ТАРИХСИЗ КЕЛАЖАК БЎЛМАС

«Бирдамлик» сайтида Туркистон озодлиги учун курашган, забардаст олим Боймирза Ҳайитнинг жадидчилик ҳаракати ҳақидаги мақолаларини кўздан кечирарканман, хаёлни хотиралар олиб қочди. Беихтиёр у киши билан боғлиқ воқеалар ёдимга тушди…

… 1992 йили Боймирза Ҳайит  ўз ватанига қайтди. Ҳукумат раҳбарлар-ю мухолифат вакиллари – барчаси  у кишини кутиб олиш учун ҳозирлик кўришга тушиб кетишди. Боймирза Ҳайит ўз туғилган қишлоғи – Уйчи туманидаги Ёрқурғонга келиши арафасида, негадир вазият ўзгарди.  Ёнларида гирдикапалак бўлиб юрган казо-казолар йўқ. Ўзбек халқининг таниқли ҳофизи Дадахон Хасанов ва «Бирлик» фаоли Олимжон Юнусов ташкилотчилигида Боймирза Ҳайитни  халқ карнай-сурнайлар билан кутиб олди. Биз ҳам у кишига уч кун ҳамроҳ бўлдик. Вазият ўзгаргач, маҳаллий хокимият шахсан мени ва биродарларимни Боймирза ота билан учраштирмасликка кўп уринди. Бироқ  биз ҳар куни саҳарда, ҳали кун ёришмасданоқ Ёрқурғон қишлоғида бўлардик. Шундай кунларнинг бирида Дадахон ака «Орқангдан кимларни етаклаб келдинг, ахмоқ» деди мени койиб. Қарасам,  2-3 та  нотаниш одамлар пайдо бўлиб қолибди.  Мен фаҳмламаган эканман. Дадахон акада тажриба бор-да, дарров сезибдилар… Бир куни Боймирза ота билан суҳбатлашиб ўтирсак, у  кишини кўргани бир гуруҳ хўжалик  раислари келиб қолишди. Ўтирганлар Боймирза Ҳайитнинг сўзларига қулоқ тутиб турганида, «Отахон, буларнинг бари коммунистлар. Бугун улар Халқ демократик партияси ниқобига ўралиб олган» дея гап қотдим. Шунда  Боймирза Ҳайит «Агар сизлар жим ўтираверсаларинг, булар ҳали бошқача ниқобга ҳам ўралиб олади» деб қолди. Ҳама жим. Ўртага совуқ скунат тушди… Орадан кўп ўтмай, Боймирза отани ўз ватанидан ҳайдашди. Олмонияда туриб сафар таассуротларини ёзган Боймирза Ҳайит ўзбек зиёлиларга хотинчалишлар деб баҳо берди. Чунки у кишини дабдаба билан кутиб олган зиёлилар вазият ўзгаргач, тўнини тескари кийиб олишганди. 1999 йили мен малака ошириш учун Чехия пойтахти Прагада,  «Озодлик» радиосида бўлдим. Прагадан туриб Боймирза Ҳайитдан интервью олдим. Сўзларини бўлмадим, қанча гапирсалар, ҳаммасини ёзиб олдим. Интервью тугагач,  у киши мендан набиралари, ҳамқишлоқлари ҳақида сўради.Ўзбекистонга қайтганимдан кейин, бир куни Боймирза ота уйимга қўнғироқ қилиб қолди. Набиралари Шуҳратжонга  ёрдам пули юборган экан. Олдими, йўқми, шуни сўради. Шуҳратжонга ўзим ёрдам қилганимни айтиб, Боймирза отанинг кўнгилларини хотиржам қилдим. Юрагим фахрга тўлди. Наҳотки Боймирза Ҳайитдек донишманд инсон  мени эслаб қўнғироқ қилган бўлса? Ҳа, буюклар одатда камтарин бўлишади. Боймирза Ҳайитни ўн мингдан ортиқ китоблари, юзлаб асарлари ҳозир Туркияда сақланмокда. Аслида, бу хазина Ўзбекистонда сақланиши керак эди. Афсуски, бизнинг амалдорларимизга бу хазинанинг кераги йўқ. Аммо шундай кун келадики, Боймирза Ҳайитнинг  асарлар фарзандларимизга хизмат қилади. Бунга ишонгим келади… Мен Боймирза Ҳайит ҳақидаги хотираларимнинг атиги бир қатрасини ҳукмингизга ҳавола этдим, холос. Ота ҳақидаги хотиралар тугамайди. Улар ҳақида ҳали кўп ёзиш ниятим бор, насиб этсин. Боймирза отанинг охиратлари обод бўлсин.                                                                                                                                                                                                                                                            

  Носир   Зокир

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares