Бизнинг “Бирдамлик” ҳаракатимизнинг почтасига Ўзбекистонннинг турли бурчакларидан фуқароларнинг хатлари келиб туради. Бу бир томондан қувончли воқеадир, чунки бу ватандошларимизнинг бизга,бизнинг ҳаракатимизга ишончи ошиб бораётганини кўрсатади,аммо иккинчи томондан қайғули ҳолатдир,чунки бу хатларнинг кўпчилигида Ўзбекистонда кундан- кунга илдиз отиб бораётган порахўрлик, адолатсизлик каби иллатлардан шикоят қилинган бўлиб, бу эса ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳозир қудратда бўлган шахслар ҳали ҳам халқ дардига, мавжуд муаммоларга бефарқ қолаётганлигини, жабрдийда Ватанимиз турли иллатлар ботқоғига ботиб бориши, афсуски, давом этаётганлигининг далолатидир.
Ватанимизнинг Фарғона вилояти, Бувайда тумани, Янгиқўрғон ҚФЙ, Маслаҳат қишлоғида яшовчи Н.Сиддиқовнинг хати бизга келган хатлардан биридир. Қариб қолган диктаторнинг “доно” раҳбарлиги остида аслида борган сари ижтимоий портлаш томонига кетаётган Ўзбекистон, гўё кун сайин “гуллаб- яшнаётгани” тўғрисида лоф уришдан бўшамайдиган, диктаторнинг тўлиқ назорати остида бўлган ёлғончи ва маддоҳ ОАВлар бундай хатларни эълон қилмаслиги аниқ .Шунинг учун биз бу хатни, бироз қисқартириб ва бироз таҳрир қилиб, эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик:
“Мен 1976 йилда суд маслахатчиси бўлиб сайландим. Шундан буён инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келаман. Кўп йиллик ҳаёт тажрибамдан келиб чиқиб шуни маълум қилишим мумкинки:
1) Ўзбекистонда фуқароларнинг ариза- шикоятларидан суд-ҳуқуқ идоралари жуда унумли фойдаланмоқдалар, яъни улар бюджетга ва ўз чўнтакларига пул туширмоқдалар. Халқаро инсон хуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари бу борада Ўзбекистон фуқароларига ҳеч қандай ёрдам бера олмайди. Мен бу ҳужжатни сизга шунчаки маълумот учун юбормоқдаман, чунки сизнинг ҳам бу борада бирон-бир ёрдам
бериш қўлингиздан келмайди.
2) Сизга мен тақдим қилаётган бу ҳужжатгина эмас, Ўзбекистон фуқароларига берилаётган суд-хуқуқ идораларининг барча ҳужжатлари қалбаки. Бу ишларни йўлга солиш президентнинг қўлидан келади, аммо билмадим, ҳали тартибга солиш учун сал вақт эртароққа ўхшайди.
3) Республика бўйича пенсионер фуқароларнинг 20 йиллик пенсиялари республика молия вазирлигининг назоратчилари томонидан ҳар бир шаҳар ва туман архивларида ўрганмоқдалар ва фуқаролар томонидан олинган кўплаб ноқонуний деб топилган пуллар суд қарорлари билан қайтарилмоқда.Бу ерда ўринли савол туғилмоқдаки, пенсионерларга пенсияни шаҳар ва туман социал таъминот бўлимларининг назоратида уларнинг ёзган далолатномасига асосан пенсия тайинланади.Нега қалбаки хужжатларга асосан пенсия тайинлаган жавобгарлар қолиб, фуқаролар жабрланмоқда? Яна ўринли савол туғиладики, асосий айбдорлар кимлар? Асосий айбдор республика архив бошқармаси. Бу ташкилот шаҳар ва туман ҳокимларидан архив хужжатлари сақлови учун етарли жой ажратишларини вилоят ҳокимлари орқали талаб қилмаган,оқибатда давлат хужжатлари халқимизнинг бебаҳо бойликлари архив сақловига олинмаган, назоратсиз хужжатлардан пенсияга чиқувчилар талаб қилган суммаларни ёзиб берилиши оқибатида шу нохушликлар келиб чиқмоқда.
4) Шунингдек,Фарғона вилояти Данғара тумани метан-газ таъминот М.Ч.Ж. сига газ қуйиш учун келган машина шофёрлардан 10000-15000 сўмдан олиб киргазилмоқда”.
Биз Ўзбекистондаги мутассади ташкилотлар фуқаро Н.Сиддиқовнинг ушбу хатида келтирган фактлар юзасидан холисона текширув ўтказиб, Ўзбекистондаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга оз бўлсада ўз ҳиссаларини қўшади деб умид қилиб қоламиз.
Ўзбекистон
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати.