ЎЗБЕКИСТОН: ОТИНГНИ СОТ, МОЛИНГНИ СОТ, ДОЛЛУРЧИ БЎЛ!

Ўзбекистонда ҳар бир хонадон бошига биттадан банк тўғри келади десам, лоф бўлмайди-ёв. Қани энди турнақатор бу банклар рисоладагидек ишласа, аҳолига намунали хизмат кўрсатса экан. Банкларнинг кредит бўлими дейсизми, валюта алмаштириш шахобчаси дейсизми аҳолини сарсон қилишдан бошқасига ярамайди. Кредит оламан деган одамнинг банкга қатнайвериб, бир эмас, бир нечта пойабзали титилиб кетади. Валюта алмаштириш шаҳобчаларидан доллар олиш эса оддий аҳолининг ушалмас орзусига айланиб қолганига анчагина бўлган. Бироқ шундай бир  пайтда долларнинг қора бозори гуллаб-яшнагани яшнаган. Мана, бир йилрики қора бозорда муқим 250 минг сўм бўлиб турган 100 доллар муқаддас Хаж сафари баҳонасида 255 мингга чиқиб кетганди. Куни кеча бозорга боқсам, яна беш мингга ўсибди, “карам”нинг 100 и 260 минг сўм бўлиб турибди-да. У савилни “карам” деганларича бор экан чамаси, нуқул кун ора ўсгани-ўсган. Шу кеча кундузда 100 доллари борлар қора бозорга бориб, нақд 265 минг сўмни қуртдек санаб олаверсин экан. Айни дамдаги 1 USDнинг давлат баҳоси 1772 сўму 98 тийин. Бу дегани – доллар чайқовчиси ҳар 100 доллардан 87 минг сўмдан ортиқ “ишлаб олади”, фойда кўради деган гап. Йўқ, бир нарсага тушунмайсан киши, бу долларфурушларнинг зарбхонаси бормидики, USDни ишлаб чиқарса. Йўқ-да. “Карам” дегани қора бозорга, долларфурушларнинг  қўлига оқиб келаётган ариқнинг боши, узани қаерда эканлиги ўзларингизга маълум. Буни ҳижжалаб тушунтиришнинг, таъкидлашнинг ҳам ҳожати йўқ, деб ўйлайман. 

Банқдан йиллаб доллар ололмай додлаб юрган одамларни бир савол қийнайди: “Ҳукумат дегани кучсизми, қудратлими?  Долларнинг  қора бозорига барҳам берса бўлмайдими?” Бўлади, албатта. Эй, нимасини айтасиз, агар ҳукумат ҳақиқатдан ҳам  валютага оид қонунларни оёқ ости қилаётганларнинг танобини торти қўйишга бел боғласа, аҳд қилса  борми,  аллақачонлар долларфурушлару, уларга устамаси эвазига енг учида USD етказаётган банк ходимларга аллақачонлар сичқон ини минг танга бўлиб кетарди-ку-я? Бироқ, элнинг бу кутгани бўлмайди. Нега экан-а? Айтишларича, доллар қора бозори мамлакатнинг КАТТА ХОНИМИ қўлида эмиш. Бу қора ишларга БЕКАМИЗнинг ўзлари бошмиш. Ўз тасарруфида бўлган доллар қора бозордан келаётган  жамики даромад ёлғиз КАТТА ХОНИМнинг ҳамёнига тушармиш. Бу каби узуқ-йулуқ гаплар ҳақиқатга нечоғлиқ яқин ёки йўқ, билмадим.  Қайдам,  эҳтимол,  мамлактада доллар қора бозорини “касод” бўлмаслигининг боиси ҳам шундадир? Ким билади дейсиз?…

 Орзигул ХУДОЁРОВА

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares