ЎЗБЕКИСТОН: ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ, ТАБИИЙ ГАЗ ТАНҚИСЛИГИГА АҲОЛИ АЙБДОР… МИ?

Жиззах вилоят хокимининг аҳоли билан бўлган жонли мулқотидан илҳом олганми, ёки тепадан шундай топшириқ бўлганми, билмадигу, шу кунларда Самарқанд вилоят мири Зойир Тойирович ҳам маҳаллий телведения орқали омма билан юзлашишга чоғланиб қолди.

Кўрсатув белгиланган пайтда мобиль телефон аппаратларини шайлаган содда аҳоли минг бир ҳаяжондан энтикиб, телвезорга тикилди. Ҳокиму мутлақ билан жонли мулоқот бошланиши билан адоқсиз муаммолар буҳрони буғзидан олган аҳоли арз-додини айтиш илинжида  экранда битилган телефон рақамларини такрор-такрор терса-да, уланишнинг умуман имкони бўлмади.

– Ҳокимга савол бериш мақсадида ўғлим, қизим, ҳатто ўзимнинг қўл телефонимдан, бир эмас, учта телефондан минг марта қўнғироқ қилдим-ов. Бирам боғланай демади-я! Кейин суриштирсам, ҳамқишлоқларнинг бирортаси қўнғироқ қилиб, тушолмабди. Шу дейман, жонли мулоқот дегани олдиндан ёзилиб, эфирга берилди чоғи. Ҳаммаси бир кўз бўймачилик бўлдимикин?, – дейди Оқдарё туманининг Этаковул қишлоғида истиқомат қилувчи Дагар ака Саъдуллаев.

–  Хоким халқ кўнглига малҳам бўладиган ақилли гап айтдими?,  – дея сўрадим қизиқсиниб.

– Эй, қайда, хокимдан кўп нарсани кўтгандигу, аммо аксига олиб ундан бирорта бир жўяли гап чиқмади, – дейди Самарқанд туманининг Гулбоғ маҳалласида яшовчи Муҳаррам опа ҳафсаласи пир бўлиб, – “Никоҳ тўйларида қатор-қатор машиналар кўчани чангитади. Агар  маракаларда катта сарф-харж қилишнинг ўрнига свет билан газнинг пулини ўз вақтида тўлаб турса, қарздорлик бўлмаса, электр энергияси ҳам, табиий газ ҳам бўлар бир кун” дея ҳоким савол берган одамларнинг оғзидан олиб, ёқасига ёпиштирди. Ҳаммасига ўзимизни айбдор қилди,  қўйди. Ахир 10 йилдан буён газнинг ўзи бўлмаса, қаерданам қарздор бўлади одам?

– Ҳокимнинг бунисиям элга қайишмайдиганлардан шекилли. Элнинг корига яраш ўрнига берган маслаҳатини қаранг. Эфирда туриволиб нима дейди денг?:  “Қишга кўмир, ўтин ва шамдан кўпроқ ғамлаб қўйинглар” дейди. Нима дегани бу? Бу қишда ҳам барчасидан маҳрумсизлар деганими? Нимасини айтасиз, ота-боболаримиз яшаётган замонга қайтдик. Танчада жон сақлаб ўтирибмиз, – дейди Орзу ака оғир хурсиниб.

Жонли мулоқот чоғида Самарқанд вилоят ҳокими Зойир Тойировичнинг бир гапи ҳаммасидан ошиб тушди: “Сизларни қийналмасин деб, мана, кўмирнинг нархини арзон қилиб қўйганман. 1 тоннаси  бор йўғи эллик минг сўмдан нари-бери. Агарда кимнидир кўмир олиб сотарлик билан шуғулланаётганлигини билсангиз, дарҳол бизга хабар беринг, ундайлар билан ҳуқуқ идоралари шуғулланади” деди хоким кўкрак кериб. Эҳтимол, ҳокимият қоғозларида 1 тонна кўмирнинг баҳоси 50-60 минг сўм бўлса, бордир. Бироқ  Самарқанд вилоятида 1 тонна кўмир  250-260 минг сўмдан сотилмоқда. Арзонига ҳечам топилмайди. Ҳоким жаноблари бундан бехабарми? Билмайдими? Йўқ, аниқроғи, билишни ҳам истамайди. Ҳааа, оч бола билан тўқ бола ўйнамас, тўқ бола ҳеч нарсани ўйламас, деб мана шунга айтсалар керак-да.

Бир сўз билан айтганда, ҳоким билан бўлган мулоқотдан бирор бир наф бўлмади, бўлмайди ҳам. Бироқ ҳар яхшининг аммоси, ҳар ёмоннинг лекини бор, деганларидек,  хоким билан бўлган бесамар суҳбатнинг самараси ҳам бўлди. Фойдали жиҳати шундаки, маҳаллий ҳокимиядан ҳеч бир ёруғлик чиқмаслигига аҳолининг яна бир бор имони комил бўлди. Бизнингча шундай.

 “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлимининг раҳбари   Малоҳат Эшонқулова

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares