… Кейин Қомуснинг ҳаётга тадбиқ этилишини талаб қиладими? Нима, Хукумат шундан қўрқадими? Йўқми? У ҳолда Конституция китобларининг ҳануз сотувга чиқарилмаётганлигидан муддао не? Сабаб нима? Тушунмайсан, тушунолмайсан киши…. Эртага, 7 декабрь куни биз, “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати аъзолари Конституция кунида аҳолига нима туҳфа қиламиз энди, ҳайронман? … Бош қотган…

Шунақа… Э-э-э, нимасини айтасиз, у ёқ-бу ёққа эътибор қилиб боқсангиз, “Конституция ишламайди, қонунларимизнинг кучи йўқ” деган нолиш-намолар қулоққа чалиниб қолади гоҳо. Асло сўраманг, Ўзбекистонимизда Қомуснинг ҳаётга тадбиқ этилиши у ёқда турсин,  ҳатто  Конституциянинг ўзи йўқ-ку?!

Малоҳат Эшонқулова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares